
Россияда оилавий муносабатлар борасида янги баҳсларга сабаб бўлган таклиф муҳокама қилинмоқда. Брянск вилоят думасидаги “Ягона Россия” депутати Михаил Иванов мамлакатда ажрашган фуқароларни 40 минг рубль миқдорида жаримага тортишни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Депутат мазкур ташаббусни Бутунжаҳон рус халқи кенгаши сессиясида ёритар экан, никоҳ тузаётганларга 20 минг рубль тўлов жорий этишни ҳам таклиф қилди. Унинг фикрича, ажралиш жаримаси тартибсиз бюджетни “мувозанатловчи омил” сифатида қўллаб-қувватлаши мумкин.
Иванов қўшимча қилиб, қонунчиликка “оналик ва болаликни обрўсизлантириш”ни тақиқловчи норма киритиш лозимлигини таъкидлаб, ортиқча эркинликка чек қўйишни таклиф этди.
Мавзу федерал миқёсда ҳам қизғин муҳокамада. Яқинда Давлат думасида ажрашган ота-оналарни болани биргаликда тарбиялашга мажбурловчи қонун лойиҳаси тақдим этилган. Унда келишувга эриша олмаган ҳолларда тарбиялаш тартибини суд белгилаб бериши таклиф қилинган.
Россияда ажралишлар статистикаси ҳам эътиборга молик. Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, мамлакат ажралишлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда: ҳар ўнта никоҳдан саккизи ажрашув билан якунланади. 2023 йилда 683 мингга яқин, 2024 йилда эса 644 минг ажралиш рўйхатга олинган. Шу билан бирга никоҳ тузишлар сони ҳам пасайган.
2025 йилдан белгиланган расмий тўлов 650 рублдан 5000 рублгача оширилган бўлиб, расмийлар буни “рус оилаларини мустаҳкамлаш чораси” деб атаган.
Сўровномаларга кўра, россияликларнинг 33 фоизи ажрашиш сабаби сифатида молиявий қийналишларни, 15 фоизи тушунмасликни, 14 фоизи эса хиёнат ва рашкни кўрсатган. Психологлар мамлакатдаги умумий ноаниқлик ва хавотир муҳити ҳам никоҳ барқарорлигига таъсир қилаётганини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.