07:30 / 23.02.2019
5 221

Инсон нега исрофга мойил?

Инсон нега исрофга мойил?
Бувим кичиклигимизданоқ “Исроф қилма, вақтингни, еган овқатингни, кийган кийимингни исроф қилма! Кийилмай шкафда тахланиб ётган кийимларинг ҳам исроф”, деб кўп танбеҳ берарди. Биз албатта ёшлигимизга бориб бу нарсаларга эътибор қилмаганмиз. Ҳозирги кунда Аллоҳга шукур ҳамма шароитлар бор. Аммо биз ҳар қадамда исрофга йўл қўётганимизни биламизми?

Маъракалардаги исрофгарчилик
Инсон табиати исрофгарчиликка мойилдир. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Машаққат ва чекловлар эвазига йиллаб йиққан молимизни бир кунлик тўй ёки бошқа орзу-ҳавас йўлида совуриб юборамиз.Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғорда ишлатиладиган ашё ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи туриб бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз. Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилишимизни-ку гапирмасак ҳам бўлади. Тўй-тўйчиқлардаги тоғорабозликлар, сарпо-суруқ устидан жанжаллар булар ҳаммаси жамиятга зарар келтирдиган исрофнинг бир кўринишидир.

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ҳаттоки овқат еганингиздан кейин коса тагини тозалаб қўймаслмик ҳам исрофдир. Бу гапга кимлардир бурнини жийириб, маданиятсизликда айблашга шошилмасин. Чунки ҳамма катта исрофгарчиликлар кичикларидан бошлнади. Ҳамма нарса кичикдан каттага қараб боради. Худдики кичик ирмоқча уммонга бориб қуйилгандек. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни кераксиз қимматбаҳо жиҳозлар билан тўлдириш, шу мақсад йўлида кимлардандир пора олиш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан қувиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишлари эмасми? Ундан кўра 10 нафар етимнинг қорнини тўйдириш ёки бева-бечорага ёрдам бериш сизнинг номаи амалингизга тош босадиган савобни олиб келмайдими? Бир кечалик тўйга фалон отарчига овозини тасмадан қўйиб оғзини қимиллатиб кетгани учун 10 минг доллар тўлайдиганларни исрофгарнинг исрофгари дейиш мумкин.

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» ("Аъроф" сураси, 31-оят).

Тун тушди дегунча шаҳримиз чироқлар нурига чўмилади. Ишга кетиш асносида кўпинча уларнинг кундузи ҳам ёниқ қолаётганига гувоҳ бўламан. Кеч тушиб ишдан қайтаманки чироқлар ўчирилмаган бўлади. Узоқ қишлоқларда милтиллаган нурга интизор ватандошларимиз бўлгани ҳолда бу исрофгарчиликнинг маъноси қандай? Ҳадиси шарифлардан бирида: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилганини эсга олайлик.

Неъматларни исроф қилмайлик
Айниқса, ахлатлар орасида ноннинг ҳам борлиги энди чегарадан чиққанимизни яққол кўрсатади. Бунинг таг замирида эса исроф ҳақида билмаслигимизни, исроф ҳақида ислом динида айтилган ҳадислар ҳақида умуман тушунчага эга эмаслигимизни билдиради.

Уйимиздаги сув бурагичи аллақачон вазифасини ўтаб бўлган, аммо тузатиб қўйишга ҳафсала йўқ. Бир кечада томчилаганда ҳам қанча сув исроф, бир ойда-чи, бир йилда қанча бўлишини ҳисоблаб кўрганимиздами? Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали муаммолардан бири сифатида муҳокама қилинади. Бугунги кунда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига муҳтож бир пайтда тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ҳовлини салқинлатиш учун сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига амин бўлмасдан илож қолмайди.

Энг катта исроф ҳақида ҳали гапирмадик. Бу умр, вақт исрофидир. Туну кун вақт деган неъматни ижтимоий тармоқларда беамқсад, соатлаб гап сотувчилар кўпайди, бунинг оқибатида эзгу ишларга, ибодатга вақтимиз қолмагандек тутами ўзимизни. (Ишлари тармоққа боғлиқ бўлганлар бундан мустасно). Аммо энг бебаҳо ва қайтмас неъъмат умримиз исроф бўлаётганлигини, бирон бир эзгу амалга шошилмаётганимизни ўйлаб кўрмаймиз.

Ривоят
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар».
Саида Рустам қизи

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Инсон нега исрофга мойил?