17:23 / 03.12.2019
5 206

Ижтимоий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари

Ижтимоий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари
Бугунги кунда дунёда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун хайрия ва тижорат, инновациялар ва анъанавий бизнес амалиётлари чорраҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар тобора кўпайиб бормоқда. Шунга қарамай, “ижтимоий тадбиркорлик” феномени ривожланишининг ҳуқуқий жиҳатлари ҳали ўзининг бошланғич босқичларидадир.

Ижтимоий тадбиркорлик ҳуқуқий майдонининг мавжуд эмаслиги имтиёзлар ва преференциялар бериш қоидалари ишлаб чиқилмаганлиги, биноларни сотиб олиш ва ижарага олишда қийинчиликлар, маҳсулотларни сотиш билан боғлиқ муаммолар ва ҳоказолар каби салбий оқибатларга олиб келади. Бундай қийинчиликлар, айниқса, ижтимоий тадбиркорликка алоҳида эътибор қаратаётган МДҲ мамлакатларида сезилмоқда.

Шу муносабат билан АҚШ, Буюк Британия, Италия, Малайзия, Жанубий Корея каби илғор дунё мамлакатларида ижтимоий тадбиркорликни ҳуқуқий тартибга солиш соҳасидаги асосий тенденцияларни ўрганиш қуйидаги асосий фикрларни ажратиб кўрсатилишига имкон беради.

I. Ижтимоий тадбиркорлик тарифини аниқлашда ягона ёндашувнинг йўқлиги муаммоси
Чет эл амалиётида баъзан бир-бирига зид бўлган ижтимоий тадбиркорликнинг турли хил таърифлари мавжуд. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ижтимоий тадбиркорлик атамасини аниқлашда ягона ҳуқуқий ёндашувни ишлаб чиқиш мураккаблиги қуйидаги ҳолатлар билан изоҳланади.

Ижтимоий тадбиркорликнинг келиб чиқиши. Баъзи мамлакатларда (Италия, Малайзия) ижтимоий корхоналар асосан давлат сектори
ва нотижорат сектор фаолияти натижасида пайдо бўлади. Бошқа мамлакатларда (АҚШ, Буюк Британия) эса улар тижорат секторидан келиб чиқади. Муайян мамлакатда ижтимоий тадбиркорликнинг келиб чиқиши ушбу турдаги тадбиркорликнинг асосий хусусиятларини белгилашда муҳим роль уйнайди.

Ижтимоий тадбиркорликнинг мақсади. Баъзи экспертлар ижтимоий тадбиркорликни аҳоли фаровонлиги учун қилинадиган тадбиркорлик фаолиятининг ҳар қандай тури сифатида кўришади, бошқалари эса ижтимоий тадбиркорликни кам таъминланганларга хизмат кўрсатиш ёки ногирон гуруҳларни иш билан таъминлаш каби муайян фаолият тури деб билишади. Бироқ, кўпчилик экспертлар ижтимоий корхонанинг фаолияти аниқ ижтимоий ёки экологик мақсадга йўналтирилган бўлиши керак деган фикрга қўшиладилар.

Фаолиятнинг шаффофлиги. Ижтимоий корхоналар жамият учун келтираётган ўзларининг ижтимоий ва/ёки экологик фойдалари тўғрисида ҳисобот беришлари шарт, аммо кўпчилик мамлакатларда буни назорат қилиш соҳасида ҳисобот беришнинг ягона шакли ва мезонлари ҳали ишлаб чиқилмаган.

Молиявий барқарорлик. Баъзи мамлакатлар (АҚШ, Буюк Британия) ижтимоий корхона савдо-сотиқдан ўз даромадини олиши ва узоқ муддатли капитални жалб қила олиши керак, деб ҳисоблайди. Бундай ҳолларда акциядорлар инвестициялар киритгани учун чекланган миқдорда мукофот олишлари мумкин бўлади. Бошқа мамлакатларда (Жанубий Корея, Италия) эса, ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш асосан давлат буюртма-ларига, давлат сектори грантларига ва хусусий хайрияларга боғлиқ бўлади.

Фойда тақсимоти. Баъзи мамлакатлардаги ижтимоий корхоналар фойдани тақсимлашни мутлақо таъқиқлайдиган ташкилотлардан ташкил топади. Бошқа давлатларда (англо-саксон мамлакатлари) эса фойдани қайта тақсимлашда маълум бир чегара ўрнатилади (мисол учун, фойданинг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида) ва активларни хусусийлаштиришга чекловлар қўядилар.

Инновациялар. Ижтимоий корхоналар кўпинча ва айниқса тежаш ва инклюзивлик усулларини қўллаб-қувватлашда инновацион деб ҳисобланади. Буюк Британия тажрибаси шуни кўрсатадики, ижтимоий корхоналар кичик ва ўрта корхоналарга қараганда кўпроқ даражада инновациондир. Бироқ, инновациялар ижтимоий корхоналарнинг асосий характерли хусусияти сифатида қаралмайди.

