15:00 / 30.03.2019
3 685

Голливуд ва бахшилар: ғоялар ўғирланганми?

Голливуд ва бахшилар: ғоялар ўғирланганми?
Яқинда режиссёрлардан бири Алпомиш ва Суперменнинг Бойсун адирларидаги жанги ҳақида мультфильм яратиш истаги борлигини айтганда, ўйланиб қолдим ва охири шуям ғоя бўлди-ю, деган фикрга келдим!

Чунки қарама-қарши ғоялар, қарама-қарши образлар, ўзга замонлар, ўзга қадриятлар... Бир қарашда, минг йил бир қозонда қайнасаям қони қўшилмайдиган икки қаҳрамон! Нима, бировнинг соясида жаннатга киришни орзу қилгандай, Суперменнинг шуҳратига Алпомишни шерик қиламизми ёки Алпомиш орқали Суперменни тарғиб этамизми?

Алпомиш миллий қадриятлар, анъаналар, халқнинг ўтмиши, минг йиллар давомида элнинг орзу-умидларидан яралган қаҳрамон.
Уни аллақандай кино қаҳрамони билан таққослаш, ёнма ён қўйиш қанчалик ўринли бўларкин? Лекин Алпомишни кино қилиб, унинг Супермен олдида қанчалар ожизлигиниям кўрсатиб қўйдик-ку! Аслида Алпомиш эмас, ёлчитиб кино ишлолмайдиган бизлар ожизмиз.

Шундай хаёлга борган эдим.
Энди, ўйлаб кўрсам, бу икки образ ўртасида ўхшашликлар кўп экан...

Бугун Ўзбекистонда фольклорнинг бахшичилик йўналишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йилда ушбу йўналишда президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинди. Илгари ҳеч кузатилмаган ҳолат! Миллат илдизларига назар ташламоқда, ўзлигини англаб олиш, миллатни бирлаштириш ва келажакка руҳлантиришда санъатнинг ушбу туридан ҳам фойдаланмоқчи, тарихини улуғламоқчи. Ахир энг ҳаққоний тарих – фақат бадиий асардагина ифодаланади. Бунинг устида бу бадиий асар минглаб йиллар давомида оғиздан оғизга ўтиб, такомиллашиб, ҳар бир авлоддан нимадир олиб, қўшилиб, дарёдай тўлқинланиб келаётган бўлса.

Бахшичилик нима ўзи? Қайдан келиб чиққан, илдизлари қайда?

Бу сўз мўғуллар ва бурятларда устоз, маърифатчи маъносини берган экан. Албатта-да, бахшилар кеч куздан эрта баҳоргача тўйларда, йиғинларда куйлаб, достонлар айтиб, халқнинг маърифатли бўлишига хизмат қилган.

Бироқ бу маърифат элчилари бора-бора жамиятга унчалар ҳам керак бўлмай қолди.

Ўзбекистонда бахшичиликнинг тараққий этишига назар солиб ҳам тараққиётнинг йўналишини белгилаб олиш мумкин. Йўқ, бахшичилик, Ўзбекистонга тараққиёт олиб келмаган. Аксинча, ундан чекиниб борган.

Дейлик, Булунғур бахшичилик мактабининг энг ёрқин намояндаси Фозил Йўлдош ўғли 1955 йилда, Нурота (Қўрғон) мактабининг сўнгги йирик бахшиси Пўлкан шоир 1941 йилда, Шаҳрисабз достончилик мактабининг охирги машҳур вакили Абдулла Нурали ўғли 1957 йилда, Нарпай мактабининг вакили Ислом Назар ўғли 1953 йилда вафот этган. Шеробод достончилигининг энг гуллаган даври ҳам ўтган асрнинг биринчи ярмигача давом этган.

Албатта, бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда бахшилар кўп, ижод қилишмоқда, халқнинг минглаб йиллик меросини кўз қорачиғидай асраб, кейинги авлодга етказиш тадоригида юришибди, лекин бир муддат уларга эътибор сусайгандай эди. Қолаверса, халқ ўртасида ҳам қизиқиш аввалгидай эмас. Телевидение орқали беқасам чопон кийиб, дўмбирасини чертиб, ички овозда ниманидир куйлаётган кишини кўрган ёш томошабин албатта канални ўзгартиради.

Хўш, бахшичилик мактабларининг инқирози сабаблари нимада?

Ҳар қандай замонда ҳам инсон учун маънавий озуқа еб-ичишдан паст ўринда турмаган. Бахшичилик айнан шу – инсон маънавий очлигини қондиришга қаратилган. Бахшилар азалдан достонлар куйлаб, одамларнинг ҳаётига маъно-мазмун киритган. У ўзида ҳам қўшиқчилик, ҳам кино, ҳам театр, ҳам таълим унсурларини мужассам қилган ва шу сабабли тараққий қилган эди. Кейинчалик, китобот, театр, қўшиқчилик ва ниҳоят кино ривож топиб, бу санъат секин-аста иккинчи ўринга тушиб қолди.

Бахшичилик бугун ўзининг дастлабки вазифасини деярли бажармай қўйди. Энди у томоша, кўнгилочар воситаси эмас, айтарли маърифат ҳам улашмайди. У миллатнинг тарихи, ўзига хослиги, тили, урф-одатлари, минглаб йиллар давомидаги орзу-ўйлари, ҳаёт тарзи, қизиқишларини ифода этиб, асраб келаётган воситага айланди.

Бахшичилик таназзулининг яна бир сабаби – бу унинг анчайин қийин санъатлиги.

Бахши нафақат шоир, балки мусиқачи, ашулачи, диктор ва маҳоратли актёр, асосийси, кучли хотира соҳиби бўлиши лозим. Айтишларича, Эргаш Жуманбулбул ўғли қозоқларнинг "Қиз-Жибек" достонини икки марта ўқиб, орадан бир ой ўтгач ёддан айнан айтиб ва ёзиб берган.

Бугун, одамлар ўз миясидан кўра, компьютер хотирасига таяниб қолган даврда минглаб байтли асарларни ёд олиб, айтиш ҳаммагаям анчайин оғирлик қилади. Ҳаммаям бу ишга жонжон деб киришавермайди. Бунинг устига у орқали илгаригидай, рўзғор тебратиб бўлмаса. Дарвоқе, мавриди бўлмаса ҳам айтиш лозим, бахшиликнинг ўз ахлоқий кодекслари бўлган. Улар қатъий амал қилган тартиб-қоидаларнинг бири – улар, бугунги қўшиқчилардан фарқли ўлароқ ҳеч қачон нарх-навони белгилашмаган. "Ҳақ" масаласи ҳал этилиши лозим бўлганда, ўртага белбоғини ташлаб, ташқарига чиқиб кетган экан. Йиғилганлар атаганларини шу белбоққа ташлаб, у қайтгунча тугиб қўйишган. Албатта-да, "менга фалон пул берасан" деб турса, Юнус пари, Мисқол парининг гўзаллиги, Алпомишнинг қаҳрамонликлари, Гўрўғлининг матонати, Ойбарчиннинг ҳасратлари тараннум этилган мисраларнинг таъсири бўлармиди?

Қолаверса, инсониятнинг ҳаётий тажрибаси ҳам ортиб бормоқда. Тобора бир-биримизнинг кўнглимизга етиб боришнинг мақбулроқ, осонроқ усуллари, йўлларини топмоқдамиз. Вақт масаласи ҳам тиғизлашган. Энди ҳеч кимнинг битта достонни икки-уч кунлаб тинглаб ўтиришга хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ. Энди ҳаётни бутун ранг-рўйи, ҳис-ҳаяжони билан кўрсатиб берувчи кинолар бор. Китоблар бас дегунча. Бутун халқ саводхон. Энди бир жойда тўпланиб, бахшини эшитиб, ўз ҳис-ҳаяжонларингни, туйғуларингни бошқаларга намоён этиш шарт эмас. Ёлғиз ўтириб, китоб ўқиб, кино томоша қилиб, ашула эшитиб шу маънавий озуқани олиш мумкин.

Энди халқ достонлари бизга халқнинг минглаб йиллик ўтмиш ҳасратлари, дардларини англаш, миллатнинг тарихини билиш учун керак, холос.

Чунки, халқ достонлари инсонларнинг орзу-ўйлари, мақсадлари, хаёлларини ўзида мужассам қилган. Илгари, ҳар қандай ҳолатни қоғозга тушириб, сақлаб қолиш имкони бўлмаган даврда халқ тарихини унутмасликниг асосий воситаси инсонлар онги эди.

Эътироз бўлиши мумкин – қанақа тарих? Бу эртак-ку! Ҳаммаёқ ваҳима, гротеск!

Дейлик:
Олтмиш қарич олачадан қалпоғи,
Тўқсон қўйнинг терисидан телпаги,
Тўрт юз тўқсон қулоч қўлда ҳассаси,
Сарҳовуздан катта эди косаси,
Шуни билан ўн саккизта нашаси,
Тўқсон қари бўздан бўлган киссаси.

Хуллас, ҳаммаёқ эртак!

Аслида эса бирон ҳолатни, ҳодисани асраб қолиш учун мана шунақа ваҳималар зарур. Бугун ҳар қандай ахборот ярим кунда эскириб қолаётган бўлса, илгари ҳам нари борса, бир-икки йилда унутилган. Воқеани ёддан чиқармаслик учун эса ҳар бир авлод унинг ёнига ўзидан озроқ "қўшиб" бормоғи лозим. Худди Самарқанд шаҳридаги Дониёр пайғамбарнинг қабрига ўхшаб-да. Айтишларича ушбу қабрга ҳам ҳар юз йилда бир метр қўшиб қўйилар экан. Мақсад – тобора узоқлашиб бораётган вақтдан туриб қараган одам ҳам уни кўра олсин! Узоқдаги нарсани кўриш учун у улкан бўлиши лозим-да.

Достонлар бизга маълумотларни мана шундай, маҳобатли кўринишда етказади. Улар орасидан ҳақиқатни илғаб олиш учун эса катта ақл соҳиби бўлиш шарт эмас.

Дарвоқе, Хоразм бахшичилик мактаби нима бўлишидан қатъий назар бугун ҳам байроқни имкон қадар ушлаб турибди. Сабаби ифода услубида бўлса керак. Уларда Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, қолаверса қўшни давлатлар бахшилариникидек сўз, ҳолат ва воқеа биринчи ўринга қўйилмайди. Балки уларда мусиқа етакчилик қилади. Ташқи овозда куйланади. Хоразм достончлигида ишқ-муҳаббат мавзуси етакчилик қилади. Бадиий адабиётнинг умрбоқий мавзусини эса биламиз: ўлим ва муҳаббат!

Бугун, АҚШнинг кино саноати тандирдан узилаётган иссиқ нонлардайин киномаҳсулотларни бозорга пешма-пеш етказаётган бир даврда халқ достончилигининг яшаб кетиши шубҳа остида. Буни фақат давлат томонидан эътибор орқали сақлаб қолиш мумкин.

Лекин нима бўлишидан қатъий назар халқ достонлари, бахшиларнинг куй-қўшиқлари оҳанги миллатнинг қон-қонига сингиб кетган. У бир кун эмас бир кун барибир бўй кўрсатади.

Дейлик, Комилжон Отаниёзов ва Ҳосила Рахимованинг халқ достонлари, бахшиларнинг термаларидан айтилган қўшиқлари бекорга оммалашмаган. Ғарб оҳангига йўрғалаб кетаётган қўшиқчилар шунга эътибор қаратса, термалардан, уларнинг оҳангида айтиб кўрса, натижасини дарров сезилган бўлармиди?!

Аслида Спайдермен ҳам, Супермен ҳам, Голливуднинг фантастик куч-қудратга эга бошқа қаҳрамонлари ҳам Гўрўғли, Алпомиш ва Рустам каби халқлар минглаб йиллар давомида шакллантириб, яратган образлардан олинган. Дарвоқе, "Тўқсон қўйнинг терисидан телпаги" деган мисралар Халққа нисбатан ҳам бемалол қўлланилиши мумкин. Қайси замонда, даврда, маконда яшашидан қатъий назар инсонга идеаллар керак, қаҳрамонлар керак эканда!

Аянчлиси, мультфильм ишлаб, Алпомишни ғолиб кўрсатиш мумкиндир, лекин у жангни Голливуд қаҳрамонларига бой бераётгани рост. Лекин бу ҳали уруш бой берилди дегани эмас. Минг йиллик қаҳрамонлар шунчалик осон енгилмайди!

Ачинарлиси, бир пайтлар халқ оғзаки ижодини секин-аста саҳнадан сиқиб чиқарган қоғоз китобни ҳам худди шу тақдир кутаётгани.

Воситалар ўзгармоқда!

Манба: Sputnik

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Голливуд ва бахшилар: ғоялар ўғирланганми?