“Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–262-сон, 21.08.2025 й.) қабул қилинди. Ҳужжат орқали мамлакатимизда футболни янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан: моддий-техник базани халқаро талабларга мослаштириш ва футбол майдонларини кўпайтириш орқали футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сонини ошириш; иқтидорли футболчиларни саралаб олиш ҳамда уларни профессионал футболчи сифатида тайёрлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш.
Қарорга мувофиқ, футбол экотизимини бир нуқтадан бошқариш ва маълумот айланишини шифрланган тарзда йўлга қўйиш мақсадида “Миллий футбол электрон платформаси” ахборот тизими яратилади. Мазкур платформа орқали маълумотлар ягона реестрда жамланиб, академиялар, мактаблар, клублар ва федерация бўғинлари ўртасида электрон интеграция таъминланади.
2026 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида футбол академия ва мактабларининг ўқув-машғулот жараёнларини онлайн кузатиш, футболчилар селекцияси ҳамда тиббий ва жисмоний кўрсаткичларини реал вақтда мониторинг қилиш айнан шу ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу янгилик селекцияда очиқлик ва тезкорликка хизмат қилиб, иқтидорларни эрта аниқлашга кенг йўл очади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан футбол ўйинларига чипталарни харид қилиш шахсни идентификация қилиш механизмлари ҳамда матрицали штрих-код (QR код) технологияларини қўллашни назарда тутувчи махсус онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ёндашув стадионларда хавфсизликни ошириш, “чипта қора бозори”нинг олдини олиш ва мухлислар учун тезкор, шаффоф хизмат кўрсатишга қаратилган.
Қисқаси, ПҚ–262 рақамли қарор футбол инфратузилмасини замонавий стандартларга яқинлаштириш, селекция ва тайёрлов тизимини рақамлаштириш, шунингдек, мухлислар учун чипта сотиб олиш тажрибасини осонлаштиришга хизмат қилади. Янги платформа ва ахборот тизимлари босқичма-босқич ишга туширилиши натижасида футбол оммавийлиги кенгаяди, клублар ва терма жамоалар учун маълумотга асосланган қарорлар қабул қилиш амалиёти янада мустаҳкамланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!