08:45 / 28.09.2019
3 316

«У менга мулозамат қилмади» — «Эрка» амалдор ва сарсон фуқаро

«У менга мулозамат қилмади» — «Эрка» амалдор ва сарсон фуқаро
Аввалбошдан нуқтайи назаримни билдирмоқчиман: ўз ҳақини талаб қилиш, адолатсизликка дуч келганда, қаергадир мурожаат қилиш — сиз-у биз салбий бўёқ беришга одатланган «ёзувчилик» эмас. Аксинча, фаоллик, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб этиш йўли билангина нимагадир эришиш мумкин.

Бироқ, кўпинча туман ёки маҳалланинг ўзида ҳал қилса бўладиган мурожаатларга дуч келамизки, бу ҳудудларда ўта даражада бюрократия сақланиб қолаётгани, лавозимига номуносиб кадрлар ишлаб келаётганини кўрсатади.

Пайариқ туманидаги кичик бир воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман. «Янгиариқ» маҳалласида яшовчи фуқаролар шу маҳаллада жойлашган учта хонадон ўртасида тортишувга сабаб бўлган йўлакча борасидаги суд ажрими билан танишиш учун ёрдам беришимизни сўраб, бир неча марта мурожаат қилишди. Атиги, битта суд ажримига кўз югуртириш учун! Ва шу сабабли ўзларининг наздида «ёзувчи» деган ном олишди...

Саволлар кўп. Хўп, фуқароларнинг мурожаати судда қондирилибди. Бироқ, суд давлат аҳамиятига молик стратегик ёхуд махфий ишни кўриб чиқмаган бўлса, ажрим фуқароларнинг фойдасига чиққан бўлса, нима учун уларга ажрим кўрсатилмаган? Бу шунчаки, эътиборсизликми ё фуқароларга нисбатан нописандлик? Бу иш фуқаролар эшикма-эшик сарсон бўладиган даражада оғир масалами?

Бизнингча, агар туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси ёки фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туман суди вакиллари шу бир парча қоғозни фуқароларга кўрсатса, обрўси тушиб қолмаган, фуқаролар ОАВга кетма-кет мурожаат қилмаган бўларди.

Хуллас, ажримни олиш, фуқароларга кўрсатиш учун охир-оқибат Пайариқ туманига иккинчи марта бориб келишга мажбур бўлдик. Умуман, ҳузурига келганни писанд қилмаслик оқибатида қатор идораларга мурожаат қиладиган, сарсон бўладиган фуқаролар сони оз эмас.

Ёки бошқа бир ҳолатни олайлик. Табиий газдан нореал қарздорликдан азият чеккан фуқаролар келди (ҳозир бу масала ечим топиш арафасида бўлгани сабабли қайси туман эканини келтирмадик). Ўша тумандаги тегишли идора вакилига боғланиб, олган дастлабки жавобимиздан сиз ҳам ҳайрон қоласиз:

«Аслида масалага ечим топса бўлади, аммо сиз айтган одам тўғри муомала қилмади-да. У менга «недовольний» гапирди».

Иддаони қаранг! Нима, қайсидир ташкилот хатосидан азият чеккан фуқаро «недовольний» бўлмасдан, сарсон бўлаётгани ҳақида эгилиб-букилиб, хурсанд ҳолда (!) ҳикоя қилсинми? Ёки биз шунчалик иззатталаблик касалига чалиндикми? Борингки, сиз бурчингизни бажаришингиз керак бўлганда, нега фуқародан ортиқча мулозамат кутасиз? Бунинг замирида тама ётибдими ёки мансабсеварлик? Ҳарқалай, мансабдорларнинг «эркалиги» фуқарога тушмаслиги керак.

Давлат бошқарув идоралари, ОАВ ва бошқа ташкилотларга тушадиган мурожаатларнинг катта қисми коммунал хизматлар юзасидан бўлса керак. Жумладан, нореал қарздорлик. Кўплаб ҳолатларда фуқаронинг қарздор эмаслиги исботланган, у билан қайта ҳисоб-китоб қилинган, аммо ҳали шу пайтгача хатога йўл қўйган идора хато қилганини тан олиб, кечирим сўраганини кўрмаганмиз. Бу хатога сабаб бўлган шахсларга нисбатан қонуний баҳо бериш-ку, афтидан, ҳали бери йўлга қўйилмайди. Жавобгарлик, айбдорлик ҳисси бўлмагач, хатолар сони ошаверади.

Фуқарога муносабат хусусида яна бир мисол. Туман ташкилотига раҳбар этиб тайинланган танишимнинг айтишича, қабулига келган аёл асабий ҳолатда бақиришдан нарига ўтмаган. Бояги раҳбар аёлни ўтириб, нафас ростлашга таклиф этган. Бир пиёла сув узатган. Шундан сўнг «Нима бўлди, опа, қандай ёрдам керак?» деб сўраган. Ҳар бир раҳбар қилиши шарт бўлган бор-йўғи ана шу эътибор фуқарони жуда таъсирлантирган. Маълум бўлишича, аёл ушбу корхона ходимларидан бирининг қўрс муомаласи учун устидан шикоят қилиш, ишдан бўшаттириш мақсадида келган, аммо сўнгги икки дақиқада фикридан қайтган. «Бир кун келиб ходимларингиз ҳам ўзини босиб олади, гаплашиб қўйсангиз бўлди», деганича чиқиб кетган.

Демоқчи бўлганим, одамни рози қилиш ҳам, бутун давлатга нисбатан нафрат уйғотиш ҳам кўпинча унинг иши тушиб турган ваколатли идора вакили муомаласига, эътиборига боғлиқ. Модомики, маҳаллий идора раҳбарлари уни эшитмас, мурожаатига беписанд қарар экан, у бошқа идораларга бориб сарсон бўлаверади.

Сўнгсўз ўрнида республика давлат бошқарув идоралари эътиборига бир таклиф бермоқчимиз. Ҳар чоракда мурожаатлар статистикасидан келиб чиқиб, энг кўп ариза тушаётган туманлар рейтингини ишлаб чиқиб, эълон қилиб боришни йўлга қўйиш лозим. Токи, қайси туманда маҳаллий идораларга халқнинг ишончи қолмаганини ҳамма билсин...
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ


P.S.: Мурожаатларга эътиборсизлик ҳақда жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аммо масаланинг яна бир томонидан ҳам кўз юмолмайсиз. Баъзи ҳолларда шикоят эгаси ўзининг ноҳақ эканини билгани ҳолда ўнлаб идораларга мактуб йўллашдан чарчамайди. Бу мурожаатни ўрганиб, ноҳақлигини тушунтириш учун эса ҳар сафар қайсидир ташкилот ходимининг кунлаб вақти сарфланади. Оқибатда, мурожаатчиларга ишончсизлик шаклланади. Бу мавзуда батафсил кейинги мақолада суҳбатлашамиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «У менга мулозамат қилмади» — «Эрка» амалдор ва сарсон фуқаро