
28 октябрь куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида воқеалар фақат мамлакатни эмас, бутун дунёни ҳам шокка солди. Шаҳар тарихидаги энг қонли полиция амалиёти ўтказилди, деб хабар берди nytimes.com. Расмий маълумотларга кўра, операция “Қизил қўмондонлик” деб аталувчи жиноий тўдага қарши йўналтирилган бўлган.
Рио штати ҳукумати бу рейдни тарихдаги энг йирик хавфсизлик амалиёти деб атади. Илк маълумотларга кўра, фақат биринчи кундаёқ 64 нафар киши ҳалок бўлган, улар орасида 4 нафар полиция ходими ҳам бор эди. Бироқ 30 октябрга келиб, қурбонлар сони икки баробарга ошиб, 132 нафарга етди. Шу билан бирга, ҳали ҳам аниқ ҳисоб очиқланмаган — бу эса жамоатчилик орасида жиддий саволларни келтириб чиқарди.
Maҳаллий нашрларнинг ёзишича, ҳалок бўлганлар орасида оддий фуқаролар ҳам бўлиши мумкин. New York Times нашри маҳаллий гувоҳларга таяниб хабар беришича, кўплаб жасадлар Рионинг четидаги бўш майдонга териб қўйилган. Уларнинг кўпчилиги ялонғоч ҳолатда бўлган — бу яқинлари таниб олишни осонлаштириш учун қилинган деб тахмин қилинмоқда. Кейинчалик яқиндаги ўрмон ҳудудидан яна ўнлаб жасадлар топилган.
Операция қандай ўтгани, қурбонлар орасида бегуноҳ одамлар бор-йўқлиги ва бу ҳолат учун ким жавобгар экани масалалари ҳозирча очиқ қолмоқда. Расмийлардан бири чоршанба куни “асосий мақсад — тўда раҳбарини қўлга олиш бажарилмади”, деб тан олди.
Фожианинг бошланиши маҳаллий аҳоли хотирасида жуда оғир сақланмоқда. Гувоҳларнинг айтишича, 28 октябрь тонг соат 3:30 атрофида итлар ҳуришидан кейин ҳамма нарса бошланган. Орадан кўп ўтмай, интернет ва электр таъминоти узилган, тонг ёришишидан аввал эса ўқ отиш овозлари эшитилган.
Ҳудудга 2,500 дан ортиқ полициячи киритилган, улар зирҳли машиналарда ҳаракатланиб, гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор “Қизил қўмондонлик” гуруҳи аъзоларини қидиришган. Ҳаво устида икки полиция вертолёти парвоз қилган.
Рио шаҳри жиноятчилик ва полиция ўртасидаги қаршиликларга анча ўрганган бўлса-да, бу галги воқеа миқёси ва қурбонлар сони билан фуқароларни ларзага солди. Кўпчилик буни шаҳардаги энг катта фожиа деб атади.
Рио ҳокимияти сўнгги йилларда жиноий тузилмаларга қарши кескин чоралар қўллаб келган. Штат губернатори Клаудио Кастро эса бу рейдни муваффақият деб баҳолади — расмий маълумотларга кўра, 113 киши ҳибсга олинган, 118 дона қурол ва қарийб бир тонна гиёҳванд модда мусодара қилинган.
Аммо жамоатчилик орасида бошқа фикрлар ҳам бор. Кўплаб фуқаролар бу амалиётни “адолат эмас, жиноят” деб баҳоламоқда. Улар полициянинг куч ишлатиш даражаси ва инсон ҳаётига нисбатан бепарволигидан норози.
Риода бўлган бу воқеа нафақат Бразилия, балки бутун Лотин Америкаси учун сигнал бўлиб хизмат қилмоқда — давлат хавфсизлик тизимларининг куч ишлатиш сиёсати ва унинг оқибатлари ҳақида жиддий мулоҳаза юритиш вақти келди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!