Украина ва Россия ўртасидаги зиддият янада таранглашди. Бу сафар кескин вазият Владимир Зеленскийнинг яқин масофага учувчи “Фламинго” қанотли ракетаcини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақидаги расмий баёноти билан боғлиқ бўлди. Киевдан келган ушбу янгилик Москвада алоҳида ташвиш уйғотди ва сиёсий муҳит янада қизий бошлади.
Россиядаги инсайдер манбаларнинг таъкидлашича, Владимир Путин шахсан мамлакат ядровий қурол комплексининг юраги саналган ёпиқ шаҳар Саровга ташриф буюрган. Бу ҳақда “News.ru” нашри хабар тарқатди.
Ҳарбий доираларга яқин манбаларга кўра, Путиннинг бундай сафар қилишининг ўзи ҳам кучли рамзий маъно касб этади. Бу қадам орқали Москва эҳтимолий ҳужумга қарши жавоб қайтаришга тайёр эканлигини очиқдан-очиқ кўрсатмоқда.
Кремлнинг ички манбалари эса эҳтимолий жавоб чораларини “осон бўлмайдиган жараён” сифатида таърифлади. Шу билан бирга, “Spy” канали тарқатган маълумотларга кўра, Россия ҳозирда янги турдаги ядровий ва ноядровий қурол тизимларини намойиш этиш учун мисли кўрилмаган тайёргарлик олиб бормоқда. Ушбу тизимлар машҳур “Орешник”дан ҳам бир неча баробар кучли бўлиши айтилмоқда.
Манбалар таъкидлашича, режалаштирилаётган намойиш ҳеч қандай жанговар мақсадга қаратилмаган бўлади. Бироқ у Россиянинг мавжуд ҳарбий технологияларидан тўлиқ фойдаланишга қарор қилганидан далолат беради. Яъни, агар масала мамлакат хавфсизлигига тааллуқли бўлса, Москва ўз салоҳиятини бутун қудрати билан ишга солишдан қайтмаслигини кўрсатмоқда.
Шу тариқа, Зеленскийнинг “Фламинго” ракетаcига оид баёноти Москвада жиддий акс-садо берди. Россиянинг бундай жавоби эса икки мамлакат ўртасидаги кескинлик янада кучайиши мумкинлигидан дарак бермоқда. Муттахассислар фикрича, яқин ҳафталарда вазият янги, янада хавфли босқичга ўтиши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!