date
views 3 911

Олий таълимнинг таназзули миллатнинг қулашидир ёхуд олий таълим вазирига очиқ хат

Олий таълимнинг таназзули миллатнинг қулашидир ёхуд олий таълим вазирига очиқ хат
Жанубий Кореянинг Пусан Чет Тиллар Университети профессори ҳамюртимиз Азамат Акбаров Ўзбекистон олий таълим тизимидаги кузатилаёган таназзул сабаблари ҳақида ўз фикрларни баён қилди.

24 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат олий таълим тизимини даврдан ортда қолган деб атади. У олий таълим муассасалари ва уларнинг профессор-ўқитувчилари халқаро илмий ҳамжамиятда ҳурматга эга эмас ва таълим жараёнига жаҳонда тан олинган олимларни, юқори малакали илмий ходимлар ва ўқитувчиларни жалб қилиш иши йўлга қўйилмаганлигини таъкидлади.

Хорижий мамлакатларда вазирлар содир бўлган кичик камчиликлар, масалан, электр энергияси узатилишининг 20 дақиқага узилиб қолиши, ёки битта ёш бола автобус авариясида ҳалок бўлганлиги учун ҳам истеъфога чиққанларига, яъни барча жавобгарликларни ўз бўйинларига олишларига кўп марта гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Бироқ бизнинг ҳолатимизда сўнгги икки йилда жуда катта имкониятлар очилган бўлса ҳам, олий таълим тизими чуқур ботқоқдалигича қолиб келмоқда. Президентимиз ҳар бир масалага марказий эътибор бериб келаётганлигини кўриб турибмиз ва бир кун келиб бу масалани ҳам кўтариши табиий, демак, шахсан мамлакат президенти бу муаммоларни ўртага ташламагунча, нимани кутиб турибмиз ва нега уларни ҳал қилмаяпмиз? Демак, биз қўшимча вазифалардан қўрқяпмиз, ёки тинчгина ўтириб нафақага чиқишни кутяпмизми, ёки совет давридаги каби юқоридан буйруқларни кутишда давом этяпмизми? Таълим вазирлигидаги одамлар у ерга кеча келмаганлар, улар ўз курсиларида йиллар давомида ўтиришибди, бироқ улар ўзларини бу муаммоларга биринчи марта дуч келаётгандай тумоқдалар. Чет давлатларга сафар қилмоқдалар, амалиёт ўташ, хорижий мамлакатлардан кўплаб юқори мартабали одамларни қабул қилмоқдалар, лекин нима учун ҳалигача таълимга бирор янги нарсани қўшишни бошламадилар экан. Агар бу ишни уддалай олмасалар, ўз ўринларини бошқа дунё кўрган ёш иқтидорли кадларга бўшатишлари лозим. Улар илгари имкони бўлмаганлигини айтиб, ўзларини ҳимоя қилишлари мумкин, аммо сўнгги икки йил мобайнида улар аввал мавжуд бўлмаган кўп имкониятларга эга бўлишди. Демак, айрим одамлар ҳали ҳам эски даврни қўмсаб яшашмоқда, ишда дам олиш билан банд бўлиб, ўзларининг мажбуриятларини уйдирма-ёлғон натижалар билан бажаришмоқда.

Ушбу вазирликда ишламасам-да, ўз ватанимнинг фуқароси сифатида, бир кун келиб мен ва сиз бирга яшайдиган жамиятни барпо қилувчи ёш авлодлар ҳақида ўйлайман. Бир машҳур иқтибосни келтираман: “Ҳар қандай миллатни йўқ қилиб юбориш учун атом бомбалари ёки узоқ масофага учувчи ракеталарни қўллашнинг ҳожати йўқ. Фақатгина таълим сифатини пасайтириш ва ўқувчилар имтиҳонларда алдов усулларини қўллашга рухсат бериш талаб қилинади холос”. Бу йўлда, биз малакасиз авлод яратмоқдамиз ва бунинг яна ачинарлироқ томони эса бунинг учун давлатнинг миллиардлаб пулини сарфлаётганимизда.

Олий таълим вакиллари инновациялар ва янги йўналишлар пайдо бўлганини кузатиб бораётгандир, бундан хабарим йўқ. Шунинг учун, олий таълим тизимини тез вақтда тиклаш ва дастлаб марказий Осиёда ва кейинчалик дунёда ҳам рақобатбардош бўлишга эришиш учун 10 босқичдан иборат ўз йўл харитамни таклиф этмоқдаман.

1. Мамлакатда олий таълимнинг умумий аҳволи

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларнинг ҳисобини доимий равишда амалга оширади деган умиддаман. Қайси ихтисосликларга талаб катта, мактаб, коллеж битирувчилари қайси университетларни кўпроқ афзал кўришади - буларнинг барчаси вазирликнинг диққат-эътиборида бўлиши керак. Бироқ бизнинг вазифамиз битирувчилар сонини ҳисоблаш эмас, балки асосий вазифа олий маълумотни янада оммабопроқ қилишдир.

Табиийки, ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: буни қандай амалга оширса бўлади?

Грантлар сонини кўпайтириш масалага бўлган ечимлардан биридир. Масалан, 2017 йилда Қозоғистонда 2016 йилга нисбатан давлат грантлари сони 10 мингга кўпайди. 2018 йилда ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари туфайли грантлар сони қўшимча 20 мингга кўпайган. Натижада грант танлови бўйича олий ўқув юртида бир талаба ўрни учун 1.4 нафар абитуриентни ташкил этди. Кўриб турганингиздек, давлат мисли кўрилмаган миқдордаги грантларни ажратмоқда. Ўйлайманки, биз ҳам келажакда грантлар сонини қисқартиришмас, балки ошириб боришимиз керак. Давлат ҳар бир грант ўрни учун университетга пул тўланишига кафолат бериши, яъни университет учун ажратилган грант унинг гарданида бепул ўқийдиган талаба бўлиб қолмаслиги керак, ваҳоланки университетлар бепул ўқийдиган талабалар сони кўп бўлишини хоҳлашмайди, уларга кўпроқ шартнома асосида ўқийдиган талабалар керак. Ғарбий Европада ўз фуқаролари учун олий ўқув юртларида таҳсил олиш деярли бепул бўлиб қолди, ҳатто пулли олий ўқув юртларида ҳам ўз фуқароларидан рамзий равишда ҳақ тўланади. Биз фуқароларимиз учун таълим ҳақини оширмаслигимиз, балки кўплаб чет эллик талабаларни жалб этишимиз лозим. Мисол учун, чет эл олий ўқув юртларидан талабаларни Қозоғистон ўқув юртларида ўқиш учун қўчириб келиб қабул қилинганда, фақатгина 2018 йил январь ойида 6 мингдан ортиқ талаба Қозоғистон университетларига ўтишди, булар орасида бизнинг талабаларимиз ҳам талайгина.

Университетларимизни жозиб ҳолга келтириш учун, олийгоҳларимиз раҳбариятининг ишлаш тарзини ўзгартиришимиз керак, хар бирининг ўзгача «монополияси» бор. Баъзан, ишлаётган, кучли, билимли олимларни йўқотишга ҳаракат қилишади. 25-30 ёшли 5та ўқитувчи муаллифлигида 32 бетли бир неча «рисолача», қўлланмалар 2 йиллаб нашр режага кириталадию, амалда бир саҳифа ҳам ёзилмайди. Ишга олинган ёш домлалар бир йилда битта тезис ёзмайди. Қанақа илм ва илмий компетенция хақида гап кетиши мумкин. «Репетиторлик» авжга чиққан, дарс пайтида ўқитувчи талабаларга топшириқ бериб, нариги хонада репетиторликка чопади. Ўқитувчиларни, ёш кадрларни молиявий қарамликдан қутқариш зарур.

2. Олий маълумот олиш осонроқ бўлиши учун нима қилиш лозим?

Бу муаммо ҳар томонлама ва изчиллик билан ёндашувни талаб қилади. Масалан, 2020 йилдан бошлаб, пулли ўқишга кирадиган талабалар кириш имтиҳонларини бир неча марта - январь, март, июнь ва август ойларида топшириш имкониятига эга бўлиши керак. Мисол учун, агар 11-синфдаги талаба январь ойида синовдан ўтса ва қабул қилиш учун белгиланган балл олган бўлса, у дарҳол танланган университетга ҳужжат топшириши ва шартли ўқишга кирган деб ҳисобланиши ва бемалол мактабни тугата олиши мумкин.

Бундай тартиб янгилик эмас – уни Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларда кенг қўллашади. Масалан, уларнинг вакиллари қишга яқин қўшни давлатларга бориб, имтиҳон тестлари ўтказишади ва қабул қилишга етарли баллар олган йигит-қизлар дарҳол Россия олийгоҳларига қабул қилинади.

Агар мактаб ёки коллеж битирувчиси давлат гранти ҳисобига ўқишга имтиҳон топширишни хоҳласа, у августда ўтказиладиган имтиҳон тестларини топшириши лозим Фақат шу имтиҳон тестлари натижалари асосида бепул таълим грантлари конкурс ва тақсимланиши ўтказилади. Январь, март, июнь ойларида имтиҳондан ўтган талабалар фақат пуллик ўқишга кира оладилар.

3. Таълим даврида талабаларнинг қизиқишларига кўра фанларни танлаш

Бу усулни аллақачон жорий қилиш лозимлиги ўз ўзидан аён.

Дунёнинг барча ривожланган мамлакатларида “йўналиш танлаш” ҳафтасини ўтказишда биринчи курс талабалари танлов курсларида рўйхатдан ўтказилади. Ҳар бир олийгоҳда ўз танлаб ўқиладиган фанлар рўйхати бор. Олийгоҳларда фанларнинг рўйхати, уларнинг қисқа таърифи билан келтирилган каталог мавжуд. Талабаларда ўзи учун фан курси, ўқитувчи ва таълимнинг суръатини танлаш имкони бор. Агар талаба жорий семестрда бир варакайига бешта фанни ўзлаштира олмаслигини билса, айтайлик, уч хил фанни танлаб рўйхатдан ўтказади.

«Кредит таълим тизимининг» вазифаси олинадиган билимлар ҳажмини унификация (бир хиллаштириш) қилиш билан бирга, таълимни максимал равишда индивидуаллаштириш ва мустақил ишнинг ўрнини оширишдан ҳам иборат.

Аввал бакалавриат таълим тизими учун 4 йилни ташкил қилган “норматив таълим муддати” тушунчасини бекор қилиш лозим. Бундан кейин талаба ўзи учун неча йил ўқиши лозимлигини ўзи белгиласин. Ушбу билим даражасини олишнинг асосий мезони таълим дастурини ўзлаштириш ва 180 ёки 240 кредит баллари тўплашдан иборат. Бу масала талабанинг танловига боғлиқ – у дастурни беш йил ичида ёки, аксинча, агар қўшимча ёзги ёки қишки сессияларда ўқиса уч йилда ўзлаштира олиши мумкин.

Шунингдек, олий ўқув юртларига талабаларнинг мамлакатнинг бошқа олий ўқув юртларида ўқишлари ва шундан кейин кредитларни қайта ҳисоблаш учун вақт режалаштириш ҳуқуқини берадиган “кредит мобиллиги” ва “ҳаракатланиш бўш даври” тушунчаларини жорий қилиш керак. Афсуски, ҳозиргача бизнинг талабаларимиз мобиллик дастурига кўра бирор жойга бориб ўқиш учун улар бир ёки икки семестр ўқишни ўтказиб юбораётганликлари сабабли академик таътил олишлари керак эди. Уларни рағбатлантириш ўрнига уларни жазолар эдик. Баъзида ҳайрон бўламан, вазирликда жуда кўп мутахассислар бор бўлса-да, аммо ҳеч ким бу муаммога эътибор бермаган, бироқ вазирликда кўплаб университетларнинг вакилларини қабул қилишганига аминман.

4. «Янги давр» ихтисосликларини жорий қилиш

Мамлакатимиз рақамли технологияларнинг фаол босқичини бошлаши лозим, шу сабабли бизга ушбу соҳа мутахассислари жуда ҳам керак. Ҳозирги кунда мамлакатимиз олийгоҳлари олдида «келажак ихтисосликлари» деб номланадиган рўйхатдан янги таълим дастурларини жорий қилиш каби вазифа туриши керак.

«Ақлли smart технологиялар», «Компьютер мехатроникаси», «Катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш», «Киберхавфсизлик», «Криптология», «Рақамли криминалистика», «Маълумотларнинг интеллектуал таҳлили» «Робот техникаси тизимлари», «Дастурий инжиниринг», «Рақамли гуманитаристика» ва бошқа соҳалар бўйича янги таълим дастурлари 2019 йилнинг ўзидаёқ ишлаб чиқилиши ва жорий қилиниши лозим.

Таълим тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш билан университет таълим дастурларини мунтазам янгилаб бориш масаласи, ниҳоят, ҳал этилишини ёдда тутиш керак – эндиликда уларнинг қўллари «очилди» деб айтиш мумкин. Университетларда стандарт ўқув дастурлари мавжуд бўлмаслиги керак. Ўқув дастурларининг камида 80 фоизи – олийгоҳларнинг ўзида тузилиши керак. Агар 2020 йилдан бошлаб чет эллик талабаларни Ўзбекистонга жалб қилмоқчи бўлсак, барча таълим дастурлари 2019 йил охиригача янгиланиши керак.

5. Ўзбекистонда олинган олий маълумот чет элларда тан олинишига эришиш

Европа ҳудудида Ўзбекистонда олинган олий маълумот ва ихтисос натижалари турли сабабларга кўра тан олинмаслигининг бир неча сабаблари мавжуд: мамлакатимиз Болонья декларациясини имзоламаган ва кредит таълим технологияси ҳамда ECTS асосида баҳолаш тизими бизнинг таълим тизимимизда жорий этилмаган.

Университетларимиз Европа намунасида диплом қўшимчасини бермайди (diploma supplement), шунингдек, Европа университетлари билан пассив тарзда икки томонлама (joint degree/dual diploma) таълим жорий қилинмоқда ва академик ҳаракатланиш ҳам пассив тарзда ривожланмоқда - яъни Европа олий ўқув юртларининг Ўзбекистонда олинган таълим кредитлари ва ўқув натижаларини тан олиши жуда қийин бўлади.

6. Мавжуд олий таълим тизимини ўзгартириш

Олий таълим тизимини такомиллаштириш доимий жараён бўлиб, айнан олий таълим вазирлиги ҳозирда фаол бу иш билан шуғулланиши керак. Бугунги кунда асосий вазифа - олий ўқув юртлари, илмий, бошқарув ва молиявий тизимлар учун кенг автономия бериш, шунингдек, таълим сифатини оширишдир.

Шу билан бирга, академик ва бошқарув эркинлигини ошириш университетларнинг масъулиятини оширишни ҳам талаб қилади.

Агар сифат ҳақида гапирадиган бўлсак, дастурларнинг сифатини таъминлаши лозим бўлган бир қатор чора-тадбирлар ҳам мавжуд. Бугунги кунда олий ўқув юртлари учун энг асосий нарса касбий стандартлар ва иш берувчиларнинг талаблари бўлиши керак ва келажакдаги таълим дастурлари улар асосида яратилади. Энди барча мутахассисликлар бўйича янги стандарт дастурларни тасдиқлаш керак, энг муҳими, олий ўқув юртлари дастурларининг ушбу стандарт дастурларга мувофиқлигидир. Шубҳасиз, ушбу дастурлар доимий янгиланиб турилмайди ва бунинг жисмоний жиҳатдан имкони йўқ, уларнинг сифати эса жудаям паст. Олий таълим муассасалари ҳукумат томонидан эмас, балки бозор томонидан шакллантирилган профессионал стандартлар асосида дастурнинг камида 80 фоизини ўзлари ишлаб чиқишлари керак. Олий таълим вазирлиги нима учун бу муаммоларни президентимиз ўзи шахсан танқид қилмагунига қадар жавоб бермаганига ҳайронман. Шунинг учун ҳам бизнинг таълим даражамиз замонавий дунёдан ортда қолган.

7. Талабаларни ўқишдан ҳайдаш керакми?

Яхши ўқийдиган, имтиҳонларни яхши баҳолар билан топширадиган ва ўз билимларини тасдиқлай оладиган талабалар ҳеч нарсадан қўрқишмасаям бўлади. Бироқ, афсуски, бизда талабаларнинг дарсларга келмай юриб ҳам имтиҳон сессияларидан ўтиб юришлари ҳолатлари мисоллари кўп. Буни тан олмаслик нотўғри бўлур эди. Натижада махсус билим олмаган битирувчи диплом олади. Бу анъанага қарши курашиш лозим.

Бундай “мутахассислар” билан курашиш усулларидан бири сифатида, вазирликка “миллий малака тизими”нинг муҳим элементларидан бири бўлган университет дипломини сертификатлашнинг мустақил тизимини тузишни таклиф қиламан. Бундай тизим битирувчиларнинг компетенциясини баҳолашга қаратилган бўлиши керак - шунинг учун ўқув натижаларини ва тайёргарлик даражасини баҳолаш учун диплом олган шахс ишга жойлашишдан олдин сертификатлашни талаб қилинади.

8. Университет дипломларини сертификация қилиш

Ушбу тизим иш берувчиларга ишга кирувчининг ўзи эълон қилган касб ва малака талабларига мувофиқ келиш-келмаслигини тасдиқлаш имконини беради. Яъни, диплом мавжудлиги ишга жойлашиш ҳуқуқини бермайди.

Шу аснода, ушбу тажриба аллақачон муваффақиятли тарзда амалда қўлланилмоқда ва бир қатор мамлакатларда, масалан, Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Норвегия, Туркия, Финляндия, Корея Республикаси каби мамлакатларда амалга оширилмоқда. Масалан, сиз ҳуқуқшунослик ихтисослиги бўлимини тугатишингиз мумкин, аммо бу диплом сизга адвокат бўлиш ҳуқуқини бермайди - адвокат бўлиш учун сиз мустақил ташкилот масалан, адвокатлар коллегияси ёки уюшмаси ўтказадиган махсус имтиҳондан ўтишингиз керак. Ёки аудиторлар учун - аудиторлик дипломи аудиторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бермайди. Бунинг учун аудиторлар уюшмасидан ҳам сертификациядан ўтиш керак. Тиббиёт соҳаси дипломи ҳолатида ҳам худди шундай - тиббиёт олийгоҳидан диплом олганингиз сизга шифокор сифатида ишлаш ҳуқуқини бермайди - бунинг учун сиз махсус имтиҳон топширишингиз керак ва сертификат олганингиздан сўнг, ушбу касбда ҳам ва яна бир қатор йўналишларда ҳам ишлашингиз мумкин.

Бундай тизим бозордан қолоқ олий ўқув юртлари ва дастурларини четлатади – ҳамма ушбу олийгоҳларни битирганлар ўз малакаларини тасдиқлай олмас эканлар, демак ишга жойлаша олмасликларини билишади.

Яна бир чора - давлат намунасида дипломларини бекор қилиш ва ҳар бир олий ўқув юрти ўз дипломларини чиқаришини жорий қилишдан иборат. Диплом ортида давлат эмас, балки муайян олийгоҳнинг номи ва обрўси бўлса, бозор муайян олий ўқув юртининг дипломини баҳолайди. Тегишли сифатни таъминламайдиган олий ўқув юртлари, табиий равишда ёпилиб кетади, чунки бозор дарҳол ёмон сифатга муносабат билдиради.

Ишга жойлашиш мезонини яратиш, бошқа масалалар билан бир қаторда, бозор талаб қилган мутахассисларни тайёрлаш муаммосини ҳам ҳал қилади. Пулли асосда бўлса ҳам, талабаларни қабул қилишдан олдин, олий ўқув юрти раҳбарлари пухта ўйлаб кўришади, чунки агар ишга жойлашишнинг эҳтимоли паст бўлса, ушбу лицензия иловаси бекор қилинади.

9. Ортиқча қоғозбозлик

Бундан ташқари, олий таълимнинг ортиқча тартибга солиш, бюрократик тартиб-қоидалар ва ортиқча қоғозбозлик муаммоси ҳам мавжуд. Бу ўқитувчиларга халақит беради ва сифатга салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчиларнинг турли хил форма ва қоғозларни тўлдиришлари ўқитувчиларни тўлдириши - таълим жараёнини орқага тортади. Университетларда, қоғозбозлик ва калькуляторда қанақадир рақамларни санашнинг ўрнига, ўқитувчилар талабалар учун ўқув талабларини кучайтириш, академик ҳалоллик ва қўчирмачиликка қарши курашни жорий қилиш, дастурларни тузишда мослашувчанлик принципи ва академик мустақиллик, сифатни кафолатлаш ҳақида ўйлашлари лозим.

Жанубий Кореянинг Пусан Чет Тиллар Университети профессори ҳамюртимиз Азамат Акбаров Ўзбекистон олий таълим тизимидаги кузатилаёган таназзул сабаблари ҳақида ўз фикрларни баён қилди. Мақоланинг боши ушбу ҳаволада

10. Мунозарага сабаб бўладиган академик даражалар ва унвонлар

Қуйидаги академик даражалар рўйхати дунё университетлари орасида ўрнатилган иерархик тартибни белгилайди. Агар биз Ўзбекистон таълим тизимининг жозибадорлигини оширишни мақсад қилиб қўйсак, уни рақобатбардош қилиш, халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва қабул қилиш жараёнини тезлаштириш ва замонавий тизимларга риоя қилишимиз керак. Қуйидаги рўйхатлар бутун дунёдаги замонавий университетларга хосдир, шунинг учун бизнинг университетларимиз замонавий дунёдаги ўхшаш чизмаларга амал қилишини таклиф қиламан.


Лекин ҳозирги пайтда бизда жуда мураккаб ва собиқ совет анъанасига хос, жуда ҳам кўп келишмоқчилик келтириб чиқарадиган тизим мавжуд. Тасаввур қилинг, сиз Ғарб мамлакатларидан, Япония, Корея ёки АҚШдан профессорларни таклиф қиласиз. Уларга мос келадиган қайси унвон ёки даражани берасиз? Уларга нисбатан ўтмишдан қолган иборалар ишлатамизми? Ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги академик даражалар ва унвонларни кўриб чиқайлик.

Икки жадвални таққослаб кўриб, яна бир марта бизнинг университетларимиз дунёнинг ҳеч бўлмаганда етакчи 4500 та университетлари рўйхатига нега кирмаганини тушуниш мумкин. Қозоғистон университетларининг 8 таси эса етакчи 1000 жаҳон университетларининг рўйхатига киритилган ва уларнинг 3 таси QS рейтингида жаҳоннинг етакчи 500 университети қаторида. Чунки биз сифатга эмас, балки жараёнга эътибор қаратмоқдамиз. Мен сўнги йилларда Doctor of Science (DS) даражасини олган одамларнинг сонининг аввалги йиллардаги нисбатан фоизи ошиб бораётганлигини сездим, аммо бу университетнинг рейтинги учун «минимум» таъсир кўрсатмоқда ва у жамиятга ҳам «минимум» наф келтирмоқда, чунки кўплаб PhD ёки DS докторлик диссертациялари “янгилик” яратишдан жуда узоқда. Мен PhD ва DS тадқиқотларини бирлаштириб, илмий даражаларга бўлган талабларни кучайтириш ва жорий этишни таклиф қиламан, шундан кейингина олий таълимда янги ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаса, Ғарбдан ёрдам сўрамасдан, бу масалаларни қўшниларимиз қандай усуллар билан ҳал қилаётганларини танласак ҳам бўлади. Ривожланган дунё мамлакатларининг аксарияти, ҳатто Афғонистон ёки Қозоғистон каби қўшниларимиз (2010 йилда) ҳам бу тизимни олий таълим тизимига киритдилар. Бизда доцент ва профессор лавозим тарзда берилиши мумкин, чет элда эса бу унвон. Янада қизиғи, ҳам «таянч докторантура» ҳамда «фан доктори» учун ўқиган шахсга, яьни иккаласига ҳам «докторант» иборасини ишлатамиз, худдики бакалавр ва магистр талабасига «магистр» ибораси билан мурожат қилишликдек. Келинг, ушбу мамлакатлар билан Ўзбекистонни солиштириб кўрайлик, қуйида келтирилган жадвални ўрганиб чиқамиз.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Олий таълимнинг таназзули миллатнинг қулашидир ёхуд олий таълим вазирига очиқ хат