
Икки соҳа ҳам жамият учун бирдек муҳим: бирини «тинчлик, тартиб-осойишталик ҳимоясида» десак, иккинчисини ҳам... худди шундай таърифласак бўлади. Нега, дейсизми?
Ички ишлар ходими – полициячи (дарвоқе, биз қачон деярли ҳаммада истеъмолда бўлган «полиция» сўзини амалга киритамиз?) кўпроқ воқеликда яққол юзага келиб турган, кўзга кўриниб қолган кўнгилсиз, ножўя ҳолатларга барҳам беришга жамият томонидан сафарбар этилган киши.
Журналист-чи? Биз қандай қилиб журналистни «тинчлик, тартиб-осойишталик ҳимоясида» дея оламиз?
Гап шундаки, журналист кўзга кўринган муаммо ва ютуқларни ёритишдан ташқари, давлат ва жамият ичида... яшириниб ётган муаммоларни ҳам юзага чиқаради. Бу эса – оғир, нозик, тоғдек матонат ва жасоратни талаб қилувчи жабҳа.
Шу сабаб қайси давлатда ҳақиқий журналистика бўлмаса, ўша давлатда муаммолар тоғдан кўчган қор юмалоғидек кўпайиб бораверади ва бир кун келиб, қаерга қараманг, иллат-у муаммоларни кўрадиган бўлиб қоласиз.
Ҳақиқий журналистика ёрдамида жамият ғафлатда қолиб, бориб-бориб ўзининг кўринмас муаммоларига мағлуб бўлишдек кўнгилсизликдан ўзини асраб қолади.
Яширин муаммолар ўз номи билан яширин муаммолар – муаммо мавжудлигини сезиб турасиз, аммо уни кўрмайсиз. Қаердадир кимдир шу тобда мудҳиш бир жиноятни ёхуд жиноятга тенглаштирса бўладиган хатони қилиб турибди, унинг ўша қилмиши оқибатида эртага ёки бир йилдан кейин кўплаб одамларнинг бошига кулфат тушиши мумкин, аммо бу ҳақда сиз, нафақат сиз, балки бутун жамият бехабар.
Кимдир мислсиз миқдорда халқ мулкини кўздан панада ўмаряпти, бунинг оқибатида жамият мислсиз зарар кўряпти, аммо жамият буни билмаяпти.
Сўзни қисқа қиладиган бўлсак, айнан шундай: айтиш мумкинки, катта балолардан жамиятни муҳофаза этиш вазифасини биринчи сафда туриб эркин журналистика бажаради. Ва бунда журналист ўз хавфсизлигини хатарга қўяди. Нега, дейсизми?
Чунки кўплаб ҳолатларда у турли қиёфага кирган, баъзида бинойидек мансабларда ўтирган... жиноятчиларнинг кирдикорларини жамиятга танитади. Жиноятчилар эса – ўз номи билан, жиноятчилар...
Демак, бу икки касбнинг мақсад-маслаги бир – жамиятни хатарлардан сақлаш.
Айнан шу ҳақиқатни англаш ўзаро учрашганда юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизликларни олдини олади. Бир вазифани бажараётган ҳамкорлар ҳамкор эканини яхши билиши керак, ахир!
Акс ҳолда, шунча муаммо етмаётганидек, яна бир ортиқча кўнгилсизликка, зарарга хизмат қилувчи нарсага – бу икки муҳим соҳа вакиллари онгсиз равишда бир-бирларини ёмон кўришига дучор бўламиз. Бизга – жамиятга бу нарса керак эмас.
Тушунамиз, эркин журналистика биз учун ҳали янги нарса – ўрганмаганмиз. Вазифамизни бажариб турганимизда оғзимизга қўқисдан микрофон тутишларини ўзимиз билмаган ҳолда шахсимизга нисбатан таҳдид деб ҳисоблашга мойилмиз. Аммо эркин журналистиканинг моҳиятини, жамиятга келтираётган ва келажакда келтирадиган фойдаларини англасак, қарашларимиз ва бунинг кетидан кўникмаларимиз ҳам ўзгаради.
Ахир, ҳеч қайсимиз, ҳеч бир соҳа вакили бу юрт эртанги кунда муаммолар гирдобида қолиб кетишини, фарзандларимиз ҳуқуқлар доимий поймол бўладиган жойга айланишини истамаймиз-ку.
Ҳеч биримиз жамиятимизни ички ишлар идораларисиз тасаввур этмаганимиздек, эркин журналистикасиз тасаввур эта олмаслик савиясига кўтарилишимиз лозим.
Аммо...
Аммо бу гаплар ўз касбини виждонан бажарувчилар, касбини суиистеъмол қилмайдиганлар ҳақида эди. Айнан улар қарашларини ўзгартира оладилар. Сиз қайси сафдасиз?
Муҳаммад Шакур
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар