06:00 / 26.07.2018
4 551

"Садақа эмас, ишлаб топишим керак"

"Садақа эмас, ишлаб топишим керак"
Қуйида мактублардан бирини келтираман. Сизнинг ҳам бошингиздан ўтган бўлиши мумкин. Ўша ҳолда қандай муомала қилганингизни эслаб кўрарсиз.

Бир неча йил аввал турмуш ўртоғим ва фарзандимни клиникага олиб бориб, чиқишларини кутиб турдим. Машина деразаси тақиллади, қарасам, 20-22 ёшлар чамасида озғин, кийимлари эскириб кетган йигит турибди. Ундан нима гаплигини сўрадим.

– Менга юмушми, ё иш берсангиз!? - деди.

– Нима гап ўзи? - дедим.

– Кечгача бирор меҳнатли иш айтинг, бажариб бераман. Ўн беш минг сўм берсангиз кифоя! Уйга етиб олсам бўлди, - деди. Савол-жавобимизнинг қолгани шу таҳлит давом этди:

– Қаерликсан?

– Сурхондарёлик.

– Бу ерда нима қиляпсан? Нега бу аҳволга тушдинг?

– Мардикорчилик қилиб пул топгани келгандим, афсус бозорда мени сиғдиришмади.

– Қачон келдинг?

– Тўрт кун бўлди. Ҳеч қаерга сиғмагач, вокзалда ётиб юрдим, у ерда ушлаб олишиб, боримни олиб қўйишди.

– Энди нима қилмокчисан?

– Уйга кетмоқчиман, - деди кулиб – Менга тўғри келмас экан. Шу, уйга етиб олиш учун бирор иш бўлса, ўн беш минг сўмга автобусда уйга етиб олардим.

– Нега келдинг? Сизлар тарафда иш йўқми?

– Акам деҳқон, ота-онам кексайиб қолишган. Мен борига сабр қилиб яшаётгандим. Оёғим оғригач, докторлар текшириб, операция зарурлигини ва бунга юз эллик минг сўм керак бўлишини айтишди. Бизда шароит бўлмагани ва қарз сўрашни истамаганим учун, шу пулни Тошкентга келиб ишлаб топаман деб ўйладим. Афсус, насиб қилмади. Майли, энди пешонамдагини кўраман.

Бу гапидан кейин мен унинг оёғига разм солдим. Ўнг оёғи ҳақиқатдан чапига нисбатан жуда ориқ, касалмандлиги ҳам кўзидан кўриниб турарди. Ҳужжатларини сўрадим. Паспортига қарасам, ростдан ҳам Сурхондарёлик. Йигитга менда иш йўқлигини, бир-икки минг сўм беришим мумкинлигини айтдим. У:

– Раҳмат ака, садақа эмас, ишлаб топишим керак. Вақтингизни олганим учун узр, - деб кетиб қолди. Ортидан кузата бошладим. Мендан кейин турган "Нексия"га якинлашди. Машинада бир эркак киши ўтирарди. Йигит ҳайдовчига бир нималар деди. Ҳайдовчи уни эшитиб, ора-чора савол бериб, йигитнинг оёғига бир қараб қўйганидан билдим-ки, ҳудди мен билан бўлган суҳбат у ерда ҳам бўлаётганини тушуниб турардим. У ҳам ҳудди менингдек паспортига кўз югуртириб чиқгач, йигитга қўлини силкитиб, бир нималарни кескин тарзда гапирди. Йигит йиғлаб юборди. Ҳайдовчининг бу ҳаракатини кўриб, у йигитни росмана урушди деб ўйлаб, бироз ранжидим. Кейин мошинасининг тортмасини очиб, йигитга икки таҳлам мингталик (200 минг сўм) олиб берди. Ҳайрон қолдим. Йигит бир нималар демоқчи эди, ҳайдовчи йўл қўймади. Яна кескин гапириб йигитни жўнатиб юборди. Йигит кўзида жиққа ёш, қўлини дуога кўтарганча пулни олиб узоқлашди.

Мен лол бўлиб қараб қолдим. У одамнинг кескин гапларини ўзимча таҳлил қилдим, "менда иш йўқ, лекин, мен сенга икки юз минг сўм бераман, юз эллик мингини даволашга, қолганини йўл киранга ва ота-онангга совға олиб боришга ишлат, зинҳор уйингдагиларга оғирлигинг тушмасин"деган, деб билдим!

Мен эса, йигитга икки минг сўмни ҳам эплаб беролмадим...
Салим АЙЮБИЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Садақа эмас, ишлаб топишим керак"