19:01 / 12.09.2019
3 125

Репетиторни қандай танлаш керак?

Репетиторни қандай танлаш керак?
Энг зўр педагог топишнинг 9 оддий қоидаси.

1. Аниқ мақсад қўйинг
Биринчи навбатда фарзандингизга репетитор нима учун кераклигини аниқлаштиринг: бирор фандан баҳоларини яхшилаш учун, қийин мавзуларни тушунтириш мақсадида, имтиҳонга тайёрланишга кўмаклашиш ёки янги билим эгаллаш учун, масалан, иккинчи хорижий тил.

Аниқ мақсад педагог ўз олдига самарали иш режасини туза олишига, сиз эса жараённи баҳолашингизга ёрдам беради.

2. Бола билан гаплашинг
Репетитор билан шуғулланувчи одам сиз эмас, фарзандингиз. Маълум бир ўқитувчидан ўрганиш у учун ҳам қулай бўлиши керак. Бола кимдан билим олишни истаётгани ҳақида албатта сўранг: эркакми ёки аёл, талабами ё катта ёшли ўқитувчи, мулойим ёхуд қаттиққўл тьютор (тарбиячи).

3. Педагогнинг иш тажрибаси ва билимини баҳоланг
Диплом ва сертификатлар йиғими ҳар доим ҳам сифатни белгиламайди. Репетитор анча вақт олдин олий таълимни эгаллаган, сўнгра ўз соҳаси бўйича ишламаган, курсларни эса қандайдир тушунарсиз ҳолда олиб бориши мумкин.

Педагогнинг малакаси ҳақида сўранг ва ҳужжатларини кўздан кечиринг, аммо шулар билан чекланиб катта баҳо бериб юбормасдан унинг машғулот вақтида ўзини қандай тутишига эътибор қаратинг.

4. Педагог ва бола ёши мувофиқлигини инобатга олинг
Учинчи синф ўқувчиси билан университет профессори иш олиб боришидан маъно йўқ, ўсмирлар эса талаба-тьюторларга нисбатан ўзларини жиддий тутмасликлари мумкин. Шунинг учун яхшиси репетиторни шундай танлаган маъқул:

- кичик синф ўқувчилари учун талабалар ва университетни яқинда тамомлаган битирувчилар мос келади;
- ўрта синф — битирувчилар ва мактаб ўқитувчилари;
- катта синфлар учун — нисбатан малакали педагоглар.
Аммо иккинчи томонини ёддан чиқарманг: бола ўзи ҳам қайси ёшдаги тьютор билан машғулот ўтказишни истаётганини билдирсин. Қулайлик ҳар нарсадан устун.

5. Нархларни таққосланг
Машғулотлар учун тўлов миқдори бир неча параметрларга боғлиқ бўлади:

Малака. Одатда талабалар кўп сўрашмайди, 5-7 йиллик кичик кўникмага эга тьютор ва университет профессори ёки кўп йиллик репетитор белгилаган нархида тафовут бўлиши ҳам табиий.

Машғулот давомийлиги. Репетитор билан дарс 45 дақиқа (худди мактабдагидек), 60 дақиқа (астрономик соат), 90 дақиқа (университет параларидек) ёки ҳатто 2 соат бўлиши мумкин. Дарс соати қанча узун бўлса, нархи ҳам кўтарилади.

Интенсивлик даражаси. Масалан, 11 синф ўқувчиси ўқув йили бошида репетиторга мурожаат қилса — машғулот учун вақт етарли, демак, жадаллик ўртача. Мактаб битирувчиси олий таълим муассалари имтиҳонларидан атиги бир ой олдин машғулотларни бошламоқчи бўлса интенсивлик сезиларли даражада юқори. Нарх ҳам шунга яраша ошади.

Фан. Фанлар турлича баҳоланади. Инглиз тили ва математикадан дарс олиш энг қиммат бўлиб турибди, масалан, Тошкент шаҳрида ойига ўртача 500-700 минг сўм, баъзи курсларда 1,5 млн сўмгача етади. Она тили курслари эса максимал даражада 200-300 минг сўм.
Ўз шаҳрингиздаги репетиторлар белгилаган нархларни солиштиринг. Энг арзон тьюторни танламанг (талаба ва янги бошловчилар — истисно).
Ёдда тутинг: сизнинг вазифангиз иқтисод қилиш эмас, фарзандингиз фанни ўзлаштиришида ёрдам бера олувчи педагогни топиш. Ҳам талабларингиз, ҳам ҳамёнингизга мос репетиторни топишга уриниб кўринг. Олтин ўрталикни топинг.

