Андижон вилоятида қонунга хилоф равишда савдога чиқарилмоқчи бўлган, умумий баҳоси 216,8 миллион сўмдан зиёд бўлган сифати кафолатланмаган дори воситалари фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси, Ички ишлар ҳамда Божхона бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида Г.Б. ва унга шерик шахслар “Tracker” русумли автомашинада Избоскан туманидаги хусусий шифохонага қонунга зид равишда 200 дона “Вокартин” дори воситасини етказишга уринган пайтда ушланган.
Тадбир давомида жами 3 525 дона, 16 турдаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Уларнинг умумий баҳоси 216,8 млн сўмга тенг экани аниқланди.
Аниқланган ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-3-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасадди органлар аҳолини қонуний ва лицензияланган дори воситаларини фақатгина расмий дорихоналар орқали харид қилишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!