14:48 / 10.10.2018
3 587

Ҳурфикрликни буғишнинг оқибатлари ёхуд Американи кимлар Америка қилган?

Ҳурфикрликни буғишнинг оқибатлари ёхуд Американи кимлар Америка қилган?
Ҳар бир жамиятда турфа тоифалар мавжуд. Бу ўз-ўзидан тушунарли — Яратган Зот ҳаммани турлича яратган. Дунё — ранг-баранг. Мазкур мақола доирасида биз икки тоифа тўғрисида сўз юритамиз.

Биринчи тоифа

Бир тоифа кишилар бор — улар жамиятнинг аксар қисмини ташкил қилади — жамиятда юз бераётган жараёнлар билан унчалик ишлари бўлмайди. Қулай иш жойи, яхши маош, кўп тергамайдиган раҳбар, ҳовли-жой, бола-чақа ташвишлари — мазкур тоифанинг уринишлари, интилишлари ва қизиқишлари доирасини ташкил этади. Ўзлари яшаётган жамиятнинг ҳаёти, муаммолари, мазкур жамиятнинг биноси қандай қурилгани, уни ислоҳ қилиш масалалари — булар ҳақида бу тоифа кишилар ўзларини, ақл ва қалбларини кўп уринтирмайдилар. Бундай кишилар наздида, мазкур «улкан» масалаларнинг ташвишини иқтидори бениҳоя улкан бўлган, «юқорида турган» «кимлардир» қилишлари лозим ва албатта, уларнинг наздида, бу «улкан кишилар» буни олий мақомда қиляптилар ҳам. Ўзларини эса атроф-воқеликда бўлаётган ишлар учун масъул деб билмайдилар.

Табиийки, мазкур дунёқараш бу тоифанинг жамиятда тутган ўрнини ва умуман яратувчанлик иқтидорини мувофиқ равишда белгилайди — жамиятда юз берадиган ҳеч бир ислоҳот уларнинг фаол иштироки билан кўп ҳам озуқаланмайди. Аксинча, ислоҳот эҳтиёжи ўзи айнан шу тоифанинг бефарқлигидан пайдо бўлади, чунки, маълумки, бефарқлик муаммоларнинг келиб чиқиш сабабидир.

Устига-устак, қизиқишлари айрича бўлгани боисидан, бу тоифа кишилар кун тартибида турган ислоҳотлар моҳиятини кўпинча илғамайдилар ҳам, баъзида эса ўзига хос тарзда — бузиб, ўзларига мослаб таъвил қиладилар.

Икинчи тоифа

Шу билан бирга, ҳар бир жамиятда озчиликни ташкил этадиган бошқа бир тоифа бўлади.

Бу тоифа биринчи тоифадан фарқли равишда, оддий тирикчилик ташвишлари билан чеклана олмайди — буни уларнинг табиати кўтармайди. Лўнда қилиб таърифласак, бу кишилар янги фикр ва ғоялар генераторидир. Инсоният пайдо бўлгандан буён мазкур ноёб тоифа тамаддунни олдинга силжитиб келган. Барча ихтиролар, янги фикрий йўналишлар, илм-фан ривожи, бир сўз билан айтганда новациялар шу гуруҳнинг «тинч ўтириш»ни истамаслиги эвазигадир.

Жамият ичида бўлаётган жараёнлар, ўзи яшаб турган шаҳри муаммоларидан тортиб дунёда бўлаётган ҳодисотлар — булар ҳақида бу кишилар ростакамига жон куйдиришади ва ҳар қандай ислоҳотларда бевосита иштирок этишга уринишади.

Аммо бу ерда бир «аммо» бор!

Аммо...

Мазкур тоифа ўта мўрт бўлади. Бу хилдаги инсонлар фақат ва фақат ҳурфикрлик, кенгфикрлик, ошкоралик шароитидагина ўзларини яхши ҳис қилишади. Фикр чекланадиган муҳитда эса ички иқтидорлари рўёбга чиқмагани сабабидан ўзларини ёмон ҳис қилишади. Тор доирадаги ташвишу қизиқишлар билан умр кечиришга рози бўлмагани боис улар бундай шароитда ё маънан «сўниб» қолишади ва ёки бошқа, фикр чекланмайдиган жойларга кетиб қолишади.

Америка феномени

Тарих. Ўрта асрларда Европада ҳолат ўзига хос эди. Дунёқараши турли хурофотлар билан, католик черковининг тоталитар тартиблари билан суғорилган ўша пайтдаги Европа муҳити эрксевар кишилар учун ёмон эди. Ва янги қитъа — Американинг кашф этилиши бу тоифа учун гўё янги ҳаётга очилган дарича, янги имкониятлар маёғи бўлди. Кўҳна Европага сиғмай қолган турфа тоифалар — авантюристлардан тортиб ўзгача ҳаёт ва имкон шайдолари бўлган кишилар бир неча аср давомида океанортига кўчиб ўтишди ва уни ишғол этишди.

Қарангки, ажиб тарихий феноменнинг — тоталитар, зуғум муҳитидан норози бўлиб, ундан қочиб чиққанларнинг иқтидори ила дунёдаги энг қудратли давлат — АҚШ вужудга келди.

Йўқ, биз бу жараённи идеаллаштиришдан йироқмиз, геноцид — маҳаллий ҳиндуларнинг дарё бўлиб оққан қони ва бошқа воқеалар одамларнинг ёдидан чиқмайди. Шу билан биргаликда, айнан янгиликка, ҳурриятга интилувчи тоифа барпо этган давлат пировардида бошқалардан ўзиб кетганига гувоҳмиз.

«Америка орзуси»

Ўз вақтида «Америка орзуси» тушунчаси пайдо бўлди ва дунёнинг барча чеккаларига ёйилди. Бу гўё бир чақириқ эди. «Дунёда бир жой бор, у ерда имкониятларингиз рўёбга чиқади, орзуларингиз ушалади, чунки у ерда эркин бўласиз!» — деган чақириқ эди бу. Бу шунчаки қуруқ ваъда бўлмагани, бундай жой амалда ҳам мавжуд бўлгани боис дунёнинг турли чеккаларидан кўплаб кишилар, табиатида эрксеварлик бўлган инсонлар Америкага йўл олишарди. Бундай «эркинлик истовчилар миграцияси» алал-оқибат Шимолий Америкада иқтидорларни рўёбга чиқариш учун қулай бир муҳитни юзага келтирди.

XX асрга келиб бу жараён янгича сифат олди. АҚШда юзага келган эркин муҳит, мулкий ҳуқуқнинг собитлиги, илм-фан, санъат ва бошқа соҳа намоёндалари учун мамлакатда эркин фаолият юритиш имконияти кўплаб истеъдод эгалари АҚШга кўчиб ўтишига сабаб бўлди. Бу ҳам АҚШнинг салоҳиятини оширди, зеро, бу мамлакат кўплаб истеъдод эгаларини ўзига йиғиб олганди.

Берлускони ютиб чиқди

Бир неча йил аввал Италиянинг ўша пайтдаги раҳбари Сильвио Берлускони ва Россия Федерациясининг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида Медведев мамлакатнинг ерости бойликлари бошқа мамлакатларнинг у билан ҳисоблашишларини тақозо этаётганини эътироф этди. Бунга жавобан Италия бош вазири табассум ила шундай деди: «Италияда табиий бойликлар деярли йўқ, аммо 5 миллион креатив (ижодий) фикрлайдиган тадбиркорлар бор ва бу бизнинг бойлигимиз».

Чинданам у тилга олган бойлик Италия ва бошқа бу каби давлатларнинг ҳақиқий бойлиги бўлиб, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳамда у ердаги аҳоли ҳаёт даражаси бунга яққол далилдир. Энг муҳими — бу бойлик бир кун келиб тугайдиган нефть ва газ кўринишида эмас, балки тирик, ижодкор, ҳур инсонлар кўринишида. Берлускони ҳақ эди ўшанда.

Мулоҳаза ва хулосалар

Ҳурфикрлик бўғилган жойда ўша — янги ғоялар генератори бўлган, цивилизацияни олдинга силжитиб келаётган, атрофга бефарқ бўлмаган тоифа ўзини ёмон ҳис қилади. Бундай шароитда бу кишилар иқтидори рўёбга чиқмагани боис бошқа жойларга кетиш чорасини излайди.

Очиғини айтганда, айнан шу «иррационал» қатлам ўзини яхши ҳис қилган жойда ўша жой, ўша мамлакат ривожланиши, обод бўлиши эҳтимоли ниҳоятда юқорилайди. Аксинча бўлса — аксинча.

Ҳурфикрлик, ошкоралик, яхши ҳуқуқий муҳит — қонунлар олдида барчанинг баробарлиги, мустақил суд тизими, ғоялар татбиқи тақдирини кабинетларда ўтириб кун кечирадиганларнинг иродаси эмас, балки ғоянинг объектив самараси ҳал қиладиган муҳит ва бошқа шунга ўхшаш «асбоб»ларнинг мавжудлиги креатив, ижодкор, жонкуяр қатламнинг потенциали юзага чиқиши учун зарурий омилдир.

Бу омилларсиз жамиятининг, миллатнинг чинакам дўсти бўлмиш бу қатлам ўз она миллатига фойда келтиролмайди, фойдани ўзга жамиятлар — омилларни яратиб қўйиб истеъдодлиларни ўзига чорлайдиганлар кўради. Ватанда эса истеъдодлар қуйи савиядаги тоифа қўлида — ҳуқуқсизлик муҳитида чойчақа топиш дардида юрган турфа мансабдорлар томонидан оёқости қилинади.

Сўнгсўз ўрнида

Кўриниб турибдики, ислоҳотларнинг муваффақияти мамлакатда ҳурфикрлик, ошкоралик, ҳақ-ҳуқуқлар устуворлиги, ўзаро ҳурмат ва эъзоз муҳити юзага келишига боғлиқ экан. Зеро айнан шундай муҳитда фаол, ижодкор, жонкуяр тоифанинг бор иқтидори рўёбга чиқиши, истеъдодлар шу заминга «ёпишиши» ва барча бундан фойда кўриши, фаровонликка эришган юртларга нуқул ҳавас билан қараб ўтирмаслигимиз мумкин бўлади.

Устувор мақсад — приоритетларимизни белгилаб олиш вақти келган.
Шокир Шарипов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳурфикрликни буғишнинг оқибатлари ёхуд Американи кимлар Америка қилган?