date

Сунъий интеллект билан амалга оширилаётган тиббий операциялар сони 43 тага етди

Сунъий интеллект билан амалга оширилаётган тиббий операциялар сони 43 тага етди

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тиббиётида рақамли инқилоб авж олмоқда — шифокорлар эндиликда беморларни текшириш ва даволаш жараёнларида сунъий интеллект (AI) технологияларидан фаол фойдаланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакат бўйлаб AI ёрдамида амалга оширилаётган текширув ва муолажа турлари сони 43 тага етди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тиббиёт муассасаларида 179 та янги ташхислаш ва 199 та даволаш усули жорий этилган. Улар орасида жигар ва буйракни кам инвазив усулда трансплантация қилиш, юракка сунъий чап қоринча ўрнатиш (LVAD), суяк кўмиги трансплантацияси, эпилепсия касаллигини даволашда мия имплантацияси, ҳамда умуртқа диски чуррасини олиб ташлаш каби мураккаб амалиётлар бор.

Ҳозирда ҳудудий ихтисослашган тиббиёт марказларида 379 турдаги юқори технологик операциялар бажарилмоқда. Бу эса беморларнинг Тошкентдаги марказларга йўл олиши эҳтиёжини кескин камайтирди — агар аввал 80 фоиз беморлар пойтахтга боришга мажбур бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 15 фоизгача тушган.

Шу билан бирга, бу йил давлат тиббиёт муассасаларига илк бор роботлаштирилган технологиялар жорий қилинди. Улар Республика ихтисослашган урология маркази ва Миллий тиббиёт марказида жарроҳлик, диагностика ва даволаш жараёнларида самарали фойдаланилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, яқин келажакда MRI, KT ва рентген тасвирларини сунъий интеллект орқали автоматик таҳлил қилиш, жарроҳлик операцияларини виртуал симуляция усулида ўтказиш ҳамда гибрид амалиётлар соҳасини кенгайтириш режалаштирилган.

Шунингдек, илмий тадқиқотлар йўналишида ҳам муҳим ютуқларга эришилмоқда. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети олимаси Дилдора Муҳаммадиева раҳбарлигидаги жамоа кўкрак бези саратонини илк босқичларида аниқлайдиган сунъий интеллект дастурини яратди. Бу лойиҳа келгусида аёллар саломатлигини муҳофаза қилишда улкан илмий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашича, сунъий интеллектни амалиётга жорий этиш нафақат операцияларни аниқ ва хавфсиз бажариш имконини яратади, балки шифокорлар юкини енгиллаштириб, беморларнинг тикланиш жараёнини ҳам тезлаштиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сунъий интеллект билан амалга оширилаётган тиббий операциялар сони 43 тага етди