
Бугун АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
— Қайси ташкилотлар карантинга ёпилди ва нима учун?
— Ҳозирги кунда 7-сонли туғуруқ мажмуаси, Республика перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, 5-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, «Шоҳмед» хусусий клиникаси карантинга олинган. Булар — беморлар орасида коронавирус аниқлангани сабабли карантинга ёпилган.
— Ўзбекистонда антитаначаларга таҳлил ўтказиляптими?
— Дарҳақиқат, бугунги кунда кўпчиликни коронавирусга чалинмадимми, деган савол қизиқтиради. Антитаначаларга таҳлил орқали ким коронавирус билан алоҳида аломатларсиз касалланганини, уларнинг сонини аниқлаш мумкин. Бу эса қўзғатувчи вируснинг қандай ҳаракатланишини тушунишга ёрдам беради.
Бироқ ташхиснинг олтин стандарти — бу полимераз занжирли реакция усули. Тест аниқлигининг ўзига хослиги қарийб 100%, у ҳатто инкубация даврида ҳам энг яхши ташхис воситаси ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатда лаборатория ташхиси асосан ПЗР усулда амалга оширилмоқда.
— Ўзбекистонда қачон карантин тугатилади?
— Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, ёз келиши билан коронавирус эпидемияси камаяди. Айрим олимларнинг фикрича, янги инфекция билан келгусида дунё аҳолисининг тахминан 70 фоизи касалланади. Натижада инфекцияга қарши иммунитет ҳосил бўлади ва пандемия сезиларли секинлашади ёки умуман тугайди. Фақатгина қатъий чоралар касаллик авжини бартараф этишга ёрдам беради, шунинг учун ўз-ўзини изоляциялаш режимига риоя қилиш зарур.
— Урганч шаҳридаги карантин ҳудудида тушунарсиз сабабларга кўра соғлом одамлар ҳам карантинга олинган. Карантин ҳудудида яшаш шароити ўта ёмон. Ҳар сафар шифокорлар навбатчилиги алмашганда улар ўзларининг янгича тартиб-қоидаларини ўрнатишади. Овқатлари яхши эмас. Ювиниш учун шароит йўқ, 5 ҳафтада бир марта чўмилиш имкони бўлди. Кимдир нимадир талаб қилса, жазоланиши билан таҳдид қилишади. Уларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги аниқ бўлди. Карантиндагиларни шунчаки ушлаб туришибди. Штабда ҳеч қандай маълумот берилмаяпти. Ҳеч қандай дори воситаси йўқ ва ҳеч қандай даволаш ишлари олиб борилмаяпти.
— Тошкент Тиббиёт академиясининг Урганч филиалига жорий йилнинг 5 апрел куни Шовот тумани ҳарбий қисмидан бемор билан мулоқотда бўлган 52 киши кузатиш учун кўчирилди. Улар бемор эмас ва улар учун махсус даволаш муолажалари шарт эмас. Барча қаватларда ювиниш хоналари мавжуд. 3 маҳал овқат берилади. Меню витамин ва минераларга бой таомлар асосида тузилади. Озиқалар сифати санитария-эпидемиолик хизмати томонидан назорат қилинади.
— Уйда қоладиган аҳолидан кимга кўпроқ коронавирус юқиш хавфи бор?
— Биринчи ўринда — дорихоналарда ишлайдиганлар. Асосий хавф шундаки, дорихонага ҳар хил тоифадаги, соғлигида муаммо бор одамлар ташриф буюради.
Иккинчи ўринда — дўконлар. Дўконларга борганда ўзингизни хавфдан ҳимоялаш учун албатта ниқоб тақишингиз, аравалар тутқичига антисептик воситалар билан ишлов бериш, ўралган маҳсулотларни олиш, имкон қадар қадоқланган пакетларга камроқ қўл теккизиш зарур.
Учинчи ўринда — автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчалари. Ёқилғи қуядиган пистолетни кунига 10 дан ортиқ одам ушлайди.
Тўртинчи ўринда — итларни сайр қилдириш жойлари. Итларни олиб чиқишда одам тез-тез подъезд ва эшик тутқичларини ушлайди. Бундан ташқари, итлар вирусни оёқларида уйга ташиши мумкин.
Бешинчи ўринда — кўчага чиқинди ташлашга чиқиш. Бунда хавф нисбатан пастроқ бўлса-да, айрим вақт чангда вирус заррачалари сақланиб қолган бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар