10 сентябр куни Liga Portugal Awards тадбирида 2024/25 йилги мавсум расман якунланиб, ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилинди. Мазкур маросимда Португалия чемпионатида ўзини кўрсата олган энг кучли футболчилар ва мураббийлар муносиб тақдирланди.
Бош мукофот – йилнинг энг яхши футболчиси учун бериладиган соврин Швеция терма жамоаси ҳужумчиси, "Спортинг"нинг собиқ тўпурари Виктор Гёкереш қўлига топширилди. 27 ёшли форвард ўтган мавсумда Лиссабон клуби сафида 33 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 39 марта тўп киритди ва 8 та голли пас билан жамоасига катта ёрдам берди. Бундай юқори натижалар орқали Гёкереш мухлислар ва экспертлар овозида бир овоздан мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.
Эътиборли жиҳати, ёзги трансфер ойнасидан кейин Виктор Гёкереш Лондоннинг машҳур клуби – "Арсенал" сафини тўлдирди. Ундан янги жамоасида ҳам юқори даражада ўйнаш ва Премьер-лигада ўзини кўрсатиши кутилмоқда.
Шунингдек, Liga Portugal Awards маросимида йилнинг энг яхши мураббийи ҳам аниқланди. Бу йўналишда "Спортинг"ни 82 очко билан чемпионликка етаклаб, асосий рақиби "Бенфика"ни икки очкога ортда қолдирган Руй Боржес муносиб деб топилди. Унинг тактик қарашлари, футболчилар билан ишлаш услуби ва чиройли ўйин кўрсатишга интилиши спорт жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланди.
Мазкур тақдирлаш маросими Португалия чемпионатидаги мавсумнинг қай даражада қизиқарли ва кескин ўтганини яна бир бор намойиш этди. Тўпурар Гёкереш ва мураббий Боржес ўз меҳнатлари ва ҳаракатлари билан бу мукофотларга муносиб кўрилдилар.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!