18:18 / 13.09.2019
4 039

Насроний атиргули (3-қисм)

Насроний атиргули (3-қисм)
Ўтган йили соҳилда кезиб юрганимизда укам мендан шар олиб беришимни сўради. Бир боланинг қўлидаги шарни кўриб тикилиб қолган ва “Менга ҳам шундан олиб беринглар”, деб туриб олган, лекин ундан тополмагандик.

Бир гал телефонда гаплашганимизда онам айтиб қолдилар, орадан бир йил ўтган бўлса-да, ҳалиям ўша шарни унутмаган экан. Ҳолбуки, Германияда унга бундан ҳам чиройли шарлар олиб беришганди. Лекин у ўша соҳилда кўрганимиз шарни ҳеч унутолмасди.

Қайта-қайта ўша шардан олиб беришимизни сўраганида унга бақириб ташлагандим:
– Худди умрида шар кўрмаган болага ўхшайсан! Ҳатто ҳеч нарса кўрмаган боладайсан! Германияда шар йўқми?

Буни қаранг, бола бир нима кўрмаган бўлса, у айборми ёки болага бирор нимани кўрсатмаган катталар айбдорми? Ҳа, тескари қарашга ўрганиб қолганмиз. Тескарига тўғри қарашда давом этяпмиз.

“Ҳатто ҳеч нарса кўрмаган болага ўхшайсан!” дея жеркиганим уни ҳайрон қолдирганди. Шундай жавоб қилди Уғурим:
– Опажон, мен кўп шар кўрдим, лекин унақасини ҳеч кўрмаганман-да, ахир!

Инсондаги пинҳон ҳислардан бири эди бу жавоб. Одам боласи нега бунча худбин? Нега фақат ўзига ёққан нарсаларга аҳамият беради? Айниқса, болаларнинг қизиқиши, қувончига нега бепарво қаралади? Ўзимни гуноҳ устида қўлга туширдим.

Укам ҳозир олти ёшда ва бироз вақтдан кейин мен уни кўраман. Лицейда ўқиш учун Туркияга келгандим. Аввалига ҳеч ёқтирмадим, лекин кейин кўникиб кетдим ва ниҳоят лицейни тугатдим. Германияга ота-онамнинг ёнига боряпман.

Қайтганимда укамга севган шаридан олиб бориш учун бир неча кун шар дўконларини айландим. Улгуржи сотадиганларни ҳам изладим. Ўша шардан менга топиб берганларга беш юз марка беришни ваъда қилдим. Қаерда шар сотувчи кўрсам, унга шундай дедим: “Агар топсангиз, шу телефонга хабар қилинг!” Оппоқ шарда бошига капалак қўнган дельфиннинг расми борлигини айтиб, ҳаммага таърифладим. Балки “Ўзи бир шар бўлса, шугина матоҳ учун бунча уринишнинг нима кераги бор эди?” деганлар чиқиб қолар. Ҳа, тўғри. Мен учун ҳам шунчаки бир шар. Лекин укам учун бу шар нима экан?

Бир куни эрталаб қўнғироқ бўлди. Жавоб бердим, шарни таърифлаганим бир одам ҳаяжон билан хабар берди:
– Топдим, опа, сиз айтган шардан топдим. Нечта олай?

Қувончимдан юрагим ҳапқириб жавоб қилдим:
– Беш- ўнта олаверинг, – дедим.

Манфаатпарастлардан нафратланаман. Тўғри, ҳамма улардан нафратланади деб ўйлайман-ку, мен ҳамманинг нафрати даражасида нафратланаман. Гўшакнинг нарёғидаги кишининг саволи мени ақлдан оздираёзди. Дудуқлана-дудуқлана:
– Опа... Ҳар бир донасига беш юз маркадан берасизми?

Бунақанги имкон пойлаб юрадиган кимсаларни чириган, теккан жойига ёпишиб қоладиган сақичга ўхшатаман. Икки оғиз сўзни аранг гапиролдим:
– Битта олсангиз етади.

Олиб келди. “Биттаси мендан унга ҳадя бўлсин”, – деди. Энди ўша шардан унга олиб бораман. Жуда ҳам севинади. Уни жуда ҳам соғиндим. Укам ҳақида нега бу қадар чуқур, қалбим билан сўзлаб берганимни, ҳаёт ҳикоясини Исмат девонадан кейин укам билан бошлаганим сабабини, унинг ҳаётимдаги ўрни нечоғли эканини билганингизда тушуниб оласиз...

Йўлга чиқиш учун тайёрланяпман.
Бобом ва бувим эса жуда ҳам хафа.

– Жоним қизим, кетганингдан кейин ота-онангдек бизни унутиб юбормагин, хўпми? Тез-тез телефон қилиб тур бизга, – дейишди.

Фарзандининг соғинчида ўртанаётган ота-оналар. Ота-онасини унутган фарзандлар. Ва ҳамма ўзини вафодор инсон ўлароқ билиши... Энг хунук нарса ҳам бунинг олдида чиройли кўринади.

Германияга қайтиш сафаримнинг тайёргарлиги бошланди. Янги дунёга тайёрланаётганим учун ҳаяжондан бир жойда ўтиролмасдим. Бойлик ичида мени қувонтирадиган бирор нима йўқ эди. Монтань айтганидек, ҳашаматли ҳаёт бизни қиличдан баттар парчалайди. Парчалар ичида тирилишга уринган сари ноқулай шароит ҳаммани боши берк кўчага тиқиштириб қўяди. Укамни ўйлаб жуда ҳам севинаман ва бу дунёда менинг ҳам жони дилдан соғинадиган яқиним борлигини англадим.

Янги дунёмдан оиламнинг хабари йўқ эди. Менинг янги шахсиятим уларга сюрприз бўларди.

Ота-онам ҳеч кимнинг эътиқодига аралашмайдиган демократ инсонлар эди. «Демократман» деганларнинг ҳаммаси демократ бўлолмасди, лекин ўйлашимча, менинг ота-онам демократ эдилар. Мен билан ишлари йўқ эди. Бунга ишончим комил. Балки хурсанд бўлишлари мумкин. Чунки янги шахсиятим, янги диним ва янги нуқтаи назарларим билан уларнинг қаршисида мутлақо бошқа бир фарзанд турарди.
Давоми бор...

Амина Шенликўғлу

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Насроний атиргули (3-қисм)