18:51 / 17.02.2019
5 886

«Aкфа университети очилармиш» ёхуд одамлар нима хоҳлайди ўзи?

«Aкфа университети очилармиш» ёхуд одамлар нима хоҳлайди ўзи?
Кеча Акфа университети очилиши ҳақидаги хабар тарқалиши билан ижтимоий тармоқлар ҳазил-ҳузулларга, киноя-кесатиқли постларга тўлиб кетди. Қайси саҳифа, қайси каналга кирманг, албатта Акфа компанияси ёки Жаҳонгир Ортиқхўжаев устидан кулишяпти. Мен, тўғриси, одамларимизни тушунмайман. Улар нима хоҳлашади ўзи? Фикрлар хилма-хиллиги яхши, албатта. Лекин танганинг икки томонига ҳам назар солиб кўриш керак.

Энди савол: Акфа университети очилса, нима бўпти? Мен ҳам кўпчилик қатори монополия, ўзбекча айтганда яккаҳокимликнинг ҳар қандай турига қаршиман. Аммо кези келганда халққа манфаат келтирадиган лойиҳалар учун ана шу “яккаҳоким” деб иддао қилинадиган одамларнинг хизматидан фойдаланишга тўғри келса, бунда ҳеч қандай ғайриинсонийликни кўрмаяпман. Чунки кўпчиликнинг манфаати камчиликнинг фойдасидан устун туради.

Мен урғуни “Акфа” компанияси эгаларининг бошқа фаолиятларига эмас, айнан университет масаласига қаратмоқчиман. Ҳеч кимимизга сир эмаски, ҳар қандай давлатда ҳам қудратли ширкатлар, бой-бадавлат корпорациялар иложи борича жамиятнинг ҳар бир қатламига кириб боришга уринади. Ўз бизнесини ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида кўришни истайди. Кимдир халқ учун куйганидан, кимдир соф фойда илинжида. Масалан, Жанубий Кореянинг “Samsung” компаниясини олайлик. Уйингиздаги чангютгичдан тортиб, қўл телефонингизгача “Samsung” деган ёзувга кўзингиз тушади. Хабарингиз бордир-йўқдир, бу компания ҳатто ўз автомобилларини ҳам ишлаб чиқаради ва Жанубий Корея машина бозорида ўзининг салмоқли ўрнига эга. Бундай мисолларни эса кўплаб келтириш мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистонда ҳам бундай ҳодисанинг юз бериши табиий. Айниқса, Акфа компаниясининг таълим соҳасига ҳам сармоя киритишга қарор қилгани - бу қувонарли ҳолат. Сабабини мендан яхши биласиз, мавжуд олий таълим муассасалари халқнинг эҳтиёжини қондириш учун кифоя қилмаяпти. Ёш авлоднинг сафлари кенгайиб боргани сари, улар ўртасида рақобат кучайиб, университетлар етишмаслигидан қанчадан-қанча абитуриентлар ҳар йили кўз ёш тўкади. Давлат эса мажбурликдан чет элдан келадиган ҳар қандай таклифни кўриб чиқяпти. Мақсад битта - хусусий университетлар сонини кўпайтириш ва ўз навбатида жамиятнинг олий таълим учун эҳтиёжини имкон қадар қондириб, турли ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш.

Айнан шунинг учун ҳам юртимизда яна бир олий таълим муассасасининг очилиши, у қайси компанияга тегишли бўлишидан қатъий назар, ўта ҳам қувончли хабар. Ўзбекистонга янгидан-янги хусусий университетлар сув ва ҳаводек зарур бўлиб турган бир пайтда одамларнинг тинмай қилаётган киноя-кесатиқлари эса, оддийроқ қилиб айтганда, инсофдан эмас.
Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Aкфа университети очилармиш» ёхуд одамлар нима хоҳлайди ўзи?