17:00 / 16.05.2019
4 604

Четдаги минглаб ўзбекистонликлар ўзлари билмаган ҳолда фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин

Четдаги минглаб ўзбекистонликлар ўзлари билмаган ҳолда фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин
Юз минглаб ўзбекистонликлар ўзлари билмаган ва истамаган ҳолда Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкин. Чет элда ишлаб юрган ёки яшайдиган кишилар доимо бу таҳдид остида юрганини АҚШда фаолият юритувчи адвокат Миракмал Ниязматов таҳлил қилади.
Ўзбекистон фуқаролигининг қадри қандай? Бу саволга кенг ижтимоий-сиёсий таҳлилсиз тўлиқ жавоб бериш мумкин эмас.

Қуйида эътиборингизни масаланинг ҳуқуқий жиҳатига қаратамиз: Ўзбекистон давлат идоралари 2014 йилнинг ўрталаридан бошлаб юзлаб фуқароларни ҳеч қандай огоҳлантириш ёки тегишли ҳуқуқий жараёнсиз фуқароликдан чиқариб юборди. Фуқаролигини йўқотган шахслар бу ҳақда йиллар ўтибгина хабар топмоқда.

Мазкур ноқонуний жараёнга йўл очиб берган давлат идораси – Конституциявий суд, яъни қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ҳужжатларининг конституцияга мувофиқлигини текширадиган ва қонун нормаларига расмий шарҳ берадиган орган. Конституциявий суд энг охирги қарорини 2014 йилда қабул қилган бўлиб, бу ҳужжатда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асосларига шарҳ берилган.

Афсуски, суднинг фуқароликни йўқотиш тўғрисидаги қарори аввалги қарорлари сингари қисқа ва ҳеч қандай ҳуқуқий таҳлилсиз ёзилган. Унинг оқибатида эса юзлаб шахслар Ўзбекистон фуқаролигини йўқотди.

Қонунчиликка кўра қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон фуқаролиги йўқотилиши мумкин:
1. Шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга киргани натижасида.
2. Агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса.
3. Агар Ўзбекистон фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса.
4. Агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.
5. Агар шахс чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса.

Бу тартибда фуқаролик йўқотилиши қонунийми? Унинг “фуқаролик” тушунчаси ва обрўсига таъсири қандай? Фуқароликни йўқотиш тўғрисидаги қоидага шарҳ бериш нимага керак бўлди?

Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 21-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида чет элда доимий яшовчи шахс уч йил давомида узрли сабабсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса, у Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши мумкинлиги айтилади. Ташқи ишлар вазирлиги Конституциявий суддан мазкур қоидани шарҳлашни сўраб, унда доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқаришни, доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан ва уч йил давомида узрли сабабсиз консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган шахсларга нисбатан мазкур норманинг қўлланиши мумкинлиги масаласини ҳал қилиб беришни сўраган.

Конституциявий суд қандай қарорга келди?
Конституциявий суд шарҳ беришни фуқаролик тўғрисидаги энг асосий қоидаларни санаб ўтиш билан бошлайди. Жумладан, қуйидагилар санаб ўтилади:
- фуқаролик шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди;
- ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас;
- ҳукумат Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Қўшимча қоидаларни ҳам тилга олиб ўтаркан, Конституциявий суд “Фуқаролик тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига қуйидагича шарҳ берилсин деб қарор қилади:

“Чет элда доимий яшовчи шахс” деганда ўрнатилган тартибда доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиққан ва доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни расмийлаштирган чет элда яшаётган шахсларни ҳам, доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқаришни, доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан чет элда яшаётган шахсларни ҳам тушуниш лозим.

Демак, “Фуқаролик тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси биринчи қисми 2-бандининг нормаси доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқаришни, доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан ва уч йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган шахсларга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин.

Афсуски, юқоридаги хулосани суд ҳеч қандай ҳуқуқий таҳлил билан асослаб бермайди.

Тўрт бет ҳам чиқмайдиган қарорнинг биринчи бети бутунлай Конституциявий суд таркиби ва маърузачилари ҳақида бўлса, қолган бетларида турли қонун ҳужжатларидан иқтибослар келтирилади.

Аммо конституция ва қонун нормалари алоҳида муҳокама қилинмайди, ҳуқуқий тушунчаларга шарҳ берилмайди, қонун ва қонуности ҳужжатлари ўртасидаги мутаносиблик ва зиддият таҳлил қилинмайди.

Конституциявий ҳуқуқлар ҳақида гап кетганда, Конституциявий суд ҳамиша муҳокамани алоҳида ҳуқуқ ёки қоиданинг моҳияти ва аҳамиятини муҳокама қилишдан бошлаши мақсадга мувофиқ.

Мазкур иш фуқароликнинг йўқотилиши ҳақида. Демак, суд ишни “фуқаролик” тушунчасини муҳокама қилишдан бошлаши керак эди. Фуқаролик моҳиятига изоҳ берилмаган тақдирда унинг аҳамияти йўқолади, уни исталганча чеклаш мумкин бўлади. Масалан, қийноққа солиш нимага тақиқланиши кераклигини тушуниш учун шахсий дахлсизлик тушунчасининг моҳияти ёритилиши керак. Акс ҳолда, дейлик, турли баҳона билан (зарурат, миллий хавфсизлик чоралари, юқоридан буйруқ ва ҳ.) қийноқлар қўлланишини ёқлаб, унга рухсат берилиши мумкин.

Фуқароларга кафолатланган ҳуқуқ ва имтиёзлар инобатга олиндими?
Юқорида таъкидлангани каби суд ўз қарорини энг асосий ҳуқуқ ва имтиёзларни санаб ўтиш билан бошлайди. Жумладан, Ўзбекистонда фуқаролик шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилаши, ҳеч ким фуқароликдан ёки фуқароликни ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги ва давлат ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиши қайта-қайта таъкидланади. Аммо қарорда бу тушунчаларнинг фуқароликни йўқотиш билан алоқаси ҳақида бирор нарса дейилмайди.

Масалан, фуқаролик шахс билан давлатнинг доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди. Бу ерда “доимий” қандай тушунилиши керак?
Фуқароликнинг доимийлиги унинг йўқотилишига қандай таъсир қилади ва, умуман олганда, фуқаролик йўқотилишини тақиқлайдими?

Қолаверса, амалдаги қонунчиликда фуқаролик кишининг ажралмас, узвий ҳуқуқи эканига яна урғу берилиб, “ҳеч ким фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин эмас”лиги белгилаб қўйилган.

Ушбу қоидалардан келиб чиқадиган бўлсак, фуқаронинг қилмишларига қарши турли маъмурий ва жиноий чоралар кўрилиши мумкин, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам уни фуқароликдан маҳрум қилиш тақиқланади. Ҳатто энг оғир жиноятни содир этган киши ҳам жазо ўтаб бўлганидан кейин фуқароликдан маҳрум қилинмайди.

Шундай экан, Ўзбекистон фуқаролигининг ажралмаслиги билан фуқароликнинг йўқотилиши ўртасида қандай алоқадорлик бор? Ҳуқуқий жараёнсиз фуқароликдан чиқариб юборилган шахс фуқароликдан маҳрум қилинди деб баҳоланиши мумкинми?

Бундан ташқари, ҳукумат ўз идоралари ва мансабдор шахслари орқали фуқаролар олдида масъуллиги айтилади. Аммо Конституциявий суд фуқаролик йўқотилиши жараёнида давлат мансабдор шахсларининг фуқаро олдидаги вазифаларига умуман тўхталмайди. Фуқаролик нон сотиб олиш учун навбатда туриш дегани эмас-ку ахир.

Киши фуқароликдан чиқарилиши ўта жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлгани боис ўзига хос ҳуқуқий жараёнга асосан иш кўришни талаб этади. Бу жараёнда фуқароликни йўқотиши мумкин бўлган шахс ёки унинг оиласи хабардор қилиниши билан бирга, унга фуқароликни йўқотмаслиги учун имкон ҳам берилиши керак.

Шу ўринда қонунчиликдаги фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш қоидаларини эслаш лозим. Оддий лицензия бекор қилиниши учун бундай қарорни қабул қилган орган лицензия эгасига ёзма шаклда уч кундан кечиктирмай хабар бериши лозим. Ёки бўлмаса ажрашиш қоидаларини эслайлик. Эр-хотин ўз хоҳиши билан ажрашмоқчи бўлса ҳам ажрашиш учун энг камида 6 ойгача муҳлат тайинланиши мумкин.

Судлар эса ажрашиш бўйича ишларни кўришда оилани сақлаб қолиш юзасидан чоралар кўриши керак, гарчи эр-хотин ўз хоҳишига кўра ажрашаётган бўлса ҳам. Эътибор беринг, икки балоғат ёшидаги одам ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш учун шу қадар жиддий ҳуқуқий жараён ишлаб чиқилган.

Фуқаролик эса нафақат шахс ва давлат ўртасидаги доимий сиёсий-ҳуқуқий боғ, балки шахсни бутун миллатга боғловчи ҳуқуқий риштадир. Шундай экан, наҳотки фуқаролигини йўқотаётган кишига лицензияси бекор қилинаётган ёки ўз хоҳишига кўра ажрашмоқчи бўлган одамларга бериладиган ҳуқуқий жараён ва кафолатлар берилмаслиги керак?

Албатта, Конституциявий суд фуқароликнинг доимийлиги ва ажралмаслигига ўзгача шарҳ бериб, фуқаролик нима сабабдан йўқотилиши мумкинлигини айтиб ўтиши, давлат органларига нима сабабдан қўшимча чора кўриш мажбурияти юкланмаганини айтиши мумкин эди. Лекин бундай муҳокаманинг ўзи йўқ, бунинг оқибатида эса Ўзбекистон фуқароси ўз фуқаролигини ҳеч қандай ҳуқуқий жараёнсиз йўқотмоқда.

Фуқароликни йўқотиш қатъийми, ихтиёрийми?
Конституциявий суд доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқаришни, доимий яшаш учун чет элга чиқишга рухсатни тегишли равишда расмийлаштирмасдан ва уч йил давомида узрли сабабсиз консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган шахслар фуқаролигини йўқотиши мумкин деган қарорга келди.

Демак, мазкур ҳолатда фуқароликни йўқотиш қатъий эмас, ихтиёрий қоида бўлса, кишилар қайси мезонга кўра ёппасига фуқароликдан чиқариб юборилди?

Минглаб консуллик ҳисобига турмасдан чет элда доимий яшаётган фуқаролар орасидан нимага баъзи кишилар танлаб олиниб, фуқароликдан чиқариб юборилди, бошқаларига қарши ҳеч қандай чора кўрилмади?

Қолаверса, президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссия таркиби ҳуқуқшунослардан ташкил топмаган. Унинг ишлаш тартиби тортишув тамойили асосида амалга оширилмайди, фуқаро мазкур жараёнда фаол қатнашиш, адвокат томонидан ҳимоя қилиниш, ўзига қарши келтирилган даъволарни рад этиш каби имкониятларга эга эмас. Бу камчиликлар фуқароликни йўқотиш асосларини кўриб чиқишда ҳуқуқий масалаларга нотўғри баҳо берилишига йўл очади.

Халқаро ҳуқуқ талаблари бузилаяптими?
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 15-моддасига биноан ҳеч ким асоссиз ёки ўзбошимчалик билан фуқароликдан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 12-моддаси 4-бандида эса ҳеч ким асоссиз ўз мамлакатига кириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас деб таъкидланади.

“Фуқаролик тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасида айтилишича, башарти халқаро шартномада ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

Юқоридаги таҳлилимиз эса Конституциявий суд ёқлаган фуқароликни йўқотиш асослари ва жараёни жиддий нуқсонларга эгалигини кўрсатади. Демак, амалдаги фуқароликдан чиқариш тартиби асоссиз ва ўзбошимчалик билан бажарилгани туфайли Ўзбекистон халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини қўпол бузиб келмоқда.

Хулоса ўрнида
Ҳуқуқий давлат қуриш ва қонун устуворлигини таъминлаш машаққатли жараён. Бу жараёнда хато ва камчиликлар кўп бўлиши табиий ҳол. Аммо Конституциявий суд ҳуқуқий жумбоқ ва ноаниқликларга шарҳ берувчи энг юқори давлат органи. Унинг фаолиятида бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўйиш мумкин эмас. У чиқарган қарорларнинг сифатига қараб Ўзбекистондаги мустақил судлов ва қонун устуворлигига ҳам миллий, ҳам халқаро ҳурмат шаклланади.

Ҳуқуқ ва имтиёзларнинг тегишли ҳуқуқий жараёнсиз чекланиши давлат идораларига бўлган ҳурмат ва ишончни синдиради, тегишли ҳуқуқ/имтиёзни эса, масалан, фуқароликни, эътиборсизлантиради. Шунинг учун ҳокимият органлари фаолиятидаги хато-камчиликларни тан олиш ва тўғрилаш ислоҳотлар марказида бўлиши керак.

Конституциявий суд фуқаролик йўқотилиши тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқиши ва тегишли ҳуқуқий жараёнсиз фуқароликдан чиқариб юборилган кишиларнинг ҳуқуқ ва имтиёзлари тикланиши керак.

Манба: Minbar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Четдаги минглаб ўзбекистонликлар ўзлари билмаган ҳолда фуқароликдан маҳрум қилиниши мумкин