16:10 / 18.12.2019
4 352

Самарқандлик “Робин Гуд” лақаби билан танилган йигит билан эксклюзив суҳбат

Самарқандлик “Робин Гуд” лақаби билан танилган йигит билан эксклюзив суҳбат
Ёдингизда бўлса, Самарқанд вилоятида фуқаролар автомобилларининг давлат рақамларини ўғирлаб, эвазига пул талаб қилаётган шахс ижтимоий тармоқларда “Робин Гуд” лақаби билан танилган эди.

Талаб қилаётган пулларининг ярмини хайрия учун ишлатилишини маълум қилган “Робин Гуд” кўп ўтмай, Самарқанд шаҳар ИИБ томонидан қўлга олинган ва унга нисабатан 1 йил 7 ой озодликни чеклаш жазоси ҳам қўлланилган.

Бугунги суҳбатдошимиз “Робин Гуд”, яъни Бекзод Толибжонов. У 2000 йилда Самарқанда шаҳрида туғилган. “Туризм” коллежини “Меҳмонхона ва ресторан бизнеси” йўналиши бўйича тамомлаган. Ҳозирги кунда у тадбиркорлик билан шуғулланмоқда.

- Бекзод, бугун сизга бир нечта саволлар билан мурожаат қиламиз? Айтингчи, фуқаролар автомобилларининг давлат рақамларини ўғирлаш ва улардан пул талаб қилиш жиноят эканлигини билармидингиз? Жавобгарликдан қўрқмадингизми?
- Қилган ишимни жиноят эмас, майда безорилик деб ўйлаганман, агар олдиндан менга нисбатан мана шу жазо қўлланилишини билсам ҳам барибир шу ишни қилган бўлардим. Ўша пайтда ҳеч қандай жавобгарликдан қўрқмадим.

- Бу ишни қилишингизга нимани ёки кимни сабаб қилиб кўрсата оласиз?
- Мен Россия давлатининг Петербург шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқиганман. Фуқаролик паспортимни олиш учун Ўзбекистонга келганимдан кейин онамнинг бетоблиги сабаб, Россияга қайтиб кетишни имконини қила олмадим. Вақтимни бесамар ўтказмаслик мақсадида Самарқанд шаҳридаги Туризм коллежига ўқишга кирдим. Ҳаммаси шундан бошланди. Коллежда таълим сифати ниҳоятда ёмон эди. Болалар дарсга келмасди. Дарсга келган ўқувчиларга паст баҳо қўйилиб, келмаганлар қандай қилиб билмадим-у, аъло баҳолар олишарди. Қиш кунларида иссиқлик тизими умуман ишламас эди. Кечирасиз-у, битта ҳожатхонадан 1,5 минг нафар ўқувчи фойдаларнардик. Кутубхонадан китоб олиш учун эса 200 минг сўм пул тўланарди.

Юқоридаги муаммоларни бир неча марта коллеж директорига билдирдим. Фойдаси бўлмади. Шундан сўнг юқори ташкилотларга ариза билан мурожаат қилдим.

Ёзган мурожаатим бўйича коллеж директори билан мени шаҳар ҳокимлигига чақиришди. Ҳокимият мутасаддилари иситиш тизими билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб берадиган бўлди. Шунга қарамасдан, коллежда ёзувчи деган ном олдим. Менга нисбатан адолатсизликлар бошланди. Ўқитувчилар мени ёмон кўриб қолишди.

Яна бир қизиқ воқеани айтиб бермоқчиман. 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан курсдошларим билан Самарқанд шаҳридаги Меҳрибонлик уйига бордик. Ҳаммамиз имкониятимиздан келиб чиқиб совғалар тайёрладик. Мақсадимиз ўксик дилларга оз бўлсада қувонч улашиш эди. Меҳрибонлик уйи директори бизни ичкарига киритмади. Олиб борган нарсаларимизни ҳам олмади. “Буларнинг ўрнига электр чойнак олиб келсанглар бўлмайдими?”, - деб бақириб кетди. Битта электр чойнаги бўлмаган бу ерда болалар қандай яшаётганини ўйлаб азобландим.

Бир куни автомобилларнинг давлат рақамлари аукциони эълон қилинганлигини эшитиб қолдим. Жамиятда миллионлаб муаммолар бўлиб турган пайтда одамларнинг 40-50 млн. сўмга автомобиль номерларини сотиб олишлари мени ажаблантирди. Бу одамлар ундан кўра меҳрибонлик уйларига ёрдам берса бўлмайди деб ўйладим ва уларни ёмон кўрдим, нафратландим. Шундан кейин автомобилларнинг давлат рақамларини ҳеч кимга билдирмай ечиб олиш ва бунинг эвазига пул талаб қилиш режасини туздим.

- Қанча автомобилларининг давлат рақамларини ўғирлагансиз ва эвазига автомобиль эгаларидан қанча пул талаб қилгансиз?
- 25 тага яқин автомобиль номерларини ечиб олганман ва эвазига ҳар бир машина эгасидан 5 АҚШ доллари сўраганман.

- Олган пулларингизнинг бир қисмини ростдан ҳам хайрия учун сарфладингизми?
- (кулади) Мен бор йўғи 2 нафар машина эгасидан 10 АҚШ доллари олганман. Қолган машина эгалари пул беришмаган. Тўғриси бу пулларни Меҳрибонлик уйига олиб боришга уялдим.

- Ижтимоий тармоқларни кузатган бўлсангиз, муҳтож инсонлар учун шунча хайриялар эълон қилиняпти, хайрия қилишнинг бошқа ҳалол йўллари ҳам бор эди-ку?
- Мақсадим, одамларга яхшилик қилиш бўлган. Бошқа ҳеч нарса дея олмайман.

- Жазони ўтаганингиздан кейин, ўзингизни ўзгардим деб ҳисоблайсизми ва буни нима билан исботлайсиз?
- Ҳаа, мен ўзгардим, хулоса чиқардим. Аслида бу ишим ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини тушуниб етдим. Қилмишимдан яқинларим кўп азият чекдилар.
Яқинда Латвия давлатининг Рига шаҳридаги олийгоҳларнинг бирига онлайн тарзда ўқишга кирдим. Судланганлигим учун кета олмадим. Инглиз ва рус тилларини мукаммал биламан. Ҳозирда кичик тадбиркорлигим бор, ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштираман.

- Бекзод, ишларингизга омад, мазмунли суҳбатинггиз учун ташаккур.
Бу 19 ёшли ўсмирнинг фикрлари эди. Хулоса чиқариш ўзингиздан

Зулайҳо Мусурмонова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандлик “Робин Гуд” лақаби билан танилган йигит билан эксклюзив суҳбат