00:30 / 03.04.2019
3 543

Пул жодуси: "қора бозор"нинг "касофати" кимга уради?

Пул жодуси: "қора бозор"нинг "касофати" кимга уради?
Пул жодуси — бугун оилалар парчаланиши, ака-укалар ўртасига совуқчилик тушишига сабаб бўлаётир, яна кимларнидир жиноят йўлига бошламоқда. Афсуски, минглаб ҳаётий мисоллар баъзиларга тегишли хулоса чиқариш, тўғри йўлни танлаш учун кифоя қилмаяпти. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хонқа тумани судида кўриб чиқилган иш мисолида бунга яна бир бор амин бўлдик.

«Учкўприк» маҳалласида яшовчи Руслан Ниёзов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шу жоду алдовига учганлардан. Маълумоти олий, олти нафар фарзанднинг отаси ўзига берилган улуғ неъмат — ҳаётини сариқ чақага ҳам баҳоламади. Осон йўл билан ноқонуний даромад орттиришни мақсад қилган бу кимсага ҳамтовоқлар ҳам тезда топила қолди. Меҳнатга ёв бермайдиган Эшмат Тошев у билан жиноий тил бириктирди.

Тез орада «ўлжа» ҳам ўз оёғи билан келди. Русланга ҳамкасби Дилшод бир таниши уй сотиб олгани, пулни тўлаш учун 8 минг 200 АҚШ долларини сўмга айлантирмоқчи эканини айтиб қолди. «Олтин балиқ»ни қўлдан чиқаришни истамаган Руслан бу масалани зумда ҳал қилиб беришини таъкидлаб, дўсти Отабекдан 70 миллион сўм қарз олди ҳамда Эшмат билан айтилган жойга етиб борди. Бироқ «ишбилармонлар»нинг савдоси ўхшамади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида валютафурушлар воқеа жойида қўлга олинди.

— Ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар, — дейди Хонқа тумани суди раиси М. Қиличев. — Боиси ноқонуний хатти-ҳаракат у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, бошқа бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади. Суд юқоридаги ҳолатни тўлиқ ўрганиб, унинг иштирокчиларини айбли деб топди. Уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, энг кам ойлик иш хақининг 20 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Далилий ашё сифатида олинган 67 миллион 977 минг сўм пул давлат тасарруфига ўтказилди.

Қилмиш — қидирмиш
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси берган маълумотларга кўра, 2018 йилда вал­ютани қонунга ҳилоф равишда муомалага киритиш бўйича 161 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Шу асосда 71 та жиноий ва 140 та маъмурий иш қўзғатилган.

Тили куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, дейдилар. Аммо бу ибора маъносини тушунмаган, боши деворга тегса-да, қайта-қайта хатога йўл қўяётганлар ҳам бор. Биров қилган хатодан тегишли хулоса чиқармаётганларнинг югургани эса сомонхонагача бўлмоқда. Жорий йилда ҳам бир нечта шахс «қора бозор»нинг касофатига учради. Жумладан, Ж.Саломов хонадонида 11 минг 450 АҚШ долларини 64 миллион 812 минг сўмга, Н.Самадов ва О.Одамбоев «Урганч буюм бозори» савдо комплекси ҳудудида 7 минг 900 АҚШ долларини 67 миллион сўмга ноқонуний алмаштираётган вақтида қўлга олинди. Шуни айтсалар керак-да, қилмиш — қидирмиш деб.
Садоқат МАХСУМОВА

Maнба: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пул жодуси: "қора бозор"нинг "касофати" кимга уради?