Ишчи кучи. Баъзи мамлакатларда (Италия) кўнгиллилар ёки давлат томонидан бадал тўланадиган ишчилардан ташкил топган жамоат ташкилотлари ижтимоий корхоналар деб тан олинади. Бошқаларида эса, ижтимоий корхоналар пуллик ишчиларни ёллашлари керак бўлиб, бунда улар кўпинча ночор гуруҳлар учун иш топишга аниқ эътибор беради. Баъзи мамлакатлар ижтимоий корхоналарида, юқори бошқарув даражасидаги ходимларга иш ҳақи бўйича чекловлар ўрнатилган.

II. Ижтимоий корхоналарга бериладиган имтиёзлар ва преференциялар
Ижтимоий корхона мавқеини аниқлаш учун батафсил мезонлар мавжуд бўлмаган кўпгина мамлакатларда имтиёзлар ва преференциялар бериш ижтимоий корхоналарнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларига қараб фарқ қилади. Бундан ташқари, хорижий давлатлар амалиётида ижтимоий тадбиркорлик учун, агар уларнинг ташкилий шакли нотижорат ёки хайрия жамғармаси бўлмаса, солиқ имтиёзлари тақдим этилмайди.

Ижтимоий корхоналарга давлат томонидан кенг кўламда ёрдам кўрсатадиган давлатлар орасида Италия ва Жанубий Корея алоҳида ажралиб туради. Хусусан, сертификатлаштириш талабларига мос келса, солиқ имтиёзлари, преференциялар, енгилликлар, субсидиялар, давлатнинг ижтимоий буюртмаларида кафолатланган тарзда иштирок этиш ва бошқа устунликларга эга бўлади.
Ижтимоий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими мукаммал ривожланганлик жиҳатидан намунали ҳисобландиган давлат – бу, шубҳасиз, Жанубий Кореядир.

Хусусан, 1997 йилда бошланган Осиё молиявий инқирози Жанубий Кореяда оммавий ишсизлик ва турмуш даражасининг кескин пасайишига олиб келди. Бу эса Жанубий Кореяда ҳукуматнинг ижтимоий бизнесга алоҳида эътибор қаратишига туртки бўлди. Aйнан шу даврда мамлакат раҳбарияти ўша пайтда Кореяда деярли бўлмаган нодавлат-нотижорат ва ижтимоий корхоналар кўмагидан фойдаланишга қарор қилди.

Бу жараён деярли ўн йил давом этди ва 2007 йилда пухта ишлаб чиқилган “Ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш тўғрисида” Қонун қабул қилиниши билан янги босқичга кўтарилди.

Қонунда ижтимоий хизматлар кўрсатишга ёки аҳолининг заиф қатламлари учун иш ўринлари яратишга қаратилган тижорат фаолиятининг барча турлари бўлган ижтимоий тадбиркорликнинг аниқ таърифи берилган. Бундан ташқари, қонун ижтимоий фаолият деб қаралиши мумкин бўлган оддий ва ўлчов мезонларини берди ва мажбурий сертификатлаш тартиби жорий этди.

Умуммиллий даражада Корея ижтимоий корхоналарини қўллаб-қувватлаш агентлиги ва Ижтимоий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитаси ташкил этилди. Улар ижтимоий бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича барча тадбирлар учун - ахборот кўмаги
ва фестиваллардан тортиб, ижтимоий тадбиркорларнинг профессионал ҳамжамиятини шакллантириш, улар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри молиявий ёрдам кўрсатади.

Бундай аниқ йўналтирилган ва жадал давлат сиёсати туфайли ўн йилдан ортиқ вақт давомида Жанубий Кореяда ўн минглаб одамлар жалб қилинган кучли ижтимоий бизнес сектори яратилди. Умуман олганда, бугунги кунда меҳнатга лаёқатли аҳолининг камида 60 фоизи ушбу мамлакатнинг кичик бизнесида ишлайди, бу албатта Корея Республикасининг ижтимоий-иқтисодий моделини 1997 йилдагига қараганда жаҳон иқтисодиётидаги тебранишларга нисбатан анча чидамли қилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, дунёда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши ва ушбу тенденциянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада ўсган шароитда, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ҳукуматлари ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича самарали чораларни ишлаб чиқишга устувор аҳамият бермоқдалар.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси шароитида, ижтимоий тадбиркорлик институтини яратиш ва уни ривожлантириш учун давлат томонидан тўлақонли қўллаб-қувватлаш тизимини назарда тутувчи меъёрий асосларни ишлаб чиқиш, шу жумладан уларга субсидиялар ва грантлар эълон қилиш, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш, шунингдек доимий равишда маслаҳат-консультатив ёрдам кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Бунда ижтимоий тадбиркорликнинг афзалликлари тўғрисида жамоатчилик ва ишбилармон доираларни хабардор қилиш чораларини кўриш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Н.Норбаев
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти бўлим бошлиғи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ижтимоий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари