
"Бу сиёсий ўйин", – деб ёзди Россияда яшаб ижод қиладиган атоқли ўзбек адиби Темур Пўлатов 2 май куни ўзининг "Фэйсбук"даги саҳифасида.
Vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатга муносабат билдираркан, у рус тилида ижод қиладиган ўзбек ёзувчиси сифатида ўз номидан фойдаланишларига қарши эканини айтган.
Ёзувчининг фикрича, "бир гуруҳ ўзбек зиёлилари" номидан эълон қилинган мурожаат "тил ва маданият ҳақида эмас".
"Тил ва маданият ҳақида эмас, бу сиёсий ўйинлар. Шу муносабат билан "зиёлилар" рус тилида ижод қиладиган "улуғ Ёзувчилар" қаторида мени номимни ҳам тилга олганлар. Биринчидан, мен ўзимни "улуғ ёзувчилар" руйхатига киритганим йўқ, иккинчидан, мен бу "зиёлилар" билан бир мактабда ўқимаган ва аълочи бўлмаган, сабаб сиёсий қиморбозликни қоидаларини яхши билмайман. Вассалом!" (пост муаллифининг орфографик усули сақлаб қолинди – таҳр.).
Мурожаат муаллифлари умуминсоний маданият хазинаси, жумладан, Темур Пўлат сингари рус тилида ижод қилган ўзбек ва бошқа халқлар вакилларининг ижоди ҳисобига бойиганини урғулашган.
"Мен бу "зиёлилар" билан бир мактабда ўқимаганман, сиёсий қиморбозлик қоидаларини яхши билмайман".
Темур Пўлатов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Темур Пўлатов Россиядаги энг таниқли ўзбекистонлик ёзувчи ва жамоат арбобидир.
У Совет иттифоқининг охирги йилларида СССР Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларидан бўлган ва иттифоқ парчаланганидан сўнг, 1992 йилда Россия ва МДҲ давлатлари ёзувчилар уюшмаларининг халқаро ҳамжамиятига асос солган ва 6 йил давомида ушбу ташкилотга раҳбарлик қилган.
Бухорода туғилган адиб Ўзбекистон ва Тожикистон халқ ёзувчиси, шунингдек, собиқ СССР ва Россиянинг қатор давлат мукофотлари ва халқаро Шолохов мукофоти соҳибидир.
"Бир гуруҳ зиёлилар"
30 апрель куни россияпараст vesti.uz сайтида эълон қилинган мурожаатда муаллифлар Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш, бунинг учун мамлакат қонунчилигига зарур ўзгартириш киритишни таклиф қилганлар.
Улар 1995 ва 2004 йилларда янги таҳрирда қабул қилинган "Давлат тили тўғрисида"ги қонунда рус тили "миллатлараро мулоқот тили" сифатида эслатилмаганидан таассуф билдиришган.
Муаллифлар охирги йилларда Ўзбекистонда рус тилининг фақат хорижий тиллардан биттаси сифатида ўқитилиши қанчалик тўғри эканини савол остига олишган.
Уларга кўра, рус тилига ўзбек ва қорақалпоқ тиллари билан бир қаторда расмий мақом беришни "ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда".
Муаллифлар Европанинг кўпгина давлатларида миллий озчилик тилларига расмий ва давлат мақомлари берилганини мисол қилиб келтиришган.
Ташаббускорларнинг фикрича, рус тили орқали ўзбек миллати нафақат "буюк рус маданияти, балки жаҳон маданияти ва илм-фани билан танишган".

Уларга кўра, ҳозир миллионлаб ўзбеклар рус тилини билмагани учун Россияда қийналмоқда.
Аввалига уч киши имзолаган мурожаатга кейинроқ яна 15 кишининг исм-фамилияси ҳам илова қилинган.
Улар орасида Фаррух Зокиров ва Бернора Қориева сингари Ўзбекистон халқ артистлари ва жамоат арбоблари ҳам бор.
Айни пайтда мурожаатга имзо чеккан илк уч кишидан бири, Ўзбекистондаги ярим расмий "Демократия ва инсон ҳуқуқлари" институти раҳбари Сайёра Ходжаеванинг номи олиб ташланган.
Қолган икки кишидан бири тилшунос профессор, Ўзбекистоннинг Россиядаги биринчи элчиси Юсуф Абдуллаевдир.
Давлат тили
Мурожаат ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган, қатор ўзбек блогерлари мурожаатга қарши постлар ёзишган.
Ўзбекистон расмийларидан ҳеч ким мурожаатга муносабат билдирмаган.
Бу йил "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг қабул қилинганига 30 йил тўлади.
Ўтган йилнинг декабрида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев қонун ижроси йиллар давомида деярли ўз ҳолига ташлаб қўйилганини танқид қилган.
Унинг айтишича, вазирликлар, давлат қўмиталари ва агентликларнинг 2018 йилда қабул қилинган 34 та қўшма қарори давлат тилида эмас.
"Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган 154 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг иловалари давлат тилида тасдиқланмаган", – деб айтган Сенат раиси. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар