
Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий, манавий-маърифий соҳаларидаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббусларини амалиётга тадбиқ этишга мақсадида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида бўлиб ўтган тадбир 5 та ташаббуснинг Оҳангарон шаҳар тажрибаси деб номланди. Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси ва Оҳангарон шаҳри ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир чинакам ёшлар байрамига айланиб кетди.
5 та йўналишга бўлинган ушбу тадбирнинг илк манзили Оҳангарон шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби бўлди. Бу ерда биринчи ташаббус - ёшларни мусиқа, рассомчилик, рақс ва санъатнинг бошқа турлари билан шуғулланишларини таъминлаш мақсадида “Санъат фестивали” ташкил этилди. Мазкур фестивалда 1000 нафарга яқин ёшлар фаол иштирок этдилар.

- Бундай фестивалларнинг ташкил этилиши ёшларнинг яширин қобилиятларини юзага чиқаришда туртки бўлмоқда. Тўғриси, қизимнинг санъатга бўлган қобилиятидан хабарим йўқ эди, бугун фарзандим ва унинг тенгдошлари томонидан саҳнада намойиш этилган ижодий ишларни кўриб, кўзларим қувонди. Албатта қизимни мусиқа тўгаракларига олиб бораман, -дейди Розия Қурбонова.


Иккинчи ташаббус - ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларни спортга бўлган қизиқишларини орттиришга қаратилган спорт мусобақалари “Санъат фестивали” га уланиб кетди. Тадбир доирасида замонавий футбол майдонининг ёшлар ихтиёрига топширилганлиги ўқувчилар учун кутилмаган совға бўлди.



Ахборот коммуникацион технологиясига қизиққан ёшлар учун Оҳангарон шаҳрининг Баркамол авлод болалар ижодиёт марказида компьютер саводхонлигидан маҳорат дарслари олиб борилганлиги учинчи ташаббус ижросини таъминлашга қаратилди. Маҳорат дарсларида компьютер технологиялари ва интернетдан фойдаланиш этикаси ҳақида тушунтиришлар берилди.

Тўртинчи ташаббус - Ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ва Оҳангарон шаҳар ҳокими томонидан фестивал иштирокчиларига 100 дан ортиқ жаҳон ва ўзбек адабиёти намуналаридан совға қилинганлиги иштирокчилар учун унутилмас воқеа бўлди.
- Таҳлилларга эътибор берсак, ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти бекор қолган ёшлар томонидан содир этилаётганлигини кўрсатмоқда. Шу боис уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдик—дейди, Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдужалил Қурбонов.
Бешинчи ташаббус - хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир оилага уйма-уй юриш орқали ишсиз хотин-қизлар аниқланиб уларнинг рўйхати шакллантирилди. Жорий йилнинг бугунги кун ҳолатига кўра оғир турмуш шароитида яшаётган 243 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Мутахассислиги бўлмаган хотин-қизлар “Лимакс” корхонасига ишга жойлаштирилдилар.
Шунингдек, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 4 нафар ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий аҳволда яшаётган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган муҳтож оилалар уй-жой билан таъминланди. Жумладан, тадбир давомида 2-гуруҳ ногирони бўлган Васила Нурумбетовага Оҳангарон шаҳар Янгилик МФЙ 50-а муюлиш, 1-уй, 7-хонадондан, 2 хонали уйнинг калити тантанали равишда топширилди.
- Севинчимни сўз билан ифодалаб бера олмайман, - дейди Васила Нурумбетова. Шу пайтгача битта уйда 3 та оила истиқомат қилиб келар эдик. Яшаш шароитимиз ҳам анча қийин эди, бугун бизга берилган замонавий хонадонда ҳамма қулайликлар борлигини кўриб кўзларимга ёш келди. Мана шундай имкониятни тақдим этган ташкилотчиларга раҳмат.
Мухтасар айтганда, мутасадди ташкилотлар томонидан бешта муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган эзгу ишлар ҳали узоқ давом этади.
Тошкент вилояти ДСБ ахборот хизмати
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар