date
views 1 863

Пандемия: хавотирларни қандай енгиш мумкин?

Пандемия: хавотирларни қандай енгиш мумкин?
Фото: Associated Press
Ҳозирги вазиятдан кам талофат билан чиқиб олиш борасида тавсиялар.
Пандемия каби шароитларда инсон икки зарарли муносабат: бепарволик ва безовталик ўртасида қолиб кетади. Бепарволикнинг давоси бохабарликда бўлса, безовталикнинг давоси вазиятни тўғри талқин этиш ва шунга монанд ҳаракат қилишдир.

Ортиқча ваҳималар жамият ва шахс миқёсидаги реал муаммоларни чуқурлаштиради, янгиларини келтириб чиқаради ва одамларни нотўғри қарорларга етаклайди.

21-аср учун мутлақо ўзгача бўлган ҳолат келиб чиққан бир пайтда ваҳимали кайфиятни енгиш осон эмас. Бунинг учун бизга таҳлилий ёндашув қўл келади. Таҳлилий ёндашув деб, бирон масалани таркибий унсурларга ажратиб олиш ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш орқали умумий ечимга келиш назарда тутилмоқда.

Демак, аҳолидаги қўрқувни давомийлик нуқтайи назаридан иккига бўламиз: бугунги қўрқувлар ва келажак тўғрисидаги қўрқувлар.

Айни дамдаги хавотирлар

1. Бугунги энг муҳим вазифа - COVID-19 касаллигини келтириб чиқарувчи SARS-CoV-2 номли вирусни юқтириб олмаслик.
Барча профилактика чораларига жиддийлик билан риоя қилиш керак. Мободо юққанлик асорати бўлса, тиббий муассаларга зудлик билан мурожаат қилиб, уларнинг кўрсатмаларига кўра иш тутиш зарур. Бу касаллик бедаво эмас, оғир ҳолатлар фоиз жиҳатдан оз, аммо жаҳонда кузатилаётган тиббий инқироз вақтида карантин чоралари кўрилмагани туфайли вирус жаҳон миқёсида тарқалиб улгурди.

Уйда қолиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш каби тавсияларга ўта эътиборли бўлайлик. Юз йил олдинги испан грипи пандемиясидан олинган сабоқлардан энг муҳими: карантин чораларини кундалик иқтисодий манфаатлардан устун қўйган жойларда ҳам оммавий соғлиқни сақлаш, ҳам иқтисод соҳаларида оғир талофатларсиз чиқилган.

2. Озиқ-овқат етмай қолиши қўрқуви. Бу қўрқув аҳоли ўртасида коронавирусни юқтириш хавотиридан кўра каттароқ кучга эга бўлгандек кўриняпти.

Аслида эса COVID-19 билан касалланиб қолиш энг асосий таҳлика эканини англашимиз зарур. Чунки озиқ-овқат етишмовчилигига сабаб бўладиган урушлар, иқлимнинг ниҳоятда кескин ўзгариши каби омиллар, шукрки, ватанимиз бошига тушмади.

Бир нарсани яхши тушуниш керак, энг муҳим озуқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва харид қилиш жараёни инсоният тарихининг ҳеч бир даврларида асримиздагидек осон ва кенг кўламли бўлмаган. Ўзбек халқи жаҳоннинг бошқа кўпгина халқлари каби таом тўкин-сочинлигини бунчалик даражада кўрмаган, ўтган асрлар ва аввалги замонларда очарчилик, қаҳатчилик одатий ҳол бўлиб келган эди.

Биздаги етишмовчилик хавотири ирсиятимиз ва тарихий хотирамиз сабабли қўзғаляпти. Бутун ер юзида зарурий минимум озуқа бўлмиш ғалла-дон таъминоти масаласи замонавий генетика ва технологиялар воситасида ҳал қилиб бўлинганини билсак, бу хавотирлар ортиқча эканлигини англаймиз. Озиқ-овқатнинг бошқа турларида ҳам шундай тенденцияни кузатиш мумкин.

Пандемия давридан олдин ҳам жамиятда тўйиб овқатланмаган оилаларни кузатганмиз, деб айтишингиз мумкин. Бунга менинг жавобим: бу муаммо асосан ижтимоий бойликнинг нооқилона тақсимоти ва кескин табақаланишдан келиб чиққан, озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмовчилигидан эмас. Ишонмасангиз, тўй-ҳашамларда исроф бўлиб кетган, дўконларда, ресторан-кафеларда сотилмай қолган тонналаб егулик маҳсулотларининг ташлаб юборилиши ҳақида бир қизиқиб кўринг.

Фикримча, Ўзбекистонда очликдан вафот этиш хатари минимум даражада.

Озиқ-овқат импорти, катта-кичик дўконлар фаолияти ҳукумат томонидан тўхтатилгани йўқ. Аксинча, уларнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланилиши кутиляпти. Марказлардан узоқроқ ҳудудларда озуқа таъминоти бузилаётганини кўрсангиз, ҳокимлик маъмурияти, маҳаллий депутатлар ва агар вазият оғирлашса, Фавқулодда вазият вазирлиги бўлинмаларига қўнғироқ қилинг.

Маҳсулотлар етишмай қолиши уларнинг йўқлигидан эмас, балки қаердадир транспорт билан бўлган муаммо ёки расмиятчилик тўсиқлари туфайли содир бўлаётган бўлиши мумкин.

Оғир ҳолга тушиб қолганлар бўлса, хайрия тарқатиш марказларга мурожаат қилишингиз мумкин. Бу марказлар кам таъминланган оилаларга давлат ва хомийлар ҳисобидан энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришмоқда.

3. Ишларнинг тўхтаб қолиши вақтинчалик эканини ва пандемиядаги муҳим чора эканини тушуниш керак. Меҳнатга лойиқ инсон учун «бекорчи» бўлиб уйда қолиш айб ҳисобланган жамиятда карантин чоралари ғайриоддий кўринади ва онгда безовталик уйғотади.

Америкалик бир тадбиркор: «Шайтонни учратмоқчи бўлсанг, бекор ўтир ва у, албатта, ҳузурингга келади», деган эди.

Албатта, бу гапда жон бор. Тушкунликка тушиб қолиш, асабийлашиш, жанжал кўтариш каби салбий ҳолатлар айнан бекорчиликда кучга киради. Аслида уй шароитида ўзини иҳота қилиб ўтириш мутлақо фаолсизликни англатмайди. Уйда майда таъмирлаш ишлари, китоб ўқиш, фарзандларнинг дарслари билан машғул бўлиш ва интернетдаги илмий-оммабоп маълумотларни ўқиб чиқиш мумкин. Карантин – билим ва маънавий савияни кенгайтириш учун айни фурсат.

Келажак борасидаги хавотирлар

1. Иш йўқотиш хавфи. Пандемия эртами-кечми тўхтайди ва карантин чоралари бутун жаҳон миқёсида олиб ташланади. Шу билан кўпгина иш жойлари қайтадан очилади. Бандлик даражасини мақбул даражада сақлаш давлатнинг асосий сиёсатига айланади.

Бир нарсани яхшилаб англаш лозим: одамларни ночор ва ишсиз ҳолда қолдириш ҳукуматнинг сиёсий манфаатларига тўғри келмайди, у барча имкониятларини ишсизлик билан курашишга қаратишини тахмин қилиш мумкин.

Албатта, хусусий сектордаги баъзи корхоналар вақтинчалик ёки бутунлай ёпилиб қолиши хавфи бор. Бундай ҳолатда дарров вазиятни ўрганиб чиқиб, қонун билан таъминланган ҳуқуқларингиз риоя қилинишига эътибор беринг. Бандлик билан таъминлаш органи рўйхатидан ўтиб олинг ва ўзингиз янги иш қидиришни бошланг.

Албатта, бу ҳамиша маълум уринишларни ва сабр қилиб кутишни талаб қиладиган жараён бўлиб келган. Тушкунлик босими остида турли катта хатарлар ва номаълумликларга тўла муҳожирлик томон қадам ташлаш – энг нотўғри йўл.

Меҳнат муҳожирларимиз энг кўп борадиган Россия, Қозоғистон ва бошқа юртларда вазият пандемиясиз ҳам оғирлашиб бормоқда. Яхшиси, ўзингизнинг ҳунар ва билимларинингизни мамлакат ичида ишга солишни ўйланг, янги мутахассилик берувчи курслар бўлса, уларга ҳам қатнаб кўринг (албатта, пандемиядан сўнг).

Билинг-ки, иш йўғида иш топиш сизнинг асосий вазифангиз бўлсин. Эҳтимол, кичикроқ кўламда бўлса ҳам тадбиркорлик сизнинг йўлингиздир?

Иш топилгунича ўз-ўзини банд қилиб туриш энг яхши чоралардан биридир. Ким билсин, балки сиз иш талаб қилувчи эмас, балки иш билан таъминловчи тадбиркор бўлишга муваффақ бўларсиз. Ўйлайманки, пандемия тугагач, давлатнинг тадбиркорликка эътибори кучайиб, тадбиркорлар учун кенгроқ шароитлар яратишга ҳаракат қилади.

Дарвоқе, карантин даврида пандемиядан сўнг нима ишлар билан шуғулланиш ҳақида ўйлаш, мутахассислик ва малакани бир оз бўлса-да пухтароқ эгаллаб олиш учун яхши фурсат юзага келади. Бу фурсатни қўлдан бой берманг.

2. Нарх-наволар ошиб кетиш тўғрисидаги хавотирлар. Афсуски, Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан инфляция ва гиперинфляция гирдобига шўнғиб кетди. Пул қадрсизланиши бу – алоҳида ва чуқур мавзулардан, лекин мақоламиз доирасида айтишимиз мумкинки, аҳоли тарафидан нарх-наволар ошишини кутишнинг ўзи нарх-наволарнинг ошиб кетишини янада кучайтиради («ўз думини тишлаб олган илон» суратини тасаввур қилинг).

Хўш, бундай шароитда оддий фуқаро қандай йўл тутиши мумкин?
Инфляция пандемиясиз ҳам давом этаверишини яхшилаб англаб, асосий эътиборни меҳнат самарадорлигига қаратиш керак.

Биринчидан, сарфлаётган меҳнатингизни кўпроқ натижа беришини таъминлаш ҳақида ўйлаб, уни амалга оширинг.
Иккинчидан, ишдан кутилаётган натижага меҳнат ва харажатни тежаган ҳолда эришиш ҳақида ўйлаб, уни амалга оширинг.

Демак, натижа ва харажатлар мутаносиблиги ҳақида иш берувчи билан муҳокама қилиб олиш лозим. Шунингдек, шахсий самарадорликни ташкилот самарадорлилигига боғлашни таъминлаш зарур. Ана шу аснода ходим ўз маошини ва самарадорлик мукофотини мунтазам ошириб бориш «харита»сини тузиб олиш мумкин.

Кўпчиликка бу тавсиялар ғалати кўриниши мумкин, сабаби – жамиятимизда ходим ва иш берувчи муносабатлари «бой ила хизматчи» форматида юритилиши одатий бўлиб қолган, аслида эса ишчи иш берувчи билан сотувчи (ишчи) ва харидор (иш берувчи) муносабати ёки шериклар ўртасидаги муносабат шаклига ўтиши керак.

Меҳнат самарадорлигининг ортиши миллий бойлик – ишлаб чиқаришнинг ўсишини таъминлайди, бу эса ўз навбатида инфляция суръатини пасайишига олиб келади. Демак, ишчи бир тарафдан меҳнат самарадорлиги ўсиши эвазига ўз даромадини оширса, бошқа тарафдан, мазкур жараён оммалашган тақдирда, бозор нархлари ўсиши анча секинлашади. Албатта, бунинг учун иш бервувчи тадбиркорлар ва давлатдан ҳам маълум ўзгаришлар кутилади.

Жамғармаларни инфляциянинг салбий оқибатидан сақлаш йўлларидан бири – маблағларни активларда сақлашдир. Бунга маблағни тилла-кумуш буюмлари шаклида ва бир неча валюта саватчаларида сақлаш (доллар, евро, сўм ва бошқалар) киради. Аҳолининг баъзи қатламлари учун чорва ва кўчмас мулк ҳам ечим бўлиши мумкин (албатта, бир қатор шароитларни инобатга олган ҳолда).

Жамғарма маблағнинг бир қисмини қандай соҳаларга тикиш ҳақида мендан кўп сўрайдилар. Бу оддий савол эмас ва сўровчининг қанчалик таваккал қила олишга қурби етиши, мутахассис сифатида қайси соҳада «суяги қотгани» (номаълум соҳага тикиш хатарли) ва бошқа бир неча омиллар кўзда тутилиши керак. Лекин мазкур мақола доирасида ушбу универсал тавсияни беришим мумкин: ўзингиз, яқинларингиз, жумладан, фарзанларингиз билимини оширишга жиддий эътибор қаратиш лозим, билим – келажакда фойда келтириш эҳтимоли юқори бўлган инвестициядир.

3. Иқтисодий танглик сабабли тўй-ҳашам мажбуриятларини бажариш оғирлашиб кетиши ўзбек учун энг даҳшатли ва энг аянчли ваҳималардан биридир.

Катта ҳажмда сарполар тўплаш, кўп сонли меҳмон чақирилган никоҳ тўйи, суннат тўйи, бешик тўйи, умра-ҳаждан кейинги меҳмондорчилик, марҳум хотираси маросим ошлари – исроф эканинини сидқи дилдан англамоқ лозим.

Бугунги кунда барча маросимларни энг яқин қариндошлар даврасида тежамкорлик билан ўтказиш ҳар қандай оқил одам учун устувор қараш бўлиши ва бу қарашни қатъият билан ҳимоя қилиш лозим.

Қимматбаҳо ва катта ҳажмдаги сарполар ҳеч қачон осойишта оила бадали бўлмаган. Аксинча, улар анча-мунча одамни ночорликка солиб қўйган. Буни тушунмайдиган қудалар билан алоқа ўрнатиш шартмикан? Наҳотки, аҳолиси 33 миллионлик одамлардан иборат мамлакат ичида бошқа муносиб оила топилмаса?

Ёшлар ҳам янги ҳаётга қадам қўяётган экан, ўзлари ва яқинларини қарздорликка маҳкум қилмайдиган йўлни танлашлари ва бу йўлда қатъий туришлари лозим. Хозирги пайт ва бундай кейинги давр исрофгарчилик даври эмас. Албатта, «доно» қўшни, қариндош ва ҳатто оила аъзолари тарафидан босим бўлиши тайин. Бироқ, буларнинг барчаси арзимас жазавалардир ва булар янги ҳаётни нотўғри қадамлар билан бошлашга сабабчи бўлмаслиги керак.

Жамоатчиликнинг қолоқ ва зараркуранда одатларига «йўқ!» дея олиш маданиятини оммавийлаштириш керак.

Бу мамлакатнинг моддий ва маънавий соғломлашуви учун энг кучли омиллардан бири бўлишига ишонаман. Пандемия ва унинг оқибатида келиб чиқадиган баъзи иқтисодий қийинчиликлар мана шу иллатни бартараф қилиш учун қулай шароит яратади, деб ўйлайман. Бўлмаса бу қийинчиликлар жуда кўп одамларни катта муаммоларга ғарқ қилади!

Ижтимоий ҳимоя органлари, маҳалла фаоллари, депутатлар, журналистлар ва блогерлар шу муаммо туфайли босим остида қолганларга елкадош бўлиб, қўлидан келганча ёрдам беришларини тавсия қиламан.

Албатта, юқоридаги мулоҳазалар ва тавсиялар умумийлаштириб берилган, кўпгина хос вазиятлар ва кўплаб майда омиллар инобатдан ташқарида қолган. Шу билан бирга, энг асосий хулоса – барча вазиятлар, қатламлар, оилалар ва шахслар учун таалуқли деб ўйлайман:

Вазият – мураккаб. Ҳеч ким бунга тайёр эмас эди. Лекин ундан соғ-омон чиқиб кетиш йўллари бор. Пандемиядан сўнг келиши мумкин бўлган қийинчиликларни ҳам босиб ўтса бўлади. Муҳими – ортиқча ваҳимага берилмаслик, теран фикр асосида қатъий қарорлар чиқариш ва уларни амалга оширишдир.

Қатъият ва босиқликни сақланг. Бепарво бўлманг. Уйда қолинг.

Жамшид Муслимов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пандемия: хавотирларни қандай енгиш мумкин?