Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати маълумот берди.
Маълум қилинишича, 26-сонли йўналишда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси Ш.О. йўлнинг намлиги ва сув сепилганини ҳисобга олмаган ҳамда оралиқ масофани сақламаган. Натижада автобус олдинда кетиб бораётган Cobalt автомобилининг орқа қисмига бориб урилган.
Тўқнашув таъсирида Cobalt олдинда ҳаракатланаётган BYD машинасига ҳам шикаст етказган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, бироқ енгил автомобиллар ва автобуснинг кузов қисмига техник зарар етган. Ҳозирда воқеа юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан тегишли тартибда расмий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Янгиҳаёт туманида автобус ҳайдовчиси 2007 йилда туғилган пиёдани уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди ва пиёданинг аҳволи яхши экани маълум қилинган.
Шунингдек, 18 сентябрь куни соат 18:50 ларда 62-сонли йўналишдаги автобус ҳайдовчиси Яккасарой туманидаги КХАЙ кўчасида ҳаракатни ажратувчи бўлакка бурилиб, йўлнинг белгиланмаган қисми орқали ўтаётган пиёдани уриб юборган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!