Бугунги кунда айрим фуқаролар томонидан заҳирадаги ер майдонларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаса-да, ер майдонига ноқонуний равишда қурилиш ишларини амалга ошириб, йиллар давомида фойдаланиб келишмоқда.
Бундай ҳолатда Қонун талабига кўра ушбу қурилмалар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонига қурилган ноқонуний қурилма ҳисобланиб, мажбурий тартибда буздирилиши лозим.
Жумладан, Сайхунобод тумани, Ўзбекистон махалласида 14 нафар фуқаролар томонидан туман ҳокимлиги заҳирасидаги жами 0,55 гектар ер майдонига ўзбошимчалик билан молхона ва омборхоналар қуриб олганликлари ҳолатлари юзасидан, суд қарорига асосан мазкур ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда буздириш белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг Сайхунобод туман бўлими томонидан мазкур суд қарорлари бўйича олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида жавобгарлар огоҳлантирилиб, ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий равишда бузиш учун муддат берилган.
Ихтиёрий муддатда бузилмаган ноқонуний қурилмалар бўйича жавобгарларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган ва мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, мазкур қурилмалар мажбурий тартибда бузилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!