date

Эрон расмийси: Россия Исроилга разведка маълумотларини берган

Эрон расмийси: Россия Исроилга разведка маълумотларини берган

Эроннинг сиёсий мақсадга мувофиқликни аниқлаш кенгаши аъзоси Саид Муҳаммад Садрнинг сенсацион баёноти минтақавий ва халқаро сиёсий майдонда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг таъкидлашича, июнь ойида Эрон ва Исроил ўртасида кечган 12 кунлик шиддатли тўқнашув давомида Россия Исроилга Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг жойлашуви ҳақида разведка маълумотлари берган. Бу ҳақда Садр Synergyir телеканалига берган интервьюсида очиқ билдирди, деб ёзади «Коммерсант» нашри.

Садрнинг фикрича, воқеаларнинг ривожланиши Россия билан стратегик иттифоқ ҳақидаги тасаввурларни йўққа чиқарди. Унинг сўзлари билан айтганда: «Москва бизга фақат оғзаки равишда Исроилнинг Эронга ҳужумини маъқулламаслигини билдирди. Аммо амалий ҳаракатларда эса аксинча, унга ёрдам кўрсатди. Бу эса стратегик шериклик ҳақидаги фикрларни асоссиз қилиб қўйди».

Эронлик расмий Москва билан бошқа давлатлар алоқасига ҳам мисол келтирди. «Масалан, Туркия — НАТО аъзоси. НАТО қандай ташкилот? Бу тузилма Россияга қарши йўналтирилган. Шунга қарамасдан, Москва Туркияга С-400 мудофаа тизимини сотишга розилик берди. Бу эса узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган “иттифоқчилик” ҳақида эмас, балки фақатгина иқтисодий манфаатларга асосланган ҳамкорликдир», — деди у.

Шу билан бирга, Садр Москва ва Теҳрон ўртасидаги алоқаларни бутунлай узиш тарафдори эмаслигини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар сақланиб қолиши зарур, аммо Россияга тўлиқ ишониш мумкин эмас. «Биз реал вазиятни англашимиз ва Россияни мутлақ ишончли ҳамкор сифатида кўрмаслигимиз керак», — дея қўшимча қилди у.

Шу тариқа, Саид Муҳаммад Садрнинг гаплари Россия ва Эрон муносабатлари атрофида янги саволлар туғдирди. Мутахассислар фикрича, бу баёнот нафақат икки давлат ўртасидаги стратегик муносабатларга таъсир кўрсатиши, балки минтақавий сиёсатда янги ўзгаришлар бошланишидан дарак бериши мумкин. Экспертлар ва кузатувчилар эса Москва–Теҳрон муносабатларидаги бу зиддиятнинг қандай оқибатларга олиб келишини қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон расмийси: Россия Исроилга разведка маълумотларини берган