
Ҳар йили минглаб абитуриент ука-сингилларимиз имтиҳон синовларига киришади. Имтиҳонларга тайёрланиш муддатининг машаққатларини енгиб ўтишса-да, яқинлашганида абитуриентлар ва яқинлари кучли стрессни бошдан кечирадилар. Имтиҳон куни абитуриентлар олдидаги энг катта тўсиқлардан бири саволларнинг қийинлиги эмас, “имтиҳон стресси” бўлади, афсуски. Имтиҳондан олдинги стрессни енгиш учун ота-она, устоз ёки дўстлар ёрдамида тинчланиш мумкин бўлса-да, имтиҳон вақтида абитуриент бир ўзи қолади. Бу ҳиссиётни хоҳ стресс, хоҳ қайғу, хоҳ ҳаяжон денг, албатта ҳар бир абитуриентда учрайди.
Ёшлар билиши керак бўлган муҳим ҳақиқатлардан бири улар имтиҳон пайтида ҳис қилган стресс табиий ҳолат эканлиги. Имтиҳон стрессини буткул йўқотиш керак дейишнинг иложи йўқ! Ҳаяжонланиш (стресс) аслида муваффақиятга қўйиладиган қадамлардан бири. Имтиҳонга кирган ва кирадиган абитуриентлар бу ҳаяжонни бошдан кечирганлар ва кечирадилар. Имтиҳон ҳаяжони ёки қайғуси ёшлар ўйлаганидек зарарли ҳиссиёт эмас. Аксинча, ҳис қилиш керак бўлган фойдали бир туйғудир. Қайғу ҳаддан ошганида зарар бера бошлайди. Имтиҳон ҳаяжонининг энг катта сабаби абиутеринт салбий ўйлар қайғусига тушади.
“Имтиҳонларни яхши топширолмасам нима бўлади?”, “Ота-онамга қандай жавоб қиламан?”, “Ўртоқларимга нима дейман?”, “Устозларимнинг юзига қандай қарайман?” шу ва шунга ўхшаш саволлардан иборат ўйлар абитуриентни қайғуга солади. Келажак билан боғлиқ салбий ўйларнинг ортиши имтиҳон стрессини орттирибгина қолмай, оддий саволларга ҳам хато жавоб беришга сабаб бўлади. Имтиҳон пайтида кучли стрессга тушган абиутериентлар бажариши керак бўлган машқлардан бири нафас машқи ҳисобланади.
Ўтирган жойида чуқур-чуқур нафас олиш, абитуриентни тинчлантиради. Нафас машқини ижобий ўй-хаёллар ва ички хотиржамлик билан қувватлаб, ҳаяжон ва стресс даражасини тушуриб, тинчланишдан бошқа чора йўқ. Шу ўринда абитуриентларга ички хотиржамликка эришиш учун бир мисол келтираман. Ички хотиржамлик фақат “имтиҳон стресси”дагина бўлиб қолмай, стрессга тушган ҳар бир инсон бажариши мумкин бўлган энг қулай ва фойдали тинчланиш услубидир.
Ички хотиржамлик – ўзини дуо қилиш
Беш ёшлар чамасидаги, кичкинагина қизалоғи билан харидга чиққан она, ҳам рўзғор учун зарур харидини бажаряпти, ҳам қизини овутяпти. Тинимсиз ҳар ёнга қўл чўзаётган қизчасининг бебошлигидан қийналяпти. Дўконда айланиб юрар экан, шоколад бўлмасини кўрган бола онасининг қўлидан сирғалиб чиқиб, “Шоколaд ейман! Шоколад олиб беринг!” дерди. Шоколад қутиларига қўл узатиб, олмоқчи бўлганида бир нечта қуту ерга ағдарилиб, шоколадлар сочилиб кетди. Харидорлар қизчанинг инжиқлиги ва атрофни тўзғитгани учун она-болага маъноли кўз ташлаб қўймоқдалар.
Дўкон хизматчилари дарҳол ерда сочилиб ётган шоколадларни йиғиштириб олишди. Она эса жуда хотиржам ҳолатда қизининг қўлидан тутиб: “Оиша, тинчлан!, Ҳозир харидни тугатиб уйга қайтамиз” деди. Кассага яқинлашишганида қизалоқ энди касса олдидаги конфет, сақичларга ёпишади: “Ойи, конфет олиб беринг! Ойи, сақич олиб беринг!” дея бақириб ширинликларга қўл чўзди. Қанд ва сақичларнинг қутилари ерга тушиб, сочилди, яна харидорлар ва дўкон хизматчилари оғринган нигоҳларини она-қизга тикилишди. Хизматчилар жаҳлини сездирмасликка уриниб, тўкилган, сочилган ширинликларни тўплаб олдилар. Аёл яна ғоят хотиржам ҳолда қизчасининг қўлидан ушлайди: “Оиша, тинчлан!
Мана, харидимизни ҳам тугатдик. Ҳисоб-китоб қиламиз ва уйга қайтамиз” деди. Харид ҳисобини тўлаш учун кассага йўналган она, кассир қайтимга берган майда пулларни сумкасига қўяр экан, қизалоқ бу гал онасининг қўлларига ёпишади: “Ойи, пул беринг! Менга пул беринг!” Шу аснода ҳамённи тортқилагани учун, ичидан пуллар ерга тушиб сочилади. Дўкондагилар қизалоқнинг ҳаддан ошган бебошлигидан ғазабланганида, она ниҳоятда хотиржамлик билан қизининг қўлидан ушлади:
– Оиша, тинчлан! Xаридни тугатдик. Энди уйга қайтамиз!
Бу воқеаларни кузатиб турган кекса онахон аёлга яқинлашди ва шундай деди:
– Қизим! Мен беш нафар фарзанд дунёга келтириб, ўстирдим. Атрофимда жуда кўп она кўрдим. Лекин фарзандига нисбатан сиздай сабрли онани ҳеч қачон кўрмадим. Қизингиз Оишага жуда сабр билан муомала қилар экансиз...
Қизининг қўлидан тутиб, дўкондан чиқаётган аёл онахонга қараб жилмайди:
– Холажон, қизимнинг исми Оиша эмас. Қизимнинг исми Фотима. – Онахон ҳайрат билан унга термулар экан, она сўзларига шундай якун ясади:
– Оиша менинг исмим. Мен қизимни эмас, ўзимни тинчлантиряпман!
Ички хотиржамлик ўзини ўзи тинчлантириш демакдир.
Ўзига ўзи насиҳат қилиш демакдир.
Ўзига ўзи дуо қилиш демакдир.
Имтиҳонларга кирадиган барча абитуриентиларга муваффақият тилайман!
Йўлингиз ва бахтингиз очиқ бўлсин!
Фарзона Оқил
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар