Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги йўл инфратузилмасини янгилаш жараёни билан танишар экан, шаҳар марказида жорий этилган BRT тизими — автобуслар учун алоҳида йўлаклар ҳақида фикр билдирди. Давлат раҳбари бу тизим орқали пойтахтда тирбандликни кескин камайтириш ва аҳоли учун қулай, арзон ҳамда тезкор жамоат транспортини яратиш мумкинлигини таъкидлади.
«Агар шундай алоҳида йўллар кўпайтирилса, одамлар иш кунлари шахсий автомобилида юришни тўхтатади. Автобус тез, хавфсиз ва арзон бўлади. Машинасини фақат дам олиш кунлари, фарзандларини саёҳатга олиб чиқиш учун ишлатади», — деди Президент Шота Руставели кўчасида ташкил этилган янги тизимни кўздан кечириш вақтида.
Давлат раҳбарига кўра, мазкур йўл бошқа кўчаларда амалга ошириладиган лойиҳалар учун ҳам намуна бўлади. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Президентга янги тизим ҳақида батафсил ахборот берди. Унинг сўзларига кўра, йўлнинг икки томонида вело ва пиёдалар учун алоҳида ҳаракат йўлаклари яратилган, 14 мингдан ортиқ дарахт экилган ва бутун дренаж тизими янгиланган.
«Автобус фақат йўлнинг ўртасидан ҳаракатланади. Натижада жамоат транспорти тезлиги икки баробар ошди», — деди шаҳар ҳокими.
“Ўзбекистон 24” телеканалидаги таҳлилларга кўра, BRT тизими дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида ўзини оқлаган модел бўлиб, у миллионлаб одамларга тез ва арзон йўловчи ташиш имконини берган. Богота, Истанбул, Пекин ва Мехико каби мегаполисларда айнан шу тизим туфайли тирбандлик анча камайган.
Тошкентдаги илк BRT йўлаги Шота Руставели кўчасининг Мирободдан Чоштепагача бўлган 7 километр қисмида жорий этилди. 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 таси автомобиллар учун, 2 таси автобуслар учун, яна 2 йўлак эса тўхташ учун мўлжалланган.
19,2 миллион долларлик лойиҳа доирасида 21 та янги автобус бекати, 463 та “ақлли” светофор ва интеллектуал транспорт тизими ўрнатилди.
Яқин йилларда яна 10 та йўналишда — умумий узунлиги 51 километр бўлган автобус йўллари қурилади. Президентга тақдим этилган лойиҳага кўра, 2030 йилгача BRT тизими Шаҳрисабз, Амир Темур, Янги Сергели, Махтумқули ва Нурафшон кўчаларида ҳам йўлга қўйилади.
Бу мақсад учун 126 миллион доллар ажратиш режалаштирилган. Тизим тўлиқ ишга тушгач, Тошкентда автобуслар тезлиги 18 км/соатдан 23 км/соатгача ошиши, қатнов интервали эса 20 дақиқадан 8–10 дақиқагача қисқариши кутилмоқда.
Шу тариқа, пойтахтда жамоат транспортининг замонавий ва қулай шакли — BRT тизими орқали ҳаракат маданияти ва ҳаёт сифати янги босқичга кўтарилиши кутилаяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!