Иордания подшоҳи Абдулла II ибн Ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Самарқанд халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуасини бориб кўрди.
Олий мартабали меҳмон халқимизнинг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмаларни томоша қилди. Рақс жамоаларининг чиқишлари намойиш этилди.
Бу ерда халқ буюк ўтмиши рамзлари тўпланган, тарихий шаҳарларимиздаги диққатга сазовор жойларининг нусхалари барпо этилган. Миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Таъкидланишича, бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистон-Иордания саммитининг асосий тадбирлари, шу жумладан олий даражадаги музокаралар 26 август куни бўлиб ўтади.