18:47 / 24.04.2020
2 163

Коронавирус: “Рақамларнинг ўзгариши ўзимизга боғлиқ”

Коронавирус: “Рақамларнинг ўзгариши ўзимизга боғлиқ”
Тождор вирус ўзи билан бирга инсон юрагига ваҳима вирусини ҳам тарқатаётгани сир эмас. Кундан кунга беморлар сонининг ортиб бораётгани кишини сергаклантиради. Бундай пайтда ҳар биримиз шахсий масъулият билан вирусга қарши чора-тадбирларга ҳисса қўшишимиз, белгиланган тартиб-қоидаларга жиддий эътибор беришимиз лозим. Зеро, бир кишининг бефарқлиги кўплаб инсонлар тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Мухбиримиз юртимиздаги кексаларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.

Олимхожи ЙЎЛДОШЕВ, меҳнат фахрийси:
— Нега илгариги замон одамлари нисбатан узоқ ва соғлом яшашган? Сабаби ҳаво тоза, одамлар эса кўп жисмоний ҳаракатда бўлган, озодаликка, тартибли ишлашга қатъий риоя қилган, кўча овқатини емаган, фаст-фуд деган нарсалар-ку умуман бўлмаган илгари. Фикримча, ҳар қандай касаллик ташқи муҳит оқибатида эмас, инсоннинг ўз соғлиғига ўзи бефарқлигидан келиб чиқади.

Мен олти ёшимда от боқиш билан меҳнатни ўрганганман. Мана бугун 82 ёшдаман ва умр бўйи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишладим. Ҳозир нафақадаман, аммо уйда ҳам тиним билмайман: ҳовлимизга сабзавотми, мевали дарахтми экиб, невараларимга нимадир етиштиришга интиламан. Бугун бутун дунёга тождор вирус хавф солиб, озодаликка қатъий амал қилишга, кўчадан маҳсулот олишда эҳтиёткор бўлишга даъват этилаётган бир пайтда бу жуда кўмак беряпти.

Коронавирус нафақат халқимиз, балки бутун дунё халқларига Тангри томонидан берилган синов. У биз унутаёзган соғлом турмуш тарзини ёдимизга солди, ўзимизга, атрофимизга эътиборли ва эҳтиёткор бўлишни ўргатди. У ўргатган қоидаларга карантиндагина эмас, ундан кейин ҳам амал қилсак, келгусида бу каби таҳликали ҳолатлар такрорланмайди. Аҳамият берган бўлсангиз, юртимизда вирус илк бор аниқланганида уни юқтириб олган бемор битта эди, икки ҳафта ичида улар 133 нафарга етди. Бу рақамларнинг ўзгариши ўзимизга боғлиқ. Инсон нафақат ўзининг, балки ейдиган, ичадиган, киядиган нарсаларининг тозалигига эътиборли бўлса унга ҳеч қандай касаллик юқмайди. Шундай қилса беморларнинг эмас, соғайганларнинг сафи кенгайишига кўмак берган бўлади.

Салима САЙФУДДИНОВА, меҳнат фахрийси:
— Ўзбекистон кўп миллатли халқ. Мен ҳам узоқ йиллардан буён Андижонда яшайман. Ўзбек халқининг нақадар инсонпарварлигига мана шундай қийин паллаларда яна бир карра амин бўлдим.

Тўғрисини айтсам, кўринмас душман ҳаммани ваҳимага солган, кўчага чиқиш таъқиқланган бир пайтда мен ҳам бироз хавотирга тушдим. Сабаби фарзандларим Россияда, турмуш ўртоғим вафот этган, камига анчадан буён бир оёғим яхши ишламай қолган эди. Аммо Қизил ярим ой жамиятидан менга қаровчи юборилганида кўнглим таскин топди, хавотирларим тарқади. Бугун қаровчидан ташқари маҳалла фаоллари ҳам ҳолимдан хабар олиб туришибди.

Бугунги синовли кунда инсон нафақат ўзига, балки атрофидагиларга ҳам эътиборли бўлишга мажбур. Сабаби вирус кўринмас ва сезилмас нарса. У қачон кимнинг ичига кириб олганини билмаймиз. Билганимизда эса кеч бўлиши мумкин. Шу сабаб одам ўзини асраса бошқаларни ҳам асраган бўлади. Шундай пайтда кўпроқ суюқлик ичишни, бадантарбияга янада кўпроқ вақт сарфлашни тавсия этган бўлар эдим. Қолаверса, қирғичдан ўтказилган турп ва асал аралашмаси ҳам иммунитетни оширади. Аслида мева ва сабзавотларнинг ҳаммаси ҳам тоза ҳолида истеъмол қилинса, саломатлигимизга кони фойда.

Беморлар орасида соғайганлар ҳақида эшитиб хурсанд бўлдим. Келгусида бошқа юртдошларимиз ҳам шифо топиб, бу вирус балоси батамом бартараф этилиши учун сабр қилишимиз, якдил бўлишмиз, карантин қоидаларига дахлдорлик ҳисси билан риоя қилишимиз керак. Ана шунда мақсадга эришамиз.

Юлдуз ЎРМОНОВА ёзиб олди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус: “Рақамларнинг ўзгариши ўзимизга боғлиқ”