date

Путин Мирзиёевга миннатдорлик билдирди: Москва ташрифи юқори баҳоланди

Путин Мирзиёевга миннатдорлик билдирди: Москва ташрифи юқори баҳоланди

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 9 май куни Москва шаҳрига амалга оширган ташрифини алоҳида қадрлаб, уни икки давлат ўртасидаги яқин ва ишончли муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳолади. Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, икки давлат етакчилари ўртасида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Владимир Путин бугунги мураккаб ва ўзгарувчан халқаро вазиятда ўтказилаётган бундай учрашувлар нафақат анъанавий дўстлик, балки қардошлик руҳидаги ҳамкорликнинг ҳам муҳим кўриниши эканини таъкидлаган.

Россия раҳбари, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг “турли ташқи сигналлар ва босимларга қарамасдан” Москвага ташриф буюрганини алоҳида урғулади. У бу қадамни ўзаро ишонч ва стратегик яқинликнинг амалдаги тасдиғи сифатида баҳолаб, Ўзбекистон президентига дўстона муносабати ҳамда Ғалаба кунига бағишланган тадбирлардаги иштироки учун самимий миннатдорлик билдирди.

Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ва барқарор ривожланаётгани, айниқса стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди. Владимир Путин ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни янада ошириш ва минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Путин Мирзиёевга миннатдорлик билдирди: Москва ташрифи юқори баҳоланди