6. Дарслар қаерда ўтказилишини танланг
Репетитор билан машғулотлар 3 хил кўринишда ўтказилиши мумкин:

Уйга келиб. Бундай йўл бола учун энг қулайидир. Сиз ҳам машғулотлар қандай кечаётгани ҳақида кўп бош қотирмайсиз. Аммо бу ҳолатда репетиторлар кўпроқ пул сўрашади. Йўл кира ва вақт масалаларини инобатга олишади, албатта.
Видео-алоқа орқали. Интернет сифати бунга жавоб бера олган ва шундай билим олиш бола учун қониқарли бўлганда ёндашса бўлади.
Репетитор ҳудудида. Уйда ёки иш жойида (мактаб, лицей, университет ёки ўқув маркази). Бундай машғулот нарх борасида энг яхшиси ҳисобланади. Болага осон бўлиши учун уйга яқинроқ ҳудуддан репетитор изланг. Адашиб қолиш ёки узоқ йўлда чарчаб қолиш эҳтимоли камаяди.

7. Репетитор билан шахсан танишинг
Болани машғулотга юборишдан аввал, ўқитувчи билан кўришинг. Шундагина педагог образини тўлиқ тасаввур қила оласиз. Кейинги деталларга аҳамият қаратинг:

Ташқи кўриниш. Репетитор иложи борича саранжом бўлиши керак.
Нутқ. Овоз тембри, баландлиги ва кескинлиги — ҳаммаси аҳамиятли. Шунингдек, бехато гапиришига ҳам эътибор бериш керак: на она тили ўқитувчиси ва на физика репетиторининг сўзларни чалкаштириб гапиришга ҳаққи бор.
Интерьер. Агар репетитор ўз уйида дарс беришини айтса, келишишдан аввал ўша хонадонга ташриф буюринг. Хона покиза ва етарли даражада ёруғ бўлсин.
Биринчи учрашув даврида ўқитувчидан дарс қандай ўтиши ҳақида сўранг. Ёки унда таҳсил олган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг фикрлари билан қизиқинг. Шундагина фарзандингиз тьютор ёрдамида қандай натижаларга эриша олиши ҳақида маълумотга эга бўласиз. Репетиторга аввалги ўқувчиларининг имтиҳон натижалари ва қайси олийгоҳ талабаси бўлганликлари ҳақида ҳам саволлар беришингиз мумкин.

Масалан, фарзандингиз физика фанидан машғулотларга қатнамоқчи ва техника мутахассислиги йўналишида ҳужжат топшириш ниятида бўлса, педагог етиштирган битирувчилар орасида талабалар сафига қўшилганлари мавжудлиги ҳақида билиш муҳимдир.

Биринчи дарсда фарзандингиз билан бирга қатнашиб, ўқитувчи иш жараёнида ўзини қандай тутишини билиб олиш нур устига аъло нур бўлади.

8. Қўнғироқлашиб туришга келишинг
Натижага эришиш учун дарслар қанчалик муваффақиятли кетаётганидан хабардор бўлиш керак. Педагог сизга жараён қандай кетаётгани етказиб туришини сўранг: бола қайси дарсларни тугатгани ва эндиликда нима мавзу ўрганиши ҳақида бохабар қилсин.

9. Вариантларни таққослашдан қўрқманг
Биринчи уринишда мукаммал репетиторни топиш мумкин, аммо мушкул. Тьютор болага ёқмаслиги ёки шунчаки ўзи ваъда қилган натижани тақдим этмаслиги мумкин.

Шундай ҳолатда яхшиси янги репетитор топиш керак: педагогни хафа қилишдан уялиш ёки қўрқиш керак эмас. Ёдда тутинг: машғулот мақсади — фарзандингиз таълим кўриши ва янги билимларни ўрганишида кўмаклашиш.
Репетиторларнинг ўзи машғулотдан бош тортиши мумкин эмас. Уларнинг вазифаси ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашишдир.

Интернет материаллари асосида Н. Қаршиева тайёрлади

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Репетиторни қандай танлаш керак?