15:50 / 12.07.2018
3 316

Давронбек Тожиалиев: «Биздан Бухорийлар қачон чиқади?»

Давронбек Тожиалиев: «Биздан Бухорийлар қачон чиқади?»
Куни кеча Ўзбекистон 24 каналида Халқаро Пресс-клубнинг “Вақф: хайрия маблағлари бошқарувига шаффоф ёндашув” мавзусидаги сессияси тўғридан тўғри эфир орқали олиб берилди. Кўрсатув давомида масъуллар томонидан диний соҳага оид бир қанча масалаларда фикрлар билдирилди.

Жумладан Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасаннинг вояга етмаган болаларнинг илм олиши ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Интернетнинг ўзбек сегментида ўз аудиториясига эга блоггер, ziyouz.com электрон кутубхонаси раҳбари Давронбек Тожиалиев ҳам бу масала юзасидан ўз қарашларини баён этди. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин.

1. Жаноб Нурииймон Абулҳасан болаларнинг масжидга чиқиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, тарихдан мисол келтириб, буюк аждодларимиз "фақатгина диний билимларни эгаллаб, бошқасини керак эмас, дейишмаган", деган фикрни аргумент тарзида келтирди. Бу тўғри. Бу аргументни ҳозирги кунга боғлаш эса - хато. Бугун Ўзбекистонда айнан шу ақидада бўлган, болаларига фақатгина диний илм бериб, масжидга олиб бориб, мактабга умуман бордирмаётган, дунёвий илмни керак эмас, дейдиган ота-оналар борлигига ишонмайман. Бундай мутаассиб оилалар бўлганида, аллақачон йўлини кўрсатиб қўйишган бўларди. Мабодо, сўнгги "эркинликлар шамоли"да бир-иккита шундайи чиққан бўлса, уни бутун бошли жамиятга қарши аргумент сифатида қўллаш мантиққа зид.

2. "Мактаб ёшдаги болаларга энг катта фарзи айн - илм олиш". Буни аҳли илмлар тушунтириб беришса яхши бўларди. Мактаб ёши 7 дан 17-18 ёшгача эканлигини назарда тутсак, катта синфлардаги барча ўғил қизлар балоғатга етган ҳисобланади. Уларга намоз, рўза ва бошқа амалларнинг фарз бўлиши аниқ. Илм олиш намоздан ҳам катта фарз бўлиши мумкинми? Бир фарзни иккинчисидан устун қўйиб бўладими?

3. "Ҳадис мусобақасини ташкил этганимизда болалар машина ютволаман деб, мактаб илмларини ташлаб, ҳадис ёдлашга тушди". Валлоҳи, бу гапга ҳам ишонмадим. Майли, машина ютиб олишни орзу-мақсад қилгани ростдир. Лекин мактабга бормасдан фақатгина шу мусобақага тайёргарлик кўрганига ишониш қийин. Бизда мактабга чиқмаган боланинг ота-онаси жавобгарликка тортилади-ку.

4. "Мактабнинг илмини ташлаб, масжидга боряпти... (илмий) эҳтиёжини масжид домласидан сўролмайди, сўраса ҳам домланинг вақти бўлмайди. Кейин ... ҳужрага боради. У ердан Сурияга борадиган, портлатадиган...". Узр, Ўзбекистонда ҳужралар қолмагани кундек равшан-ку. Ҳужралар таг-туги билан тугатиб бўлинган-ку. Сўнгги 1 йилда масжидга чиққан қайси бола "ҳужра"га кетиб қолибди? Масжид домласи нима учун саволларига жавоб бермаслиги керак? Агар масжидга бормаса, масжид имоми жавоб бера олмаса, қаердан олсин жавобни. Интернет-шайхлариданми?

5. "Одамлар болаларини мода учун масжидга жўнатяпти". Бунга изоҳ ёзишим шарт эмас.

6. "Аждодларимизга муносиб авлод бўлишимиз керак. Фалакиётни, тиббиётни ким эгаллади? Мактабни битириб, вояга етгандан сўнг диний ўқув юртларда ўқийверишсин. Имом Бухорий юртида Имом Бухорийларни тарбиялашимиз керак". Ҳали вояга етмасданоқ, фалакиёт устози Мирзо Улуғбек 8 ёшида, тиббиёт устози ибн Сино 10 ёшида, Имом Бухорий 7 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлишган. Дунё тиббиёти оталаридан Абу Али Ибн Сино ҳам болаларга гўдаклигидан Қуръони Каримни таълим бериш зарурлигини ва бу унинг саломатлигида муҳим аҳамиятга эга эканини айтган. Энди Бухорийнинг авлодлари кел қўй, олдин мактабни битирсин, вояга етсин, сўнг масжидга боради, диний илмни олаверади, деб турсак, қачон Бухорийлар чиқади? Диний академия, марказларимизни номларига қўйган Нақшбандий, Марғилонийлар қачон чиқади? Вояга етганимиздами? Қачон вояга етамиз?!
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давронбек Тожиалиев: «Биздан Бухорийлар қачон чиқади?»

Жамият янгиликлари