Қайтиш (ҳикоя)

  • 16 январь 2020, 19:33
  • 1 095
  • Жамият
  • Қайтиш (ҳикоя)
    Қишлоқнинг чанг кўчаси бўйлаб кетиб бормоқда,
    бир маҳзун,
    бир ғамгин,
    бир башанг йигит.

    Ўша сен бўласан,
    ўша — МЕН!

    Қишлоғингни соғиниб кетасан… Автобус сени тупроқ йўллар бошига ташлаб ўтади. Ҳозир бутун қишлоқ қаршингга чиқадигандек. Шаҳарда ўқишингни кўрсатиб қўймоқчисан, шимингнинг балоғини туриб оласан. Галс¬тук бўйнингда салқи осилган.

    Кўҳна тутнинг соясида сингилчанг ўйнаб ўтирибди. Тагида эски олача. Қўғирчоқлари чўпдан, кийими – латта-путта. Бўшаган атир шишасига ҳавасакка сув тўлдириб олган. У: “Акам келди!” – деб ўзини қўярга жой тополмайди, бўйнингдан қучади. Олиб келган иккита хўрозқандингдан боши кўкка етади. Билмайдики, буни уёқларда… назарига ҳам илишмайди.

    Онанг пешвоз чиқади, неча йилдирки сенга қадрдон бўлиб кетган кўйлаги билан, қалампирмунчоқ ҳидини туясан. Қаршингда лойсувоқ уйинг. Куни билан қизиб ётган тупроқ кечқурун сув сепилгач, ёқимли ҳид таратади. Сал чанг тегса, устини ўн марта қоқадиган шаҳарликлар бу ҳовлини кўрса, нима қилишар экан – ўйлайсан…

    Қуёшнинг ботишини кузатиб ўтираркансан, итинг келиб ялтоқланади, қўлингни ялайверади, думини ликиллатади, куни кеча сен бошлиғингга эланганинг каби. Кечаси отанг кириб келади. Ўйлаб қоласан, куёвлигидан кейин бирор марта янги костюм кийганмикин? Падари бузрукворинг Тошкентнинг тинчлигидан сўрайди.

    Тезда қўни-қўшни, қариндош-уруғ йиғилади. Дастурхонда нон, қатиқ, чакки, саримой, мева… Куннинг қаҳрамонига айланиб кетасан. Шаҳар ҳақида айтилган гапларни худди кино кўргандай тинглашади. Мутлақ ҳақиқатдай қабул қилишади. Бу гаплар эса оғзингнинг бир чеккасидан чиқиб кетаверади. Тошкентга қачонлардир борган тоғанг сен билан метро ҳақида тортишади. Бошқалар кимга қўшилишини билмай ҳайрон. Онаизоринг сенга тикилиб-тикилиб олади, худди туш кўраётгандай…

    Қишлоқ одамларининг юраги каби кенг, чексиз осмон тагига жой солинади. Шаҳар ва қишлоқ қизларини солиштириб кўзинг илинади. Бир уйғонсанг, онанг бошингда ўтирибди, сочингни силаб. Отанг эртага бозорга чиқиш учун тайёргарлик кўриш кераклигини айтади. Сенга бериб юбориш учун пул керак. Қўй сотишмоқчи.

    Эрталаб турсанг, сутли чой тайёр. Уканг йиртиқ туфли билан мактабга бормайман, деб хархаша қиляпти. Онанг қўшниларникига чиқиб кетган, оёқ кийим излаб. Синглинг икки пақир сув кўтариб келиб қолади, қишлоқнинг нариги чеккасидан.

    Чиқиб кетасан. Жўралар, дўстлар давраси. Далани, тоғни айланасан, мактабга борасан, домлаларни йўқлаб. Уйда кўзи тўрт бўлиб сени кутиб ўтирган бўлишади.

    Тонг. Сафаринг қариди, энди шаҳарга қайтиш керак. Онанг бошқаларга билдирмай, сенга қараб-қараб олади. Узоқдан автобус кўриниш беради. Момонг қўлини дуога очади. Узун дуодан сўнг ўн-ўн беш жуфт қўл юзни силайди. Автобус тўхтамай ўтиб кетади. Қўшни хотинлар ҳайдовчини қарғаб қолади. Яна дуо. Навбатдаги автобусга амаллаб чиқиб оласан…

    Кўзинг ўнгида онангнинг термилган нигоҳи, момонгнинг нуроний чеҳраси, эски атир идишини кўтариб юрган синглинг, янги туфли деб хархаша қилаётган уканг, сени деб дуога кўтарилган қўллар… Қулоғинг тагида бобонгнинг насиҳатлари жаранглайди.

    Сенга анча масъулият юклаб қўйишди. Отанг эсингга тушади: энг сўнгги пулини ҳам фарзандларини илмли қилишга сарфлаган танти ўзбекнинг сиймоси эмасми?

    …Нимадир орқада қолиб кетгандай бўлаверади. Қўлингни сумка ичига тиқиб кўрасан: “Ҳа, шу ерда турибди!”

    Фарруҳ ЖАББОРОВ, ёзувчи

    Манба: xs.uz

    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Қайтиш (ҳикоя)