Ўзбекнинг андишаси

  • 01 апрель 2019, 13:43
  • 1 108
  • Жамият
  • Ўзбекнинг андишаси
    Коллаж: «Xabar.uz»
    Ёки иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир.

    Яқинда ижтимоий тармоқларда қизиқчи аёлларимиздан бирининг инстаграм тармоғи орқали ўз ўқувчилари билан мулоқоти яхшигина баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди. Ёки турк актёри Бурак Ўзчивитнинг Тошкентга келиши ва у билан суратга тушишга ошиққан қизлар танқидга учради. «Браво» жамоаси охирги чиқиши сабаб лицензиясидан мосуво бўлди. Хўш, бундай ҳолатларни нима учун тезда танқид остига оламиз? Ахир, хорижда «Браво» жамоасидек қизиқчилар саҳнада хоҳлаган кўйга тушиши мумкин.

    Бурак Ўзчивитдек машҳур инсонларнинг фанатлари ҳар доим бўлган ва бу табиий ҳол деб қаралади. Айнан турк актёри билан суратга тушган қизлар ижтимоий тармоқларда танқидга олинганда, «нега тирноқ остидан кир қидирасизлар, ахир бу фанатлик холос», дейдиганлар кўп бўлгани бежиз эмас. Ўзбекнинг АНДИША отлиқ хулқий гўзаллиги бор экан, юқоридагидек ҳолатларни ҳазм қилиши қийин. Ҳа, андиша орқали ўзбекнинг ички маданияти намоён, десак муболаға қилмаган бўламиз.

    «Мен уяляпманми, демак, мавжудман, нафақат жисман, балки ахлоқан ҳам мавжудман, — мен ўз ҳайвонийлигимдан уяляпманми, демак, мен ҳали ҳам одам сифатида мавжудман», деган эди донишмандларимиздан бири. «Биз ҳозир андишанинг бандаси, ўғлим... бизнинг оиладан лабзсизлик чиқиши менга маъқул кўринмайдир». Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» асарини ўқиш жараёнида, «андиша», «ор-номус», «уят» сўзларига қайта-қайта дуч келамиз. Аслида асарнинг бадиий қиммати ҳам шунда. Асар ўзбекнинг андишаси, халқимизнинг гўзал одоб-ахлоқи маҳорат билан тасвирлангани учун ҳам барчага бирдек ёқади.

    Ҳатто рақиби билан ҳам одоб чегарасидан чиқмай муомала қилган асар қаҳрамонлари ҳамон бизни тарбияламоқда, десак янглишмаймиз. Ҳар гал «Ўткан кунлар»ни қўлга олганимда қаҳрамонларнинг андиша билан бош эгиб туришлари, уятдан қизарган юзлари, ҳаё билан боққан кўзлари гавдаланади. Ва беихтиёр Абдулла Авлонийнинг мана бу гаплари хаёлимдан ўтади: «Ҳаё, дилни равшан қиладурган бир нурдирки, инсон ҳар вақт шул маънавий нурнинг зиёсига муҳтождир. Иффатнинг пардаси, виждоннинг ниқоби ҳаёдир».
    ***
    Аммо ҳар қандай қабиҳ ишни қилиб заррача уялмаётган, андиша қилмаётган, бошини баланд кўтариб яшаётган кимсаларнинг орамизда борлиги ачинарли. Чунки қилган хатосидан заррача пушаймон емаган орсиз одам хато устига хато, ёмонлик устига ёмонлик қилаверади. Том маънода андишасизлик инсонни энг қабиҳ йўлларга бошлайди.

    Яқинда бир аёл таҳририятимизга мурожаат қилиб, ногирон боласининг уч ойлик нафақасини ололмаганини айтди. Ҳатто ушбу масала бўйича мутасаддиларга шикоят хати ҳам ёзади. Афсуски, бу мурожаати жавобсиз қолади. Тасаввур қилиб кўринга, тўрт нафар фарзанднинг онаси- ёлғиз аёлнинг аҳволини. Шу пулга қараб қолган, аёлни қақшатиб пулини еб кетиш учун одам қанчалар андишасиз бўлиши керак. Адибимиз Абдулла Қаҳҳор ҳам ўз замонида андиша ва ҳаё-ибо ҳақида шундай мулоҳаза қилган: «Уят фақат инсонга хос туйғудир. Ҳайвон уят пайдо қилолмагани учун инсонга яқинлашолмайди, аммо инсон уятини йўқотиб ҳайвонга яқинлашиб қолиши мумкин».

    Баъзида санъаткорларнинг турмуш қураётгани ҳақида шов-шувли мақолаларни ўқиймиз ва ҳеч қанча ўтмай яна ажрашаётгани ҳақида шов-шувли хабарларнинг гувоҳи бўламиз – кечагина оқ либосда ял-ял ёниб, нақадар бахтли эканлигини матбуот орқали намойиш қилган санъаткор бугун икки боласи билан эридан ажрашганини беистиҳола маълум қилмоқда. Энг ачинарлиси, иккинчи турмушини ҳам юқоридагидек кўз-кўзлашдан андиша қилмагани. Аммо андишали, ҳаё-иболи аёллар борки, аввало, турмуши бузилганини элга билдиришнинг ўзини уят ҳисоблайди.

    Таниқли файласуф Абдулла Шер ҳаёга шундай таъриф беради: «Ҳаёлилик – хулқий гўзалликнинг асосий белгиларидан ҳисобланади. У, гарчанд, бир қарашда, уят ҳисси билан ўхшаш бўлса-да, аслида ўзини кўпроқ андиша ва ибога яқин фазилат тарзида намоён қилади, унда ахлоқий моҳият эстетик хусусият – нафосат билан уйғунлашиб кетади. Ҳаёдан одатда, инсон қизаради, бу қизариш, айниқса, хотин-қизларда ички гўзалликнинг юзга тепчиб чиқишига сабаб бўлади ва алоҳида бир нафисликни, майинликни вужудга келтиради...»

    Хориж каналида ҳали йигирмага ҳам чиқмаган ёш аёлнинг оилали уч нафар эркакдан уч нафар фарзанди борлигини кўрсатишди. Мени таажжублантиргани турмуш қурмай фарзанд кўрган аёлнинг оталар болалардан хабар олмаётгани учун ижтимоий ташкилотларга арз қилгани бўлди. Кўрсатувга болаларнинг оталари, психолог ва бошқа мутахассисларни таклиф қилишган. Уларнинг барчаси оталарни айблашдан нарига ўтмади: руҳшунослар аёлга далда беряпти, ҳуқуқшунослар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишни ўргатяпти, ижтимоий ташкилотлар биз қўлимиздан келганча ёрдам берамиз, дейишяпти.

    Аммо ҳеч ким аёлга нега оила қурмагансан, нега оилали эркакларнинг бошини айлантиргансан, деган саволни бермади. Энг ажабланарлиси, аёл бу қилмишидан заррача уялмаётгани, бошини баланд кўтариб, дадил-дадил гапираётгани. Ҳусайн Воиз Кошифий айтадилар: «Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқ бўлса ҳеч кимда виждон ҳам қолмайди. У ҳолда дунёда тартиб бузилади. Кишилар бир-бирига бефарқ қарайдиган бўладилар».

    Агар бизнинг юртимизда ўзбек оиласи билан шундай воқеа содир бўлса илк эътибор берадиганимиз ва бизни таажжублантирадигани аёлнинг ахлоқсизлиги бўларди. Ва шундай воқеа содир қилган «ҳаёсиз» ҳисобланган аёл энг бўлмаганда телевидение – омма олдига чиқишга андиша қилади.

    Уят бўлади. Мана шу биргина «уят бўлади», деган иборани қулоғига қуйиб вояга етган ҳар бир инсон қанчадан-қанча ёмонликлардан ўзини тияди. Юқоридаги воқеаларга доимо танқидий кўз билан қарайдиган яхшиям ўзбекнинг ҳаёси бор, яхшиям халқимизда «одамлар нима деркин?», деган андиша бор. Агар ўзбек бор бойлиги – андишасини йўқотиб қўйса нима бўлишини тасаввур қиляпсизми? Йўқ, йўқ тасаввурга эрк берманг – АНДИША қилинг. Иброҳим Ғафуров айтганидек, ҳаё халоскор, у инсонни разолатдан қутқарувчи катта кучдир.

    Манба: Xabar.uz

    » » Ўзбекнинг андишаси