
Давлат раҳбарига тақдимот қилинган “Ечимлар атласи” нафақат шаҳарсозлик соҳасида, балки умумий ҳаёт сифатини оширишда ҳам янги босқични бошлаб бериши мумкин. Тошкент ва Янги Тошкентнинг келажак қиёфаси, унинг меъморий услуби, йўллар ва инфратузилма қандай бўлиши кераклиги энди аниқ ва тизимли асосга эга.
Маълумки, пойтахт мамлакат тараққиётининг юраги саналади. Янги Тошкент қурилиши эса унинг узвий давоми сифатида, жадал суръатда барпо этилмоқда. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси тасдиқланди. Бу ҳужжатда қурилиш, муҳандислик тармоқлари, транспорт тизими ва муҳофаза ҳудудлари қаторида барча асосий йўналишлар қамраб олинган.
Мазкур режанинг мантиқий давоми сифатида ишлаб чиқилган “Ечимлар атласи” — бу қурилишдаги тартиб ва мувофиқликни таъминловчи амалий қўлланма. У бешта алоҳида китобдан иборат бўлиб, кўчалар муҳити, бинолар ташқи кўриниши, жамоат жойлари, ободонлаштириш тартиблари бўйича аниқ мезонлар ва тавсияларни ўз ичига олади.
Эътиборлиси, янги ёндашувда йўлни қуриш фақат “қизил чизиқ” ичида эмас, балки бинодан биногача бўлган ҳудудни қамраб олиши назарда тутилган. Бу орқали йўл бўйларида ҳеч қандай ташлаб қўйилган, назоратсиз жой қолмайди, ҳамма нарса уйғун ва яхлит ҳолда ободонлаштирилади. Бу — ривожланган мамлакатлар тажрибасидан олинган инновацион ёндашув.
Атласда миллий урф-одатлар ва экологик мезонлар ҳам инобатга олинган. Барқарор ривожланиш тамойиллари асосида тузилган мазкур ҳужжат фақат қурилиш эмас, балки аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Тақдимот чоғида давлат раҳбари ушбу ечимлар ижроси орқали шаҳар эстетикасини ошириш, жамоат жойларини мақсадли ташкил этиш, турмуш маданиятини юқори босқичга кўтариш кераклигини таъкидлади. Йўл бўйларидаги муҳит, биноларнинг ташқи кўриниши, жамоат инфратузилмаси — буларнинг барчаси одамлар ҳаётининг узвий қисми бўлиши кераклиги айтилди.
Кўзланган натижа аниқ: Тошкент нафақат иқтисодий марказ, балки инсонпарвар, қулай ва замонавий мегаполисга айланиши керак. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар