Президент Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни аҳоли ва аграр соҳани рўйхатдан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт йўналишларини белгилашда аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, яшаш шароити ҳамда фаровонлик даражаси, шунингдек қишлоқ хўжалиги ҳолати аниқ маълумотлар орқали баҳоланиши жуда катта аҳамият касб этади. Шу боис рўйхатга олиш жараёнлари асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Эслатиш жоиз, мамлакатимизда умуммиллий рўйхатдан ўтказиш сўнгги марта 1989 йилда ўтказилган эди. Кейинги йилларда бу йўналишда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида» қонун қабул қилинди. Унга кўра, аҳоли ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалиги эса камида ҳар 5 йилда рўйхатдан ўтказилиши белгиланди.
2021 йилда аҳоли, 2022 йилда эса аграр соҳада синов рўйхати ўтказилганди. Бироқ тўлиқ қамровли тадбирни ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар ва халқаро тажрибани ўрганиш маълум вақт талаб этгани учун жараён кейинга қолдирилганди.
Таклифда Жаҳон банки, ЮНФПА ва ФАО кўмагида ишлаб чиқилган янги усул тақдим этилди. Унга кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини ҳисобга олиш ишлари 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Дастлабки 17 кун интернет орқали, кейинги бир ой «маҳалла еттилиги» ёрдамида уйма-уй юриб амалга оширилади.
Бу йўл билан харажатлар анча қисқариб, тахминан 1,3 триллион сўм тежалиши маълум қилинди. Шу билан бирга, жараёнлар оддий ва шаффоф йўлга қўйилади. Саволлар сони аввалги 328 тадан 71 тага қисқартирилди.
Натижада, Европа статистиклар конференцияси тавсияларига асосан, мамлакат аҳолиси (38 миллиондан ортиқ) тузилиши, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, даромад манбалари ва фаолият турлари бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Аграр соҳада эса ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати, чорва ва парранда сони ҳақида аниқ маълумотлар йиғилади. Бу эса қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган 25,6 триллион сўмлик маблағ, шу жумладан 2,2 триллион сўм бюджет ресурслари самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Жараёнларни самарали ташкил этиш учун «маҳалла еттилиги» махсус ўқув дастурлари асосида тайёрланиб, рағбатлантирилади. Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида молиялаштирилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилиб, аҳоли огоҳлантирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этилган режани маъқуллаб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини тизимли, сифатли ва самарали амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!