
Табиий офатлар – инсоният ҳаётига доимий раҳна солиб турадиган воқелик, шунинг учун давлатлар бу каби фавқулодда ҳолатларга тайёр туришга ҳаракат қилади. Юқумли касалликлар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам шулар жумласидан.
Карантин – инфекция тарқалишини чеклашда энг самарали чоралардан бири деб топилган, аммо унинг самарадорлиги давлат ва жамиятнинг самарали ҳамкорлигига боғлиқ.
Давлат фавқулодда ҳолатларда умумжамият иродасини бажаргани ва манфаатини кўзлагани ҳолда зарурий меъёрларни ўрнатиши, ҳатто одамлардан уйларидан чиқмасликни талаб қилиши, қонунни бузганларни жиноий жавобгарликка тортиши мумкин. Буни оддийгина давлат ҳокимиятининг шахсга нисбатан қонунийлигини шарҳлаб берадиган «ижтимоий шартнома» назарияси билан тушунтириш мумкин.
Халқ ва ҳокимият ўртасидаги сиёсий фалсафа Томас Ҳобб, Жон Локк, Жан-Жак Руссо, Дэвид Гот каби сиёсий файласуфлар давридан бошлаб бизнинг давргача юксалиб келди. Бу файласуфларнинг асарлари негизида турган сиёсий фалсафа шуки – одамлар ўз хавфсизлиги, жамиятда тартиб ўрнатиш ва бир қатор хизматлар жорий қилиш эвазига ўзларининг баъзи эркинликларини давлат ҳокимиятига таслим қиладилар.
Демак, давлат ҳокимияти жамоат манфаатини кўзлагани ҳолда карантин каби чекловларни жорий қилиши мумкин ва шу давлат ҳудудида бўлган ҳар қандай инсон унга амал қилиши шарт.
Худди шу фалсафа ҳукуматга карантин каби ҳолатлар юзага келганда фуқароларнинг хавфсизлиги билан бир қаторда уларни моддий таъмин этиш мажбуриятини ҳам юклайди. Зотан карантин жорий қилаётган давлат аҳолини нафақат тиббий, балки иқтисодий қўллаб қувватлаш чораларини ҳам кўриб чиқиши лозим.
«Давлат одамларга иқтисодий ёрдам бериши керакми?» деган савол бугун тез-тез янграмоқда. Давлатлар қонунларида «карантин даврида аҳолининг асосий эҳтиёжлари қондирилиши керак», деган жумлани топиш қийин. Aммо коронавирус пандемияси қонунларда керакли ўзгартишлар киритиш лозимлигини муҳим қилиб қуйиши мумкин, деган фикр қонуншунослар хаёлида айланиб юрган бўлса ажабмас.
Баъзи давлатлар тутаётган йўлга эътибор берсак, халқнинг иқтисодий эҳтиёжини таъминлаш карантин ҳолатида давлат сиёсатининг муҳим қисми деб қабул қилинаётганини кузатиш мумкин.
Масалан, Сингапурда 21 ёшдан катта ҳар бир фуқарога 600 сингапур доллари ($417) миқдорида маблағ берилмоқда. Японияда даромади кескин камайган фуқароларга 300 минг иен (2750 доллар)дан бериладиган бўлди. АҚШда эса катта ёшли фуқароларига 1200 доллардан, болаларга 500 доллардан ажратилади.
«Карантин даврида халққа моддий ёрдам бериш қонунчиликка киритилмаган, демак, давлат одамларга ёрдам бериши шарт эмас», дейиш – хато. Қатор мантиқий асослар буни тасдиқлайди. Энг асосийси, давлатни халқ таъсис этган.
Мисол учун, давлат саломатлиги туфайли ишлай олмайдиган шахсларга ногиронлик пенсиялари тўлаши ҳаммага маълум. Бу – шу шахсларнинг меҳнатга лаёқатли эмаслиги давлат томонидан эътироф этилгани ва давлат таминоти зарур деб топилгани белгисидир. Ҳомиладорлик ва бола парвариши таътили билан боғлиқ ҳолатларда ҳам кишининг ишлай олмаслиги сабаби асосли экани тан олинади ва иқтисодий кўмак кўрсатилади.
Меҳнатга доир қонунларга қарасак ҳам шу ҳол – мажбуран ишдан бўшатилган ишчиларга белгиланган муддатда ойлик иш ҳақининг маълум бир қисми берилади. Бироқ Ўзбекистонда меҳнат қонунларига асосланиб ёрдам жорий этиш осон эмас, чунки норасмий секторда иш билан банд аҳоли улуши катта.
Бу ва бошқа меъёрларни ҳисобга олган ҳолда, аҳолининг меҳнатга лаёқатли, аммо карантин сабаб даромадидан айрилган қисмига ҳам меҳнатга лаёқатсиз қатламларга тўланадиган миқдорда моддий ёрдам бериш мантиқан тўғри бўлади.
Бу таъминот озиқ-овқат кўринишида эмас, айнан пул шаклида бўлиши муҳим. Чунки ҳар бир оилада ўзига хос эҳтиёжлар бўлади ва бу эҳтиёжлар фақат озиқ-овқатдангина иборат бўлмайди.
Моддий кўмак кўрсатиш орқали карантин жараёнини бошқариш енгиллашади. Бундан ташқари, саросима ва у билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олди олинади.
Яна бир муҳим жиҳат – аҳолига тарқатиладиган маблағ тезда муомалага кириб, иқтисодиётнинг тезроқ оёққа туришида муҳим фактор бўлади. Бу кўплаб давлатлар амалиётида кузатилган.
Дилсора Комил,
PhD номзод, Британия Колумбияси университети (Канада). «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар