
15 июль куни «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида» фармонга бағишланган «Халқаро пресс клуб»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхоновнинг маълум қилишича, маошлар ошса-да, тўлов-контрактлар миқдори ошмаслиги ҳам мумкин, ҳали бу масала иш жараёнида.
«Бюджетда 88 минг нафар талаба бор. Уларнинг ҳам стипендиялари ошади, жорий йилда бунинг учун 440 млрд сўм ажратилган, демак бу ҳам 10 фоиз ошиши талаб этилади. Контракт нархига келсак, тўлов қиймати ўқитиш харажатларига боғлиқ. Унинг аниқ миқдорини ўтган йилдан бошлаб меҳнатга энг кам ҳақ тўлаш миқдорларига боғлаганмиз. Ҳозирча бир нарса дейиш қийин, ҳали ҳисоб-китоб қилиб кўрилади», деган вазир ўринбосари.
Сарвархон Бузрукхонов масалага ойдинлик киритмаган бўлса-да, энг кам ойлик маош миқдорининг оширилиши билан эндиликда Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт нархлари ҳам кўтарилади.
Бунинг сабаби, Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сонли баёнига иловада тўлов-контракт нархлари энг кам ойлик иш ҳақига боғланган бўлиши белгилаб қўйилган эди. Яъни ҳар сафар ЭКОИҲ ошганида ОТМ талабаси бўлиш баҳоси ҳам юқорилаб бораверади. Бунда икки муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим.
Биринчидан, контракт нархидаги бу ўзгариш «суперконтракт» асосида биринчи босқичга қабул қилинган талабаларга дахлдор эмас.
2018 йилнинг март ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазири буйруғи билан «Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Янги таҳрирдаги ҳужжатнинг 18-бандига асосан, иш ҳақи ва стипендиялар миқдорларининг, энергия ресурслари, коммунал ва эксплуатация хизматлари нархлари ва тарифлари ўзгариши муносабати билан оддий контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўқув йили давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин, аммо оширилган («супер») тўлов-контракт миқдори бундан мустасно.
Иккинчидан эса, ўқув йили давомида контракт асосида ўқитишнинг тўлов миқдори ўзгарганда контракт қиймати навбатдаги семестр бошидан оширилади. Яъни, ЭКОИҲ миқдори 1 ноябрдан бошлаб оширилса ҳам, контракт нархи баҳорги семестрдан (март ойидан) кўтарилади. Айни пайтда тўлов суммаси янги бошланадиган ўқув мавсумидан аввал эълон қилинди ва у амалиётга татбиқ этилади.
Шунга қарамай, Сарвархон Бузрукхонов нега жавоб беришда иккиланиб қолганига тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан.
Ўзбекистон Республикаси Президенти «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2020 йилдан бошлаб таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишга рухсат берилган.
Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига эса бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш ҳуқуқига эга бўлади.
Олий таълим муассасаси ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаши мумкин. Ҳозирча бу вазифаларни реализация қилиш тартиби ишлаб чиқилмаган.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров, Исломжон Зокиров ва Бекзод Артиков Контракт тўловини стипендиясиз шаклда тўлаш бўйича таклифларни илгари сурганди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 июндаги 4359-сонли қарорида жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра тўлов-контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти йил давомида ваъда қилган тартиб, яъни табақалаштирилган тўлов-шартномасини оммага эълон қилмади. Балки бу янгилик янги ўқув мавсум бошлангунига қадар ҳал этилар, шунда вазир ўринбосарининг гапларида жон бўлади. Акс ҳолда, амалдаги тартиб ўзгармаса, янги ўқув мавсумидан таълим учун тўлов 10 фоизга оширилиши тайин.
Алишер Рўзиохунов
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг