Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган «Машъал» – «Шўртан» (2:1) учрашувидан кейин «Машъал» клуби бош мураббийи Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида иштирок этиб, беллашув ҳақидаги фикрларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, бу ўйин мавсумнинг энг ҳал қилувчи баҳсларидан бири бўлган:
«Учрашув биз учун катта аҳамиятга эга эди. Бир вақтнинг ўзида дерби мақоми ҳам борлиги билан янада қизиқарли бўлди. Ғалаба билан бутун Муборак аҳлини табриклайман», — деди мураббий.
Нарзуллаев ўйинда икки хил «Машъал»ни кўриш мумкин бўлганини ҳам таъкидлади:
«Футболда турли ҳолатлар бўлиши табиий. Биринчи тайм 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб, бироз оромга берилиб қўйдик. Бу ҳолатни аввал «Динамо»га қарши учрашувда ҳам кўргандик. Ўша пайтда устунликка эга бўлиб ҳам ғалабани қўлдан бой бергандик. Шу сабаб бугун диққатни йўқотмасликка ҳаракат қилдик», — дея қўшимча қилди у.
Рақиб ҳақида сўз юритар экан, мураббий ғузорликларни мақтади:
«Шўртан» сафида ҳам истеъдодли ёшлар бор. Улар ҳам майдонда яхши ҳаракат қилишди. Турнир жадвалида пастки ўринларда бўлишлари ҳеч нарсани англатмайди. Майдонга тушган ҳар қандай жамоа хато қилади».
Мураббий Хумоюн Муртазоевнинг ҳолатига ҳам тўхталди:
«Сўғдиёна билан ўртоқлик баҳсида Хумоюн Муртазоев, Сардор Абдураимов ва Дмитрий Яшин енгил жароҳат олгани учун уларни ўша пайтда асраб қолгандик. Бугун эса уларнинг ҳолати яхши ва жамоага ёрдам беришга тайёр», — деди Нарзуллаев.
Ҳакамлик борасида эса у жуда ижобий фикр билдирди:
«2016–2017 йилларда сафарда ўйнаганда ҳакамликдан чўчирдик. Ҳозир эса вазият тубдан ўзгарди. Жамоангиз кучли бўлса, уйда ҳам, сафарда ҳам ғалаба қозониши мумкин. Ҳозир ҳакамлик янги босқичга кўтарилган, қолаверса ВАР тизими бор».
Мураббий ўз стадионида ўйнамаган жамоа кўпроқ қийинчиликка дуч келишини ҳам айтди:
«Менимча, агар биз учрашувларни Муборакда ўтказиб келганимизда, очколаримиз анча кўпроқ бўларди. Чунки уй майдонида деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Бу ҳақиқат. Футболчилар ҳам ўзларини бошқача ҳис қилишади. Тўғри, стадион билан боғлиқ айрим муаммолар бор, аммо улар вақт ўтиб ҳал этилишига ишончим комил», — дея сўзини якунлади Нарзуллаев.
Манба: championat.asia
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!