14:12 / 27.06.2019
3 020

"Стандартлар икки хил бўлса қийин экан"

"Стандартлар икки хил бўлса қийин экан"
Авваллари депутатлар «гапирмасди» ва бу бизга ёқмасди, энди улар «гапиряпти», лекин барибир ёқмаяпти. Стандартлар икки хил бўлса қийин экан.

Демократия ҳар бир инсонда ўз фикрини билдириш ҳуқуқи борлигини таъминлайди, хоҳ у тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин. Фикрга муносабат билдириш ҳуқуқи ҳам бор, фақат биринчисини оммага бадном қилиш эвазига эмас.

Секуляр давлат дегани диндан гапирган одамни «конституциявий тузумни ағдаришга чақиряпти» дейишга асос бўлмайди. Балки бу унинг хоҳиши, лекин бизда бошқа қонунлар дейиш билан кифояланади.

Эътиқод эркинлиги биринчи унутиладиган тушунча бўлиб қолди. Ўзбекистон дунёвий қонуниятлар асосига қурилган давлатлигини депутатлар билмайди деб ўйлайсизми? Ахир улар депутат бўлиб сайланишган, ўша қонунлар бўйича.

Ёки депутат ҳеч бир динга эътиқод қилмаслиги керак, ё буни ошкор қилмаслиги, ҳеч бўлмаса динининг таълимотларидан келиб чиқадиган фикрларни оммага айтмаслиги керак деган талаб борми?

Ҳозир депутатларни «ураётганлар» ичида ўз вақтида оммавий чиқиш жараёнида хато гапирганларни ҳимоя қилганлар ҳам бор, «одамнинг бир хатоси учун уни бадном қилинмайди», деб, лекин у шахсларнинг «ютуғи» улар диндан гапирмаган эди.

Бағрикенгликдан гапирган бағриторлар, демократик давлатда яшаяпмиз, ҳамманинг фикр билдириш ҳуқуқи бор, лекин бадном қилиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Исталган ривожланган давлатни олинг, диндан истаганича гапириши мумкин, АҚШнинг долларига ҳатто «Биз Худога ишонамиз» («In God We Trust») деб ёзиб қўйилган, секуляр давлатда! Худога ишонмайдиган қисми ўзини камситилган ҳис қиляптими? Негадир ҳеч ким судга бермаяпти ёки оммавий хатлар кўринмаяпти?

Маълумот учун. Дунёда «Насоролик демократияси» («Христианская демократия») деган тушунча бор. Насоро демократлари ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни насоролик тамойиллари бўйича ҳал қилиниши керак деб ҳисоблайдилар (wikipedia.org). Хўш, энди биздаги айрим депутатлар баъзи бир муаммоларни Ислом дини таълимоти асосида ҳал қилиш мумкин деб ҳисобласа, нега уларни айбдор қилиш керак? Уларни айблаб, уларга туҳматлар уюштираётганлар Европанинг демократиясини исташмайдими? Ёки улар ундан ҳам яхши тизимни билишадими? Албатта йўқ, фақат стандартларни қўллашда нафсга эътибор қаратишади.

Европадан гапирилса, «мана бизда бир жинсли никоҳларга рухсат берилмайди-ку», деб гапни бошқа тарафга олиб ўтишга ҳаракат қилинади, яъни бунга рухсат берилмадими, демак динга ҳам рухсат йўқ, деган маънода. Ўйлаб кўринг, бундай ҳолатларга Европа ҳам жон деб тургани йўқ, ҳатто Германия канцлери Ангела Меркель бир жинсли никоҳлар бўйича парламентда ўтказилган овоз бериш жараёнида қарши овоз берган (rossaprimavera.ru). Бу мавзуга ортиқ тўхталмоқчи эмас, фикр эркинлиги таъминланмоқчи бўлинса бу ҳаммага бир хил бўлиши керак.

Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Нидерландия, Финляндия, Франция, Швейцария, Швеция каби европада жойлашган ва озми-кўпми ривожланган давлатлар рўйхатига кирувчи мамлакатлар ўзларининг насоролик партияларига эга (wikipedia)'дан улар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

Ва бу давлатлардаги насороликка асосланган партиялар муаммоларни ҳал қилишда ўз принципларига асосланишади. Бизда бундай партиялар йўқ, тўғри, конституциянинг 57-моддасида диний руҳдаги партиялар тузиш тақиқланади деб ёзиб қўйилган. Лекин бу партия аъзолари диндан гапириши мумкин эмас деган иддаони қилишга асос бўлмайди.

Шахсий хулоса, Исломдан гапирган ёки сизга маъқул келмайдиган фикр айтган инсонга ташланавермайлик.

Президент Шавкат Мирзиеёв ҳам «Исломимиз» дейди:
«...Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, лекин менга ёқади. Биз ҳеч қачон Исломимизни, нурли Исломни, Қуръондан кейин иккинчи китобни, қаерда ёзилган, ким ёзган, дейилганда бобомиз Имом ал-Бухорийни айтганим бежиз эмас...».

Яқинда Бош прокурор лавозимига тайинланган Ниғматилла Йўлдошев ҳам Исломдан иқтибослар келтиради:
«Пора олган ҳам, уни берган ҳам дўзахийдир. Муқаддас динимизнинг ушбу қатъий ҳукми коррупция иллати барча замонларнинг “бош оғриғи” бўлиб келганидан далолатдир».

Ғайратхўжа Сайдалиев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Стандартлар икки хил бўлса қийин экан"