Бугун, 18 сентябрь куни Миллий Олимпия қўмитасида бокс бўйича Ливерпулда ўтган 2025 йилги жаҳон чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган ва жаҳон аренасида юқори натижа кўрсатган миллий жамоа аъзолари ҳамда уларнинг мураббийлари Президент совғаси – қийматли пул мукофотлари ва BYD автомобиллари билан тақдирланди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, шунингдек, кенг спорт жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қарорга кўра, жаҳон чемпионатида олтин медалга эга чиққан 6 нафар боксчига BYD автомобили билан бирга 15 минг АҚШ долларидан тақдим этилди. Кумуш медали учун 7 минг доллар, бронза медали учун эса 3 750 доллар мукофот ажратилди. Ғолиб спортчиларнинг мураббийлари ҳам эътибордан четда қолмади – уларга 7 минг доллар ва автомобил калитлари топширилди.
Ўзбекистон миллий жамоасига медал келтирган чемпионлар қуйидагилар:
Олтин медал соҳиблари:
-60 кг: Абдумалик Халоков
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-75 кг: Фазлиддин Эркинбоев
-80 кг: Жавоҳир Умматалиев
-85 кг: Акмалжон Исроилов
-90 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
Кумуш медал соҳиблари:
-65 кг: Навбаҳор Ҳамидова
+90 кг: Жаҳонгир Зокиров
Бронза медал соҳиблари:
-48 кг: Сабина Бобоқулова
-51 кг: Феруза Казакова
-70 кг: Азиза Зокирова
Шу тариқа, Ливерпул чемпионатида юртимиз боксчилари юксак марраларни забт этиб, нафақат медаллар, балки Президент совғалари билан ҳам юрт шарафини янада баланд қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!