20:00 / 01.05.2019
2 990

Мактабларда электрон баҳолашга ўтишдаги беш тўсиқ

Мактабларда электрон баҳолашга ўтишдаги беш тўсиқ
Фото: ЎзА
«Дарё» колумнисти Евгений Скляревский Ўзбекистон мактабларида жорий этилиши кутилаётган «Кундалик» тизими хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради.

Смартфонлар пайдо бўлишидан 15 йиллар олдин бир семинарда эстон миллатига мансуб бир маърузачи уларда аллақачон электрон кундалик жорий қилингани натижасида ўғлининг барча фанлардан баҳоларини телефон орқали кўриб, билиб туриши мумкинлигини айтган эди. Бу бизга ўша кезларда мўъжизадай кўринганди. Интернетга кириш имкони эса ҳаммада ҳам мавжуд эмасди. Ўшандан бери электрон кундаликлар ҳақида тез-тез гапириладиган, биз орқада қолаётганимиз ва бу соҳадаги ечимлар ҳақида бот-бот айтиладиган бўлди.

Ҳозир Тошкентда ота-оналарни баҳо ва давомат ҳақида бохабар қиладиган ускумаларни ўрнатиб берадиган бир қатор компаниялар иш олиб бормоқда. Хизматлар пуллик бўлиб, соҳада ўсиш кузатилаётгани йўқ. Айни пайтда мактабларда эскича — баҳоларнинг синф журнали, кундалик ва ўқувчи табелларига қўйилиши давом этмоқда. Чорак якунлари бўйича ота-оналар мажлиси бўлади, ота-оналар қўмитаси мавжуд ва давомат ва хулқ-атвор борасида мажлисларда шикоятлар ҳам бўлиб туради.

Тўғри, ўсиш ҳам бор. Ҳозирда мураккаб масалани ҳал этишда Telegram-гуруҳлар ёрдамида ҳам мактаб ва ота-оналар алоқа қилмоқда, аммо бу етарли эмас. Замон билан ҳамнафас бўлишда ортда қолиш кузатилмоқда. Исроиллик танишларимнинг айтишича, уларда ўқувчиларга уйга вазифалар смартфонлар орқали берилади, ота-оналар ўз зурриёдларининг баҳолари билан смартфонлар ёрдамида танишади ва ўқувчилар қоғоз кундаликлар ҳақида билмайди ҳам.

Шунга қарамай, тараққиёт давом этиб, бизнинг ўлкаларга ҳам етиб келди. Президентнинг «Халқ маорифи тизимини бошқаришнинг янги қоидаларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 9 майдаги ПҚ-3931-сонли қарорида қуйидаги банд бор: интерфаол таълим хизматлари кўрсатишни ўз ичига оладиган умумтаълим порталини жорий этиш, умумтаълим мактаблари маълумотлари билан ишловчи электрон базани яратиш, ўқувчиларнинг ўзлаштириши ва давоматини (электрон журнал, электрон давомат ва электрон табеллар) ҳисоблашга доир электрон ҳисобга олиш тизими; бошқа электрон хизматларни кўрсатиш. Жорий қилиш муддати 2018–2021 йиллар этиб белгиланган. Демак, бажарилиши керак.

Халқ таълими вазирлигининг хабарига кўра, «Кундалик» компанияси умумтаълим мактабларида электрон журнал ва кундаликларни жорий қилиш лойиҳасини ишга туширади. Компания ташаббуси Халқ таълими вазирлиги томонидан тармоқни ахборотлаштириш таклифлари танлов натижаларига кўра маъқулланган ва давлат хусусий шерикчилик доирасида тизимни жорий қилиш, ишини таъминлаш ва тизимни ривожлантириш харажатларини ўз бўйнига оладиган «Кундалик» компанияси ва вазирлик томонидан амалга оширилади.

Тизим онлайн тартибда дарс жадвалларини тузиш, ўқитувчиларнинг соатбай дарс режаларини шакллантириш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш ва давоматини электрон журнал ва кундалик шаклида ҳисобга олиб боориш имконини беради. Шунингдек, маорифни бошқариш ва маориф ташкилотларини статистик ҳисоботларини шакллантириш учун жиҳозлар билан таъминлайди.

Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун «Кундалик» узлуксиз ҳимояланган ижтимоий тармоқ, баҳолар ва уйга вазифаларни доимий кузатиб бориш ҳамда қўшимча таълим ресурсларига кириш имконини таклиф қилади. Бу ХТВ сайтидан кўчирмадир.

Интернет хабарига кўра, «Кундалик» лойиҳаси («Kundalik.ru» сайти ҳам мавжуд) 844 577 ўқитувчи, 7 752 464 ўқувчи ва 4 036 175 ота-оналарни ўзига жалб қилган Россиядаги ҳар икки мактабдан бирини жиҳозлаган Санкт-Петербург шаҳрида машҳур бўлган «Dnevnik.ru» сайти маҳсулидир.

Юқорида ўқиганларингиз кундалик лойиҳасидан кутилаётган ишлар ҳақидаги мулоҳазалар эди.

Келинг, энди лойиҳанинг ютуқлари ҳақида ҳам бир-икки оғиз гаплашайлик. Лойиҳа бешак энг самарали ҳисобланади. Бу лойиҳани амалга оширмасликдан бошқа йўл ҳам йўқ. Лойиҳа таълим жараёнларини ахборотлаштиришга, ўқувчилар ҳамда ота-оналар яқинлигига хизмат қилиши лозим.

Албатта, янги технологиялар шубҳа ҳам уйғотиши бор гап. Ахир шубҳа-гумонларсиз илож ҳам йўқда!

1. Асосий масала: электрон кундаликни ким тўлдиради? Бунинг устига, у қоғоз журнал ва кундаликларни такрорлайдиган бўлса. Яна бечора ўқитувчиларнинг юкламаси кўпайиб, дарснинг «мазмуний» ҳиссаси камаяди ва дарсдан кейин ортиқча вақт сарфини келтириб чиқаради. Шуни ҳам айтиш керакки, вазир Шерзод Шерматов ваъда қилган фақат вазирлик учун бажарилган, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари ҳамон ўқитувчининг вақтини ўғирлаётган ҳисобот ва сўровларни тўлдириб ётибди. Бу балки таълим тизими учун ўзларини мавжудлигини сездириб қўйиш учун бир воситами? Агар мен ноҳақ бўлсам, ўқитувчилар кераксиз ҳужжатбозлик ишлари билан машғул бўлмай, дарс бераётган бўлса, кечирим сўрашга тайёрман. Кундалик лойиҳаси эса барча даражадаги раҳбариятнинг мактаблар билан алоқасини ахборотлаштиришга йўналтирилган ва умид қиламизки бу қоғозбозликни камайтиради ва атроф-муҳитга ҳам фойда келтиради.

Айни вақтда, «Кундалик» лойиҳаси ўқитувчилар ишлаётган реаллик билан мос эмас. «Кундалик» лойиҳасининг жорий қилиниши билан барча ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга, барча кундаликлар ва табелларни электрон шаклга ўтказишга тўғри келади;

2. Мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар шаффофликдан манфаатдор эмаслиги сир эмас. Турли сабабларга кўра ҳозирча хилма-хил тўғрилашлар, масалан, бугун «уч» баҳо, эртага жавоб бермасанг, «икки» баҳо қўяман каби алдовлар мавжуд (ҳеч кимни ноҳақ айбламаслик учун таълимдаги коррупция ҳақида ҳозирча чурқ этмаймиз. Ваҳоланки, барчамиз мактаб кўрган, мактабда «медалистлар» қандай етиштирилгани борасида тасаввурга эгамиз ва бу барчанинг ёдида). Хуллас, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар, илмий бўлим мудирлари «Кундалик» лойиҳасини пайсалга суриш учун юзлаб баҳона топишга шай;

3. Facebook ижтимоий тармоғида маҳаллий компанияларга ишонч билдирмай, хориж ишланмаларидан фойдаланиш борасидаги афсус-надоматга тўла хабаримга қуйидаги мазмундаги изоҳлар олдим: «Ватанпарварлик чориқларини ташланг энди, бизникилар оддий кундаликни ҳам хатосиз нашрдан чиқара олмайди». Бу ачинарли албатта, аммо ҳақиқат;

4. Барча ҳаражатларни «Кундалик» ўз зиммасига олаётгани хижолат қилади, ахир «Кундалик» хусусий компания бўлса. Кимдир ҳамма харажат учун тўлаши керакку! Молиялаштириш манбаси тугаса, лойиҳа ярим йўлда тўхтаб қоладими?

5. Ҳар қандай янгиликка дарҳол шарҳ, изоҳ ёзувчилар бир талай: «Пойтахтда сизларга яхши, қишлоқларда чироқ йўқ, интернет ҳам суст». Эҳтимол, пойтахтда бошланган «Кундалик» икки-уч йилдан сўнг вилоят ва туманларга ҳам сифатли интернет билан кириб борар…

Хулоса ўрнида, «Кундалик» электрон лойиҳаси ўқитувчилар ишини мувофиқлаштиришини, ота-оналарга фарзандлари давомати ва ўқишда олган баҳолари ҳақида мунтаззам хабардор қилишини назарда тутувчи ишнинг жорий қилинишини кутмоқдамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактабларда электрон баҳолашга ўтишдаги беш тўсиқ