17:53 / 11.02.2019
6 765

Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи: "Сув эшитади, ҳатто ўқий олади..."

Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи: "Сув эшитади, ҳатто ўқий олади..."
Биз табиий ва маиший эҳтиёжларимиз учун ишлатадиган сув хаёлимизга ҳам келмаган мўъжизавий хусусиятларга эга аслида. У тирик организм, эшитиш, ҳаттоки ўқиш хусусиятига эга. “Илғор технологиялар маркази”да бўлиб ўтган “Илм кечалари”да шу ҳақида сўз борди.

Сувнинг аномал хусусиятлари ҳақида тақдимот қилган ёш тадқиқотчи Муродали Маманазаров шунчаки водород ва кислород бирикмасидан иборат бўлган бу табиат унсури ҳақида ҳайратланарли маълумотлар билан таништирди.

«Сув эшита олиши тадқиқотларда тасдиқланган. Оддий музлаган сув ва мусиқа эшиттириб музлатилган сувнинг кристаллари солиштирилганда мусиқа таъсирида музлаган сувнинг кристаллари жуда чиройли ва нафис кўринишга келганини кўриш мумкин.

Сувнинг ўқий олиши ҳақида ҳам қараш мавжуд. Ижобий ва салбий сўзлар ёзилган идишларда музлатилган сувнинг ҳам кристаллари бир-биридан фарқланиши кузатилган. Яъни ижобий, ёқимли сўзларни «ўқиган»​ сувнинг кристаллари чиройли, аниқ симметрик шаклга эга, «сўкиш эшитган» ​ сув эса хунук кўринишга келган.

Иккита бир хил идишдаги сувга гуруч солиб, бирига ёқимли сўзлар, иккинчисига танбеҳнамо сўзлар билан мурожаат қилинганда, «​гап эшитган» сувдаги гуручнинг қорайиб қолганлиги тажрибаларда кузатилган.

Кимёвий нуқтаи назардан, сув 92 даражада суюқланиши, 75 даражада эса қайнаши керак. Аммо биламизки, у 0 даражада музлайди ва 100 даражада қайнайди. Агар сув ҳақиқатда кимё қонунларига бўйсунганида, сайёрамизда суюқ ҳолатдаги сувни учратиб бўлмас эди. Уни фақатгина буғ кўринишда учратган бўлардик.

Сув музлаганда зичлиги камаядиган яона суюқлик ҳисобланади. Аҳамият қаратган бўлсангиз, сувнинг устки юзаси музласа, бу муз чўкмайди, сувнинг юзасида қалқиб туради. Чунки у суюқ ҳолатдаги сувга қараганда енгил. Унинг бу хусусияти эса сув ҳавзаларида совуқ об-ҳавода сувнинг мутлақо музлаб, ундаги ҳайвонот олами зиён кўрмаслигини таъминлайди» ​.

Шунингдек, тадбирда антибиотикларнинг саломатликка таъсири, кариесдан ҳимояланиш учун нималар қилиш кераклиги, аёлларда онкологик касалликларнинг психоэмоционал хусусиятлари ҳақида ҳам чиқишлар қилинди. Доимий равишда ўтказиладиган бу лойиҳанинг мақсади ҳам барча учун керакли мавзуларни оммабоп тарзда тушунтиришдан иборат.

«Чехияда шундай одат бор: одамлар ҳафтанинг келишилган кунида бир жойда йиғилиб, турли мавзуларда чиқишлар, муҳокамалар қилишади. Биз эса бу ғояни сал ўзгартирдик. «Илм кечалари»​ номли лойиҳа доирасида фан ихлосмандлари турли илмий-оммабоп мавзуларда қисқа чиқишлар қилишади, кўнгиллилар келиб бемалол тинглашлари мумкин. Бундан кўзланган асосий мақсад аслида мураккабдек туюладиган илм-фанни оммалаштириш, аҳолига содда тил билан тушунтириб бериш, қизиқарли ва фойдали билимлар омборини яратиш.

Ҳаётимизда турли элементар билимларга тез-тез эҳтиёж сезамиз. Лекин у ҳақидаги ахборот интернетда асосан чет тилларида чиқиб келади. Билимларнинг ўзбек контентини бойитишни режалаштирганмиз», — дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Отабек Жўраев.

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги Mageek Science саҳифасида мазкур лойиҳа кейинги тадбирларининг қачон ўтказилиши, қандай мавзуларда сўз бориши ҳақидаги маълумотлар билан танишиш мумкин. Хоҳ иштирокчи, хоҳ тингловчи бўлиб қатнашиш имконияти барчада мавжуд.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонлик ёш тадқиқотчи: "Сув эшитади, ҳатто ўқий олади..."