21:35 / 11.09.2019
1 900

Бизнес юритиш осонми?

Бизнес юритиш осонми?
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳужжатларни расмийлаштиришда жараёнларни соддалаштириш ва муддатларни қисқартириш йўналишида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Уларни олиш учун молиявий ҳаражатлар ҳам камайтирилмоқда. Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиши мазкур ишларни амалга оширишда янада кўмак бўлди.

Статистик маълумотлар нима демоқда?
2019 йилнинг сентябрь ойи ҳолатига деярли 7,5 млн та давлат хизматлари кўрсатилди, йил якунига қадар бу кўрсаткични 15 млн. тага етказиш кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирда мавжуд бўлган 121 та давлат хизматларидан 80 тасидан бевосита тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин. Уларнинг ичида — тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш, кадастр хизматларини кўрсатиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, фаолият турларини лицензиялаш ва бошқалар.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2017 йилда тадбиркорлик субъектларини биргина давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ 3837 та давлат хизмати, 2018 йилда эса 14074 та ҳамда 2019 йилнинг сентябр ҳолатига 11000 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.

Эътиборли жиҳати, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш марказларга борган ҳолда мурожаат қилинганда 30 дақиқадан ошмаган муддатда, тадбиркорнинг ўзи буни бевосита интернет тармоғи орқали амалга оширганда реал вақт режимида рўйхатдан ўтиш тартиби жорий қилинди.

Қандай янгиликлар мавжуд?
Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субъектларига янада қулайликлар яратиш ва хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан:

– юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш вақтида фуқаронинг танлови билан банклардаги хизматларга уланиш ва онлайн ҳисобрақамини очиш имконияти яратилди;
– registr.uz, my.gov.uz ҳамда fo.birdarcha.uz сайтларида юридик шахслар (номи, ID рақами, манзили, рўйхатдан ўтган санаси, ташкилий ҳуқуқий шакли), уларнинг таъсисчилари ва директорлари ҳақидаги асосий барча маълумотлар жойлаштирилди.

Ҳозирда ушбу маълумотларни «онлайн» тарзда тадбиркорлик субъектининг номи ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами орқали излаш имконияти яратилди.

Шунингдек, 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб мажбурий равишдаҳар бир давлат органлари давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзларининг маълумотлар базаларига электрон кўринишда киритиб борадилар.

Тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ва лицензия бериш борасида:

- давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш мақсадида 50 дан ортиқ хизматларни кўрсатишнинг соддалаштирилган тартибини белгиловчи маъмурий регламентлар тасдиқланди;
- 2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг 70 га яқин турлари бекор қилинди;
- тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатиладиган 50 та давлат хизмати муддатлари соддалаштирилди.
- 2019 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик соҳасидаги айрим фаолиятларни амалга ошириш учун ваколатли органлардан олдиндан рухсат олиш талаби бекор қилинди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш ҳам соддалаштирилди.

Масалан:
- энди давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинади;
- бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди;
- давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди.

Бу каби тадбирлар, албатта, тадбиркорларга эркинликлар яратади.

Мазкур ислоҳотлар хорижий инвестицияларни янада кенг жалб қилишга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. Ўтган 2018 йилда жойлардаги Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 935 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар (шундан: 578 таси – қўшма корхона, 357 таси – хорижий корхона) давлат рўйхатидан ўтказилди.

«Тадбиркорлар ресстри» бу ўзи нима?
Бизнес-шерикнинг ишончлилиги — муваффақиятли фаолият юритишнинг асосий шартлардан бири.
Шу боис, Буюк Британиянинг «Сompanies house UK» илғор тажрибасига асосланган ҳолда хорижий инвесторлар ва мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектлари фойдаланишлари учун Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрининг ҳамма учун очиқ бўлган платформаси ишга туширилди.

Натижада инвестор ва бошқа тадбиркорлик субъектлари учун ҳамкорлик қилишни режалаштираётган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги зарур маълумотларни «online» режимида тақдим этиб бориш имконияти яратилди.

Мазкур платформада инвесторлар ўз бизнес ҳамкорлари (юридик шахслар) ҳақидаги – яъни, корхона номи, рўйхатдан ўтган санаси, устав жамғармаси миқдори, корхона таъсисчилари ҳақидаги маълумотларни бепул асосда олишлари мумкин. Таъкидлаш лозим, энди платформада турли параметрлар бўйича глобал қидирув бериш функцияси мавжуд (компания номланиши, жойлашиши, фаолият тури ва ҳоқазо).

Ишбилармон шерикни текшириш унинг яхлитлиги ва профессионаллигида амин бўлишга кўмак беради ва шу билан фирибгарлик фактларини олдини олиш имконини беради.

Тез орада my.gov.uz порталида рўйхатдан ўтказилган мажбуриятлар, ҳибсга олиш ёки бошқа чекловлар, лизинг мажбуриятлари тўғрисида маълумотлар ҳам жойлаштирилади. Бугунги кунда Давлат хизматлари агентлиги ушбу вазифаларни амалга ошириш учун зарур жараёнларни бошлаб юборган.

«Инвесторлар дарчаси» ишга тушириладими?
Юқорида айтиб ўтилган ишлар, албаттаЎзбекистоннинг халқаро рейтингларда позициясини ҳамда жаҳон ҳамжамияти олдида имиджини яхшилашга олиб келди. Масалан, «Дуинг бизнес» нуфузли рейтингидаги ўрни ва обрўйини ҳам ўсишига сабаб бўлди.

Тадбиркорликка илк қадам Давлат хизматлари марказларидан бошланади — айнан бу ерда бизнесни рўйхатдан ўтказиш жараёни амалга оширилади. Шунинг учун ҳам ушбу индикатор бўйича мамлакатимиз нуфузини яхшилаш юзасидан Адлия вазирлигига қатор вазифалар белгиланди.

Келгусида мазкур соҳада ишларни янада ривожлантириш орқали давлат хизматларини соддалаштириш ва аҳолига қулайликлар яратиш кўзланган.

Унда:
- Давлат хизматларини 2021 йилга қадар 160 тага етказиш, хизматларни кўрсатишда электрон ҳужжат айланишини тўлиқ жорий қилиш, хизматларни номарказлаштиришга эришиш;
- фойдаланишга топширилаётган янги замоанвий Давлат хизматлари марказларида «Инвесторлар хонаси» ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, 20 дан ортиқ давлат органлари тегишли қоғоз кўринишидаги маълумотнома ва ҳужжатларнирақамлаштириш ва Электрон ҳукумат тизимига интеграция қилиш режалаштирилган.Ушбу орқали, муайян давлат хизмати учун зарур бўлган ҳужжатларни бошқа давлат органларидан фуқарони овора қилмасдан, мустақил равишда электрон тизим орқали олиш имконияти яратилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда бизнес ва тадбиркорлик учун яхшигина имконият ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Самарали бизнес олиб бориш учун имтиёзлар берилиб, маъмурий жараёнлар анча соддалаштирилмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бизнес юритиш осонми?