00:30 / 03.03.2020
3 979

Чиқиндихонада ойликсиз ишлаётган ўзбек аёли

Чиқиндихонада ойликсиз ишлаётган ўзбек аёли
Тунов куни уйга қайтаётиб, чиқиндихона ёнида бир воқеани гувоҳи бўлдим. Яъни бир аёл у ердаги чиқиндиларни сараловчи аёлдан нимадир талаб қилаётган эди. Четдан кузатсангиз бу ҳолат одамга бироз тушунарсиз эди. Бақираётган аёлнинг нимасидир йўқолгани учун чиқиндихона ишчиларини айбдор қилаётган эди. Орадан озроқ вақт ўтгандан сўнг бояги аёл кетди.

Яқинроқ бориб воқеанинг сабабини сўраган эдим, аёл қуйидагича жавоб берди:
«Ассалому алайкум, асли самарқандликман. Бу ерда бир неча йиллардан буён хўжайиним билан бирга ишлаймиз. Оилада 3 нафар ўғил фарзандим бор. Катта ўғлим оилали, улар ҳам мана шундай чиқиндихонада ишлайдилар. Кичкина фарзандларим Самарқандда ўқишади. Уларни ўқитиш, боқиш учун, албатта, пул керак. Мусофир юртда ишлаш, яшаш осон эмас. Лекин сабр қилишга мажбурмиз, чунки биз бу ердан кетсак, қишлоғимизда тайинли ишнинг ўзи йўқ. Кўриб турганингиздек, кўзларим катаракта. Хўжайиним ҳам бетоб, ҳозир уларни даволатишимиз керак.

Дори-дармонлар учун эса етарли пулимиз йўқ. Лекин ҳеч қачон нолимаймиз, Аллоҳга шукур тинч яшаяпмиз, энг катта бахт шу!
Бу ерда ишлаганимиз учун бизга ҳеч қандай маош тўланмайди, фақатгина одамлар олиб чиққан чиқиндиларни саралаб, сотиб кун кўрамиз. Шу билан бирга, хўжайиним ҳам соғ пайтларда мардикорлик қилиб, озми-кўпми пул топади.

Ҳозир кўрганингиздек, нохуш ҳолатлар ҳам кўп учраб туради. У аёлнинг ноҳақ эканини билганим ҳолда индамадим. Унинг айтишича, ўғли билмасдан дадасининг янги кийими солинган пакетни шу ерга ташлаган экан. Бу ҳақида хабар топган она эса келиб биздан талаб қилаяпти. Тўғри бизга келган нарсаларни ажратамиз, агар бирон керакли нарсалар чиқиб қолса, олиб қўямиз, эгаси келмасагина сотиб юборамиз. Аммо аёл айтган пакетни мен ҳам, хўжайиним ҳам кўрмаган эдик. У аёлнинг бизни ўғрига чиқаргани ва лўлилар деб ҳақорат қилгани жуда оғир ботди. Ахир, биз ҳам одаммиз, лўлилар ҳам худонинг бандаси, Аллоҳ ризқни ҳаммага ҳар хил берадику?! Нима учун инсонлар бунчалик ноҳақ бўлиб кетаяпти?!

Бу ерда биз қилаётган ишлар осон эмас, бунга ҳамманинг ҳам сабру бардоши етавермайди. Ҳар куни икки маҳал совуқ сув билан атрофни тозалашимиз шарт, агар бир кун тозаламасак, атрофга ёмон ҳид ёйилади. Биламизки, чиқиндилар орқали ёмон касалликларнинг юқиш хавфи кучли, шу боис саломатлигимиз ҳар доим таҳликада туради. Чиқиндиларни саралашимиз учун бизга давлат томонидан ҳеч қандай ҳимоя воситалари берилмайди. Биз эса, доимо сабрли бўлишга ҳаракат қиламиз».

Аёл билан суҳбатдан сўнг, бир масалага ойдинлик киритишга қарор қилдим, яъни улар учун давлат томонидан ойлик маош ажратилганми ёки йўқ?

“Махсустранс” ДУК вакили Фарҳод Қуронбоевнинг сўзларига кўра, «2019 йил март ойидан бошлаб чиқиндихона операторларининг ишлаш жадвали бўлган. Аммо иқтисодий қийинчиликлар сабабли штат жадвали йўқ қилинган. Чиқиндихона ишчиларининг барчаси ўз хоҳиши билан қабул қилинади ва шартнома тузилади. Ҳозирда уларга ҳеч қандай ойлик маош берилмайди».

Бу ердаги яна бир муаммо, чиқиндихона ишчисининг ҳақ-ҳуқуқларини билмаслигидир. Яъни чиқиндихонага одамлар ўз ихтиёри билан ҳар қандай маҳсулотни олиб келиб ташлашлари мумкин, лекин келтирилган нарсалар учун ишчилари жавобгар эмас. Агар ҳар биримиз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни билиб олсак, бу каби нохуш ҳолатларнинг, озгина бўлса-да, олдини олган бўламиз.

Ўзини бошқалардан устун тутадиган айрим каландимоғ кишиларга Аллоҳнинг ожиз бандаси эканини унутмасликларини, бировларга кибр билан қараса, Адолатли зот ўзини ҳам бошқалар олдида хору залил қилиши мумкинлигини таъкидламоқчимиз.

Ҳозирда жамиятимизда шундай аёллар борки, уларнинг сабру бардошига лол қолмасликнинг иложи йўқ. Гувоҳи бўлганингиздек, бугунги қаҳрамонимиз ҳам ана шундай аёллардан. У тинимсиз меҳнат қилиб фарзандларининг ҳалол яшашлари учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда. Аёлга бир назар ташлаган ҳар қандай инсон унинг кўзларидан ҳаёти қанчалар қийинчиликларга бой ва машаққатлардан иборат эканлигини тушуниб олади. Аллоҳ улардан рози бўлсин...

Нозима Умарали қизи

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чиқиндихонада ойликсиз ишлаётган ўзбек аёли