date

Марсда ҳаёт бўлгани эҳтимолини кучайтирувчи кашфиёт қилинди

Марсда ҳаёт бўлгани эҳтимолини кучайтирувчи кашфиёт қилинди

NASA ва Лондон Империал коллежи олимлари Марс юзасида ҳаётнинг илк кўринишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган изларни аниқлашди. Тадқиқотчилар Езеро кратеридаги жинсларни ўрганиб, уларнинг таркибида органик моддалар ва Ердаги биокимёвий жараёнларга ўхшаш реакциялар излари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотларга эга бўлишди. Бу ҳақдаги илмий мақола нуфузли Nature журналида чоп этилди.

Олимлар Bright Angel номи билан машҳур бўлган ёрқин ҳудуддаги тошларни таҳлил қилишди. Маълум бўлишича, бу жинслар тинч сув муҳитида — кўл ёки қирғоқда шаклланган чўкинди қатламларидан иборат экан. Уларнинг ичида темир-фосфат ва темир-сулфид билан бойитилган майда тузилмалар топилди. Мутахассислар бу тузилмалар органик углерод билан реакция натижасида юзага келган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Ерда бундай жараёнлар кўпинча микроорганизмлар фаолиятига боғлиқ бўлади.

“Бу кашфиёт катта аҳамиятга эга. Биз ўрганган намуналар Марсда биологик жараёнлар бўлганини кўрсатувчи энг кучли далиллардан бири ҳисобланади”, — деди Лондон Империал коллежи профессори Санжив Гупта.

Маълумки, 2021 йилдан бери Езеро кратерида фаолият юритаётган Perseverance марсоходи Bright Angel ҳудудидан намуналар олган ва уларни махсус капсулада сақламоқда. Бу намуналар 2030-йилларда Ерга қайтарилиши кутилмоқда.

Британия космик агентлиги вакили Меттю Кук ҳам натижаларни юқори баҳолади: “Олинган маълумотлар Марсда микроб ҳаёти учун шароит бўлганини кўрсатувчи энг ишончли асослардан биридир. Гарчи якуний хулоса чиқаришда эҳтиёткорлик талаб этилса-да, бу кашфиёт инсониятни асосий савол — “Биз коинотда ёлғизмизми?” деган муаммони ҳал этишга яна бир қадам яқинлаштиради”.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Марсда ҳаёт бўлгани эҳтимолини кучайтирувчи кашфиёт қилинди