Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ва Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор чора-тадбир давомида жиддий қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Маълумотларга кўра, “A.D.” хусусий корхонасида менежер лавозимида фаолият юритувчи Б.Ш. икки нафар фуқарони Словакияга ишга юбориш ва улар учун ишчи визасини расмийлаштириб бериши мумкинлигини ваъда қилган. Шу мақсадда у улардан 7 минг АҚШ долларини талаб қилиб, пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор ҳаракат чоғида фуқаро Б.Б. икки нафар фуқарони Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш учун виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни айтган. У бунинг эвазига 2 минг АҚШ долларини қўлга киритган пайтда далиллар билан қўлга олинди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25- ва 168-моддалари (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов жараёнлари олиб борилмоқда ва айбдорларнинг қилмишига қонуний баҳо берилиши белгиланган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!