09:53 / 30.09.2018
4 718

Ўзбекистон прописка тизими бекор қилинмаган оз сонли давлатлардан бири ҳисобланади

Ўзбекистон прописка тизими бекор қилинмаган оз сонли давлатлардан бири ҳисобланади
Прописка тизими бекор бўлмайди, лекин айрим ўзгаришлар киритилади

Ўзбекистон прописка тизими бекор қилинмаган оз сонли давлатлардан бири ҳисобланади. Айниқса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига прописка қилиш бўйича тақиқлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.

1999 йил февраль воқеаларидан кейин Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига бошқа ҳудуддан келиб эркин прописка қилиш чекланди. Вилоятлардан келганлар пойтахтда рўйхатга қўйилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошида тузилган махсус комиссияга зарур ҳужжатларни топшириши зарур ва айнан шу комиссиянинг ижобий хулосасига кўра улар ички ишлар органлари томонидан прописка қилина бошланди.

Ўша пайтда вилоятликларга Тошкент шаҳридан уй сотиб олиш, кейинчалик ҳадя асосида қабул қилиш ҳам тўхтатилди.

Тошкент шаҳрида яшаш ёки ишлаш истагида бўлган бошқа ҳудуд фуқароларига икки йўл қолди: пропискаси бор қариндоши ёки таниши номига уй сотиб олиш, пойтахтга ёндош бўлган Тошкент вилояти туманларига пропискага кириш. 2010 йилдан бошлаб бу имкониятга ҳам барҳам берилди – Тошкент вилоятига пропискага кириш ҳам махсус комиссия хулосасига кўра мумкин бўлди.

2011 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу қонунга кўра, 12 тоифадаги фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятига прописка қилиниш имкониятига эга бўлдилар.

Кейинги 6 йил айрим кичик ўзгаришларни айтмаганда прописка масаласи асосан шу қонун билан тартибга солиб келинди.

Аммо 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида эълон қилинган:

“Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар учун кўчмас мулк сотиб олиш бўйича амалдаги талабларни соддалаштириш;

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган фуқаролар учун асоссиз спекуляциянинг олдини олиш чораларини кўрган ҳолда иккиламчи бозордан кўчмас мулк сотиб олишга бўлган чекловларни бекор қилиш”;

“Вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган фуқароларни ишга қабул қилишга бўлган тақиқ, шунингдек, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинсин”, дейилган бандлар яна прописка масаласини кун тартибига чиқарди ва бу муаммога мунтазам дуч келаётганларда катта умид уйғотди.

Аммо ҳаракатлар стратегиясида эълон қилинган муддат ўтиб бўлди ҳамки тизимда ўзгариш бўлмади. 2018 йилнинг сентябрь ойида бу масала юзасидан бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Уларга кўра эндиликда:

• Доимий пропискага қўйиш учун турар жой, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар, никоҳ тузилганлик, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар нусхаларини нотариал тасдиқлатиш шарт эмас.

• Рўйхатнинг 5-банди бўйича (пропискадаги шахсга уйланган ёки турмушга чиққан) пропискага киришда эр-хотиннинг камида бир йил биргаликда яшаётганлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинди.

• Бундан ташқари, ўзгартириш билан Рўйхатнинг 5-банди бўйича (пропискадаги шахсга уйланган ёки турмушга чиққан) прописка қилинган шахс бир йил ичида никоҳи бекор қилинса, олинган доимий пропискани йўқотиши белгиланди.

• Шунингдек, ташкилот раҳбари илтимосномаси асосида доимий пропискага эга бўлган шахс, худди шундай илтимоснома киритиши мумкин бўлган бошқа ташкилотга ишга ўтган тақдирда, унинг пропискаси бекор қилинмайди. Бунинг учун фуқаро бир ой муддат ичида иш жойидан берилган маълумотни ички ишлар органларига (паспорт столга) тақдим этиши лозим.

• Пропискага кирган шахсларнинг оила аъзоларини пропискага киритиш тартиби ҳам аниқлаштирилди.

• Хусусан, Рўйхатнинг 5-банди асосида (пропискадаги шахсга уйланган ёки турмушга чиққан) прописка қилинадиган фуқароларнинг олдинги никоҳидан ёки никоҳсиз туғилган фарзандлари (ўз оиласига эга бўлмаган) доимий прописка қилинади.

• Худди шундай, Рўйхатнинг 9 – 12-бандлари (республика аҳамиятидаги ташкилотларга ишга кирган, сайланган шахслар) прописка қилинган фуқароларнинг улар билан бир вақтда доимий пропискани расмийлаштирмаган оила аъзоларини (эри, хотини, шунингдек ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) доимий прописка қилиш, турар жой майдони мулкдорининг розилиги билан тегишли равишда амалга оширилади.

• Ўзгартиришларга мувофиқ Рўйхатнинг 2-банди асосида (қариндошлик асосида) прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари (хотини ёки эри, ўз оиласига эга бўлмаган вояга етган болалар ҳамда эр-хотиннинг вояга етмаган болалари бундан мустасно) Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилинмаслиги белгиланди.

Кўпчилик “Рўйхатнинг 5-банди бўйича (пропискадаги шахсга уйланган ёки турмушга чиққан) пропискага киришда эр-хотиннинг камида бир йил биргаликда яшаётганлиги тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинди”, деган янгиликни “Энди эр ёки хотин бир йил ўтишини кутмай бирданига прописка қилиниши мумкин экан”, дея талқин қилди.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фурқат Тожиев бу мавзуга бағишлаб ўтказилган махсус брифингда таъкидлашича, доимий пропискага кириш учун бир йил муддат яшаши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинмаган. Бир йилдан сўнг биргаликдаги никоҳни тасдиқловчи никоҳ гувоҳномасидан ташқари бошқа маълумотномаларни талаб қилиш бекор қилинган.

Айни шу брифингда “Нега бу тизимдан, Тошкент шаҳрида пропискага кириш бўйича чекловдан бутунлай воз кечилмаяпти?” деган саволга Фурқат Тожиев шундай жавоб берди: – Ўтган йилларда пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинишини ҳам кўпчилик кутганди. Мана, бу иш амалга ошмоқда. Демак аста-секин енгиллаштириш чоралари кўрилаверади.
Муаллиф: Аброр Зоҳидов

Манба: Turon24

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон прописка тизими бекор қилинмаган оз сонли давлатлардан бири ҳисобланади